Шавкат МИРЗИЁЕВ: Биз ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, бутун борлиғимизни сиз, қадрли опа-сингилларимиздан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз. Сизлар биз учун ҳамиша гўзаллик ва назокат, меҳр ва садоқат, қаноат ва шукроналик тимсоли бўлиб келгансиз ва доимо шундай бўлиб қоласиз. Мана шундай олижаноб фазилатларингиз билан бизларга ҳамма вақт куч-ғайрат, ҳаётга, келажакка ишонч бағишлаб келаётганингиз учун сиз, азизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Бугун «ўзбек аёли» деганда киши онгида жонланадиган тасаввур анча ўзгариб кетди. Аксарияти рўзғор юмушларига ўралашиб қолган, даланинг чопиғу теримидан нарига чиқмаган, амал-тақал қилиб мактабни битиргач, одатда қайта китоб очиб ўқишга ҳам вақт тополмай қоладиган бизнинг хотин-қизлар сиймоси улар орасидан чиққан депутатлар, олималар, раҳбар кадрлар, тадбиркорлар, орган ходимлари, касб-ҳунар эгалари, умуман, турли соҳалар мутахассислари сони кескин ортиб бориши билан энди бошқача қиёфа касб этаяпти.
Маълумотларга кўра, вилоятимиз аҳолисининг 49 фоиздан ортиғи (1 миллион 783 минг 797 нафари)ни хотин-қизлар ташкил этади. Кейинги йилларда уларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаёти жабҳаларида фаоллигини ошириш юзасидан, гендер тенглик масалалари бўйича фаол чоралар кўрилаяпти. Тизимли қўллаб-қувватлаш натижасида минглаб аёллар, қизларнинг ўқиш, ишлаш, касб-ҳунар эгаллаш, уй-жой қилиш, тадбиркорликка қўл уриш каби орзу-ўйлари рўёбга чиқаяпти.
– Қашқадарёда ўрта таълимдаги битирувчи қизларни олий таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси 2024-2025 ўқув йилида 50 фоиздан ошди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова. – Албатта, бу қулай шароитлар ҳозирланиб, аввало одамлар, ёшларда онг ўзгаргани, қолаверса, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар учун махсус квоталар ажратилиб, ўқиш тўловларига ёрдам қилиш каби йўлга қўйилган саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Қизларнинг ўқигани яхши – дунёқараши кенгаяди, эртага бировнинг қўлига қараб қолмайди, шуурида ҳаёт ташвишларини енгиб ўтишга етарли тадбирлар кўра олиш кўникмаси шаклланади. Шунингдек, бу эрта никоҳларнинг олдини олиш, ажримлар, аёллар ўртасидаги ишсизлик муаммоларига ҳам ижобий таъсир этади.
– Ўзида бор, тадбирли хотин-қизларга озгина кўмак бўлса, қолганини эплаб кетади, – дейди Зиёда Аминова. – Хонадонида ўзини банд қилиш истагидаги йигирма минг нафарга яқин қизлар ва аёлларга ўтган йили 381,5 миллиард сўмлик кредитлар имтиёзли асосларда ажратилган бўлса, улардан 28 нафари балиқчилик, 72 нафари ҳунармандчилик, 191 нафари асаларичилик, 294 нафари иссиқхона хўжалиги, 932 нафари паррандачилик, 5 минг 580 нафари чорвачилик, 5 минг 600 нафардан ортиғи тикувчилик ва хизмат кўрсатиш ҳамда қолганлари бошқа йўналишларда кичик-кичик лойиҳаларни амалга оширишди. Хатлов асосида ижтимоий дафтарларга киритилган хотин-қизлар орасида ҳам тегишли моддий қўллаб-қувватлов ва берилган зарур маслаҳатлар асосида ўзи учун муқим даромад манбаи яратишга эришганлар талайгина. Умуман, бу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижаси эҳтиёжманд оилалардаги 64 минг 505 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани муҳим кўрсаткич.
Ишли аёлнинг рўзғорга фойдаси тегади, ўзи меҳнат қилиб топган пулининг қадри баланд бўладида – тежаб, асосли ишлатади. Ана шу тарзда аста-секин хонадонга ҳам барака инади, оила мустаҳкамланади, турмуши фаровонлашади.
Ҳа, кўриниб турибди, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган, умуман, барча хотин-қизлар билан ишлаш тизими бугун тубдан ўзгарган. Зеро, давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида бўй кўрсатган бу масала миллат келажагига дахлдор. Президент айтганидек, ўзининг уй-жойига, иш ўрнига эга бўлган ҳар бир аёлнинг ортида оиласи, фарзандлари, ота-онаси, яқинлари борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қанча хонадонга қувонч киргани, қанча одамнинг руҳи кўтарилиб, уларда ҳаётга, келажакка ишонч пайдо бўлгани биз учун энг муҳим натижадир.
Алалхусус, жамият бугун теран англаб етган ва тан олган ҳақиқатлар шу бўлдики: хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминламасдан, орзу-истаклари рўёби учун кенг йўл очмасдан миллат ривожи ҳақида гапириш ноўрин; уларни саводли қилмасдан илмли ва маънавиятли авлод ҳақида сўзлашга эрта; қиз-аёллар муаммоларига юз ўгириб, бандлигига эътибор қаратмай, оила мустаҳкамлиги ҳақида ўй суриш хаёлпарастликдан бошқа нарса эмас.
Ўз мухбиримиз
