Зўр ёзувчининг суҳбати ҳам тузук бўлади: асарларга кўчмаган, кўчиб улгурмаган (ва эҳтимол ҳеч қачон қоғозга тушмайдиган) фикрлар ўзаро гурунг асносида айтилади, муҳокама қилинади. Шу боис бундай адибларларнинг асарларини ўқиш баробарида суҳбатларига қулоқ тутиш ҳам зарар қилмайди – айниқса ижод аҳлига.
Абдуқаюм Йўлдошев – ўзбекнинг катта адибларидан. “Сунбуланинг илк шанбаси”, “Тимсоҳнинг кўз ёшлари”, “Парвоз”, “Бир тун ва бир умр”, “Алвидо, гўзаллик”, “Банкир”, “Катта ўйин”, “Пуанкаре”, “Касофат рақамлар” сингари асарлари билан нималарга қодирлигини исботлаб қўйган. “Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Нигоҳ”, “Қадамлар” бадиий фильмлари, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи. “Пуанкаре” ҳикояси асосида “Ҳаёт формуласи” номли спектакль саҳналаштирилган, бадиий фильм суратга олинган.
Дунё адабиётининг сара намуналари, Рей Бредбери, Агата Кристи, Ф.Браун, Э.Поттер ҳикояларини, Евгений Березиковнинг “Буюк Темур” романини (Ҳожиакбар Шайхов билан ҳамкорликда) ўзбек тилига ўгирган.
Қолаверса, у шоир ҳам. Оҳунжон Мадалилиев айтган “Бир куни келадир, шаҳзодангни кут”, ҳофиз Абдулла Убайдуллаев куйга солган “Ҳеч бир қиз сенга ўхшамас”, Озодбек Назарбеков айтган “У гўзал бошқа” қўшиқлари шеърини Абдуқаюм Йўлдошев ёзган.
Бугун шу адибнинг суҳбатларидан айрим лавҳалар келтиряпмизки, ижод, адабиёт, ҳаёт ва инсон ҳақидаги қарашларингиз янада бойишига ишонамиз.
Сараланган сатрлар
* * *
Биласиз, Хемингуей ёш ёзувчиларга газетада ишлашни тавсия этган; ўзини “Кансас Cитй Стар”да содда, равон тилда ёзишни ўрганишга мажбур қилишганини алоҳида таъкидлаб ўтган… Бироқ бу машҳур маслаҳатнинг давоми ҳам бор: “Газетада ишлаш ёш ёзувчига ҳеч қандай зарар етказмайди, қайтага фойда бериши мумкин, агар у вақтида кета олса”.
* * *
Биз “Касб одамни эмас, одам касбни безайди” деган ақида таъсирида ўсган авлодмиз. Балки шу сабаблидир, ижодкорнинг қайси соҳада рўзғор тебратаётгани эмас, ўзининг ишидан нималарни ола билгани, истеъдоди муҳимроқдек туюлади. Акс ҳолда Чехов бир умр врач, Достоевский инженер, Солженисин математика ўқитувчиси, Айтматов эса зоотехник бўлиб қоларди.
* * *
Институтни битирганимдан кейин йўлланма билан заводга келиб, беш йил ишлаганман. Бунинг устига, ишлаб чиқариш ўз номи билан ишлаб чиқариш-да: қандайдир оҳанрабоси бўлади. Тасаввур этинг, кун бўйи цехда тарақ-туруқ, шовқин-сурон. Алюмин қуймаларини печкада эритамиз, кумушранг суюқлик қолипларга қуйилади, кейин бу деталга станокларда ишлов берилади, бўялади, қарабсизки, тап-тайёр маҳсулот қўлингизда турибди! Моддий! Гўзал! Кунлик режа адо этилдими, жисмоний чарчоқ, иш устидаги бақир-чақирлар бирдан ёддан чиқади, Адабиётга эҳтиёж туғилади: ҳузур қилиб зўр асар ўқимасанг ёки ниманидир қораламасанг, ётиб ухлаб бўлмайди. Менинг ўзимга ёқадиган кўпгина машқларим айнан ўша ерда ишлаб юрган пайтларим қоғозга тушган ёки кўнгилнинг бир чеккасига тугиб қўйилган. Балки шу сабаблидир, ҳамон заводни, беғубор иш муҳитини соғинаман, тушларимда кўриб чиқаман…
* * *
Дарахтдан бир япроқ бесабаб узилмайдиган бу рубъи маскунда йўқдан бор бўлмайди. Ҳеч нарса, ҳеч қачон ўз-ўзидан қуйилиб келмайди. Ҳаммасининг сабаби, асоси бор.
