Нуқтаи назар
Қишлоқдан синфдошим қўнғироқ қилди. У ёқ, бу ёқдан озроқ суҳбатлашдик. Турли мавзулардаги гурунглардан сўнг иддаога ўтди:
– Жўра, бир қўшиқ чиқибди, маза қилиб эшитдим. Шуни ким айтганини топиб бер. Сенга ҳам «Telegram»дан жўнатиб қўйдим.
– Майли…
Хайр-хўшдан сўнг ичимга бир ёруғлик кирди. Умри тирикчилик кўйида, қир-адирларда чорвасига андармон ўтаётган дўстим қўшиққа мафтун бўлганидан севиндим. Ўзимга ўзим айтаман: мана, санъатнинг кучи!
Қуролим фақат сўз бўлгани учунми, қўшиқ тинглаётганда унинг шеъри матни, мазмунига жиддий эътибор қиламан. Синфдошимни мафтун этган ашуланинг мусиқаси ҳам диққатимни тортди. Турли халқлар санъати оҳанги уйғунлаштирилган, ритм ўзига тортади. Бироқ қўшиқ бошлангач, ҳафсалам пир бўлди. Сўзлари жуда ғализ ва маъносиз эди.
Мана ўша матн:
Тоғлар узоқ турар,
Ўзини баланд демас.
Дарёлар узоқ оқар,
Қаерга етишини айтмас.
Фақат инсон қалби
Сўрайверар яна ва яна
Нима топиш учун…
У ёғига сабрим етмади. Матнни шеър қолипига солишни-ку айтманг, мазмун қидирсак ҳам калаванинг учини топиш мушкул.
Хўш, бу қўшиқдан муддао нима?
Ахборот асрида яшаяпмиз. Ижтимоий тармоқларда миллионлаб кўришларга эришган бу тарона аллақачон ёшлар орасида оммалашиб кетибди. Шаҳардаги кўп қаватли уйлардан тортиб, пурвиқор тоғларгача акс садо бермоқда экан.
Қойил, кимдир бир неча дақиқа ичида «янги қўшиқ» яратиб қўяди. Овоз, мусиқа, матн тайёр. Ҳатто айримларида ижрочи саси машҳур хонандаларнинг овозига ҳам жуда ўхшайди. Технологиянинг имкониятига тасанно. Ҳақиқий санъат ҳайратда…
Бугун сунъий интеллект шеър тўқияпти, куй басталаяпти, қўшиқ ёзаяпти. Шу жараёнда у муҳаббат, соғинч, айрилиқ, она меҳри, Ватан туйғусини инсон каби қалбдан ўтказа оладими, дардни ҳис қиладими? Гап ана шунда.
Халқимизда қўшиқчилик санъати пайдо бўлганидан буён у руҳий тарбия воситаси бўлиб келган. Келинг, олис ўтмишга сайр этмайлик. Кечагина биз билан бир ҳаводан нафас олган устоз ҳофизлар Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Ўлмас Саиджоновнинг ашулаларини бир эслайлик. Улардаги оҳанг, дард, мазмун-моҳият, қўшиқнинг ўзига хос ғояси халқимизнинг кечинмалари, ўй-хаёллари, орзу-умидлари, бугуни, ўтмиши ва келажаги билан уйғун эди. Шунинг учун улар умрбоқий туюлаверади.
Табиийки, сунъий интеллект буларни ҳис қилмайди. У фақат ҳисоблайди. Берилган буйруққа кўра, у минглаб қўшиқларни таҳлил қилиб, ўхшаш оҳанг ва матн яратади. Ижод азобини билмайди, тунда ухламай шеър ёзган шоирнинг ҳисларини сезмайди, сўз моҳиятида яширинган руҳий ҳолатга тушмайди. Саҳнага чиқишдан олдинги ҳаяжон завқини туймайди. Шунинг учун сунъий интеллект яратган қўшиқларда техника бор, аммо руҳ етарли эмас.
Бир жозибадор санъат намунасини яратишнинг ўзи бўлмайди. Шоир шеър ёзади, бастакор куй басталайди, хонанда машқ қилади. Бунинг ортида меҳнат бор. Ҳартугул мен шундай тасаввур қиламан. Ҳозир эса баъзи айримлар икки-учта тугмани босиб «ижодкор» бўлиб қоляпти.
