Қашқадарё газетаси Олам Ёнилғи нархлари тартибга солинади
Олам

Ёнилғи нархлари тартибга солинади

Польша ҳукумати бензин ва дизель ёнилғиси нархларини тартибга солиш дастурини қайта ишга туширди ва у жорий йил охирига қадар амал қилади. Бу ҳақда республика энергетика вазири Милош Мотика маълум қилди, дея хабар берган TVP Info телеканали.

Унинг сўзларига кўра, тегишли қарор автомобиль ёнилғиси учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва акциз солиғини камайтиришни назарда тутади. Бензин ва дизель ёнилғиси учун ҳар куни энг юқори рухсат этилган нархлар белгиланади.

Бундан бир кун олдин Польша президенти Кароль Навроцкий ёнилғи компанияларининг ортиқча фойдасига солиқ солиш тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Бу ташаббус ҳукумат томонидан илгари сурилган бўлиб, ундан мақсад ёнилғининг чакана нархларини пасайтириш учун қўшимча маблағ жамғаришдан иборат.

Шу йил 30 март куни Польша ҳукумати мамлакатдаги барча ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин ва дизель нархларини чеклаш дастурини жорий қилган эди. Ушбу дастур 15 июнга қадар амал қилган. Кейинчалик у август  ойининг сўнгги икки ҳафтаси учун яна қайта жорий этилган.

Ўша дастур доирасида Польша энергетика вазирлиги ёнилғи нархининг юқори чегараларини белгилайди. Ундан юқори нархда ёнилғи сотган чакана савдо тармоқларига 1 миллион злотийгача, яъни тахминан 270 минг АҚШ доллари миқдорида жарима солиниши мумкин.

Exit mobile version