* * *
Воқеа фақат “калла”да эмас, юракда ҳам пишганида, сал лофи билан айтадиган бўлсак, ёзмасликнинг иложи қолмаганида столга ўтиришга ҳаракат қиламан. Ана шунда, Абдулла Қаҳҳор топиб айтганидек, қаҳрамонлар ўз айтар сўзларини қулоқларингиз тагида шивирлаб туради, воқеалар силсиласи эса шундоққина кўз олдингизда туради: уларни қоғозга туширишга улгурсангиз бас…
* * *
Асарни ўқиб чиққач, Некрасов билан Григоревич тун бўйи Петербургни тентиб, ёш Достоевскийни излагани, “Адабиётимизда янги Гогол пайдо бўлди!” деб жар солгани каби, мен ҳам Тошкентни изғиб муаллифни қидирсам, таниш-билишларга қўнғироқ қилиб, “Даҳо ёзувчи пайдо бўлди!” дея суюнчи сўрасам дейман. Аммо, таассуфки, неча йиллардан буён бу умид ушалмаяпти, билъакс…. Ўқиганларим эса, “бир хил, бир хил, бир хил”. Гўё иссиқхонада яратилгандай нимжон. Бироқ, умидли дунё бу, зора…
* * *
Бугун ўқийман деган одам учун имконият ақлни шоширадиган даражада улкан. Маълумотларга қараганда, интернетдаги фақат рус тилидаги бадиий китобларни ўқиб чиқиш учун 300 йил керак бўларкан! Яна денг, уларнинг сони кунба-кун ҳандасавий кўпайтма асосида ўсиб бормоқда. Демак, саралаб, танлаб ўқишга мажбурмиз. Китоб жавоним асосан вақт ўтган сайин таъми-шираси янада ошиб борадиган асарлар билан тўлган. Булар, шубҳасиз, Достоевский, Толстой, Гёте, Драйзер, Хемингуей, Моем, Гамсун, Маркес… “Ўзимизнинг” ёзувчилардан Эркин Аъзам, Исажон Султон китоблари.
* * *
Ёзувчи Терри Темпест Уильямснинг бир гапи бор: “Мен кўпинча оқ ва қора рангдан иборат дунёга ранг бериш учун ёзаман… Мен дунёни ўзгача кўринишда тасвирлаш учун ёзаман, балки ана ўшанда у чиндан ҳам ўзгарар…” Яхши китобларни ўқинг ва уқинг, ана шунда дунё чиндан ҳам ўзгаради. Яхши томонга, албатта.
* * *
Биз кўкламда далага чиқиб, тележка-тележка тошбақа терган авлодмиз. Шундай қилмасак, бу безабон жониворлар ғўзанинг илдизини кемириб кетаркан.
Биз саратоннинг қайноқ тафтида далада ишлаб, бир томчи сувга зор бўлган маҳалимиз устимиздан самолёт бурқситиб дори сепиб ўтганида “ёмғир ёғди”, дея қувонган авлодмиз.
Биз эрта куздан то қишнинг қировли-қорли кунларига қадар лабимиз гезариб далада пахта терган авлодмиз.
Аммо болалигимнинг ёруғ, ҳаяжонли, қувонч ва ҳайратларга бой дамлари ҳам кўп бўлди. Бундай мўъжизали, илоҳий дамларни менга китоблар ҳадя этди…
* * *
Ёзувчи дегани аввал ҳаётни ўрганиши лозим. Зеро, ҳаёт математикадан милён-милён баробар мураккаб ва чигал.