Яна бир хавотирли жиҳат: ёшларнинг мусиқий диди ўзгаряпти. Улар учун қўшиқнинг маъноси эмас, ритми муҳим бўлиб қоляпти. Матн мазмуни аҳамиятсиз, муҳими, трендга чиқса бўлди.
Шунга монанд, сунъий интеллект энг кўп тингланадиган услубларни такрорлайди. Натижада бир-бирига ўхшаш, мазмунсиз, «енгил» қўшиқлар кўпаяпти. Энг ёмони – ашулаларда миллий оҳанг ва миллий руҳ аста-секин йўқолиб бориши эҳтимоли бор. Чунки алгоритм миллий қадриятни ҳисобга олмайди.
Албатта, технологиялар ривожига қарши чиқиб бўлмайди. Сунъий интеллектни ҳам инкор қилиш тўғри эмас. У студия ишларини енгиллаштириши, янги имкониятлар очиши мумкин, лекин ҳақиқий ижодкорнинг ўрнини эгаллаб олмаслиги керак. Санъат – бу қалбнинг маҳсулоти. Қалбсиз санъат эса шунчаки товуш бўлиб қолади.
Масалан, Алишер Навоий асарлари нега асрлар давомида яшаб келяпти? Чунки уларда инсоннинг руҳий эврилишлари, қалбнинг боқий дардлари ва халқимизнинг бой ҳикматлари мужассам. Сунъий интеллект эса ҳозирча фақат инсон яратган нарсаларни қориштириб беряпти, холос. Машҳур хонандалар овозидан рухсатсиз фойдаланиш – яна бир масала.
Бугун ижтимоий тармоқларда айланаётган айрим ясама қўшиқларда «хонанда» овози машҳур санъаткорларникига жуда ўхшаб кетади. Бу эса ахлоқий ва ҳуқуқий саволларни келтириб чиқаряпти. Ахир таниқли овозлар ҳам кимнингдир ижодий мулки-ку. Кимдир йиллар давомида ўз услубини яратади, овозини халққа танитади. Кейин эса аллаким машҳурлик учун сунъий интеллект ёрдамида ундан фойдаланиб контент тайёрлайди. Бу келажакда катта баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.
Муаммо сунъий интеллектда эмас. Муаммо унинг имкониятларидан қандай фойдаланишда. Агар технология ижодкор ижодини сайқалласа – яхши. Аксинча, у санъатни енгил маҳсулотга айлантириб қўйса, келажак авлод учун жиддий маънавий инқироз хавфи туғилиши мумкин.
Санъат инсон дидини шакллантиради, руҳни чиниқтиради, авлодни миллий анъана ва қадриятларга содиқ қилиб тарбиялайди. Тасаввур қилинг, ўзи енгил-елпи қўшиқлар кўпайиб бораётган бир пайтда миллий қўшиқчилик санъатимизни баттар инқирозга олиб келувчи омилларга кўз юмсак, кейин нима бўлади? Ёшларнинг диди, кайфияти, ҳатто фикрлаш тарзи қай аҳволга келади? Уларнинг юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида ўзгариб қолмайдими?!
Кун бўйи хаёлда шу каби саволлар айланди, таскин бера оладиган жавоб тополмадим. Шу фикрлар тафаккуримни чўлғаб, вақт алламаҳал бўлганини ҳам билмай қолибман. Эртаси тонгда дўстимга қўнғироқ қилдим. Бундай қўшиқларни эшитмагани маъқуллигини, унда мазмун йўқлигини айтдим. У эса бироз сукут сақлаб турди-да, «Бир менми, ҳамма эшитяптику», деди.
Кўчага чиқдим, таксида ҳам шу қўшиқ. Остона ҳатлаб уйга кирарканман, ўша оҳанг жўрлигида айтилаётган қоришиқ сўзлар яна қулоғимга чалинди.
… Шамол бош даладан ўтади
Ҳеч нарса қолдирмайди.
Ортига қайрилиб қарамайди,
Булутлар осмон кезади.
Нима қилишни билмай турдим, «тарона»га жўр бўлаётган фарзандларимга тикланиб, беихтиёр жавонда турган китоблардан бирини олдим.
– Яхшиси, китоб ўқий қол…
Баҳодир ҲАЛИМОВ