Президентнинг 2022 йил 3 февралдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Маданият, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорликда ўтказиб келаётган «Ёш ижрочилар» республика танловида Қарши ихтисослаштирилган санъат мактабининг 20 нафар, Қарши ихтисослаштирилган маданият мактабининг 2 нафар ўқувчиси ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Иқтидорли ёшлар – юрт таянчи!
Ушбу танлов фортепиано; торли чолғулар; дамли ва зарбли чолғулар; халқ чолғулари; анъанавий чолғу ижрочилиги; академик хонандалик; эстрада хонандалиги; эстрада чолғу ижрочилиги; хореография санъати; театр (томоша) санъати; фольклор ижрочилиги йўналишлари бўйича ўтказилиб, таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг қалбида миллий маданиятга бўлган муҳаббатни шакллантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Бу йилги «Ёш ижрочилар» танлови ғолиб ва совриндорлари 70 та номинация бўйича 628 нафар иштирокчи орасидан аниқланиб, улар куни кеча пойтахтдаги Туркистон санъат саройида тантанали тақдирланди.
Натижаларга кўра, Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари бўлган Қаландар Қаршиев халқ чолғулари йўналишининг «Рубоб-прима» номинациясида, Умида Файзуллаева анъанавий чолғу ижрочилиги йўналишининг «Дутор» номинациясида, Умиджон Нуриддинов эстрада чолғу ижрочилигининг «Саксофон-тенор» номинациясида, Назира Пўлатова хореография санъати йўналишининг «Замонавий рақс» номинациясида, Зуҳриддин Кенжаев фольклор ижрочилиги йўналишининг «Эркак овози» номинациясида ғолибликни қўлга киритган бўлса, уларнинг 8 нафар мактабдоши турли номинацияларда 2-ўринларни, яна 7 нафари 3-ўринларни банд этиб, совриндорлар қаторидан жой олишди.
– Таълим ташкилотимизда 454 нафар ўқувчи 7 та йўналишда 16 касб бўйича таълим олиб келмоқда, – дейди Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби директори Дилшод Мадиев. – «Ёш ижрочилар» республика танловида 60 нафар ўғил-қизларимиз билан қатнашдик. Улар эришган юксак натижалар мактабимиз педагогик жамоасининг ёшларга таълим беришдаги астойдил меҳнатлари эътирофи бўлди десам, муболаға эмас.
Маълумотларга кўра, ушбу танловда 1-ўринларни қўлга киритган иштирокчилар ўз йўналишидаги олий таълим ташкилотларига ўқишга киришда касбий-ижодий имтиҳонларнинг битта фани бўйича максимал балл кўринишида имтиёзга эга бўлишади.
«Ёш ижрочилар» республика танловида Қарши ихтисослаштирилган маданият мактаби номидан қатнашган ўқувчилар – Баҳодир Шомирзаев ва Шабнам Ҳасанова фольклор ижрочилиги йўналишининг мос равишда «Эркак овози» ҳамда «Аёл овози» номинацияларида 2-ўринларни қўлга киритгани ҳам эътирофга лойиқ.
Ўз мухбиримиз