* * *
Билмадим, қачонлардир ҳар қандай инсоннинг умрида кўрган-кечирганлари, мушоҳадалари, хулосалари бир китобга жам бўлади, деб ўқигандим. Балки шу сабаблидир ижодкорнинг кейинги китоби муҳим, деган қараш ҳам бор эди. Яъни айнан иккинчи китоб истеъдод мезони бўла олади. Бироқ, афсуски, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “адабиётга тутаб кирган”, биринчи асари ҳам “танқиддан тубан” бўлган графоманлар иккинчи… ўнинчи китобларини ва ҳаттоки зарҳал муқовали танланган асарларини чоп эттириб чарчашмаяпти…
* * *
Рамзий планкани тасаввур қилинг. Баландликка сакрашда ишлатиладиган. Ижодкор иложи борича ўша планкани баланд қўйиши, яъни ўзидан баланд сакрашга интилиши лозим, деб ўйлайман. Кейинги пайтлари “бозор адабиёти” намуналарини ўқиб қолсам, қўрқувга тушадиган бўлиб қолдим. Бу адабиёт худди ўша планкани ерга ташлаб қўйиб, устидан уёқдан-буёққа сакраётган устомонга ўхшайди. Наҳотки кимдир, кимлардир шуни адабиёт деб ёзаётган, бошқа бировлар эса чоп этаётган ва яна кимлардир ўқиётган бўлса?..
* * *
Гарчанд ташқаридан шундай туюлса-да, агар кино олами сизни қучоқ очиб кутиб олади, деб ўйласангиз, қаттиқ янглишасиз. Бу соҳанинг ҳам шунақанги сув ости оқимларию, сув усти ўйинлари борки, баъзан ҳатто манаман деган ёзувчилар ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қолишади.
* * *
Давраларда гап-сўзларни жимгина эшитиб ўтиришни маъқул кўраман. Шу яхши-да. Қадим маъқулот (аксиома) бор-ку: ичингдаги гап сенинг қулинг, ташқарига чиққандан кейин унинг қули бўлиб қоласан…
* * *
Достоевскийни кўпроқ ўқиганман, унинг “изтироблар орқали тозаланиш”, деган гапи менга ёқади. Аввалига бу фикрга ҳайрон бўлганман, сўнг, ўйлаб қарасам, чиндан ҳам қаҳрамоннинг қалб кечинмалари, ҳиссиёт пўртаналари, азоб-уқубатлари ўқувчининг руҳан тозаланишига, маънан юксалишига хизмат қиларкан. Сардафтарни эса, аёнки, дилда дарди бор одам кавлайди…
* * *
Истеъдоднинг тўқсон тўққиз фоизи меҳнат дейишади. Лекин ҳамма сир ўша бир фоизда! Иқтидорсиз одам ўзини курсига боғлаб қўйиб, бир ҳафта бош кўтармай нимадир ёзиши мумкин, лекин бу асар эмас, тузсиз ошдек бемаза нарса бўлади.
* * *
Вақт. Энг қиммат ва энг арзон бойлигимиз… Ўзбекда нима кўп – тўй кўп, базм кўп. Бунга сўнгги пайтлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетган “гап”лару “ош”ларни қўшинг. Ишқилиб, бемалол йилнинг 365 кунига етиб ортади. Дейлик, уйимдан юз чақирим нарида яшайдиган танишимнинг соат бешда тарқатиладиган наҳорги ошига етиб бормасам, осмон узилиб ерга тушадими? Ё мен одамгарчиликдан чиқиб қоламанми? Ахир, бу аҳволда қачон ишлаймиз, қачон ижод қиламиз, қачон ФИКРЛАЙМИЗ?
* * *
…кутубхоначи ҳамма китобни ўқиб чиққан, улар ҳақида ўз мустақил тушунчаси, тасаввурига эга, юксак маънавиятли мутахассис ва тарбиячи бўлиши лозим. Фақат шундай мутахассисгина қайси болага қандай китобни тавсия этишнинг ҳадисини олган бўлади. Демак, айнан кутубхоначи мактабда энг кўп маош оладиган ходим бўлиши лозим. Чунки у маърифат тарқатувчи, келажак дарвозаси ҳисобланган кутубхона мудираси…
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.