нафақат ўз оиласи фаровонлиги, балки юртимиз ривожига ҳам ҳисса қўшади
Камбағалликдан фаровонлик сари
Одамзод яхши яшашга интилади, бу йўлда меҳнат қилади, изланади. Аммо «беш қўл баробар эмас» деганларича бор. Ҳамманинг ҳам рўзғори тўкис бўлмайди. Кимдир камбағал, яна бировда бунинг акси бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармони билан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш қўллаб-қувватланиб, камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажриба ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажагига масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган ишлар янада ривож топди.
Аввал режа, кейин ҳаракат
Дастур «Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият» тамойили асосида амалга оширилмоқда. Бу нима дегани?
Содда тилда айтганда, тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилди, 2024-2025 йилларда камбағал оилалар фарзандларини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш учун шароит яратилди. Кафолатланган давлат тиббий хизматидан, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари оширилди. Камбағал оилаларнинг яшаш шароитлари яхшиланмоқда. Давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмаси ривожлантирилмоқда. Бундан ташқари, давлат органлари ва раҳбарлар камбағал оилаларга, қолоқ маҳаллаларга бириктирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Пахтакор, Сардоба, Яшнаобод ва Қорақум маҳаллаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун масъул этиб белгиланди.
Маълумки, Муборак туманида 25 та маҳалла мавжуд бўлиб, аҳолининг умумий сони 94 минг 722 нафар. Оғир тоифага киритилган 4 ҳудудда, яъни Пахтакор, Сардоба, Яшнаобод ва Қорақум маҳаллаларида жами 14 минг 576 киши истиқомат қилади. Шундан ишсизлар 75 нафар, ногиронлиги бор кишилар 199 нафар.
Мазкур ҳудудларда аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Шунинг учун ҳам хонадонлардаги томорқаларнинг катта қисмида беда экилади. Ушбу ҳудудларда жами 38 та иссиқхона мавжуд. Боғдорчилик ҳам анча ривожланган. Масъуллар ана шуларни ҳисобга олган ҳолда аниқ режа асосида ишга киришди.
Хайрли мақсад ва ҳамкорлик
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Муборак тумани ҳокимлиги томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан чора-тадбирлар режаси имзоланди.
– Чора-тадбирлар режасида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури ижросини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ишсизлар сонини камайтириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, томорқа маданиятини юксалтириш белгиланган, – дейди Қарши давлат техника университети проректори Ғулом Узоқов. – Маҳаллаларнинг иқлим ва тупроқ хусусиятларини ўрганган ҳолда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойилини йўлга қўйишга доир асосли таклифлар бериш, Муборак тумани мисолида мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечими бўйича ишларга вилоятдаги олимларнинг илмий салоҳиятини йўналтириш кўзда тутилган. Шу боис Қашқадарёдаги давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бу ишларга жалб этилди.
Режага кўра, вилоятдаги олий таълим ташкилотларининг вазифалари белгилаб олинди. Масалан, аҳолининг бандлиги, ишсизлар сони, ҳудудларнинг муаммолари ўрганилди. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган фуқаролар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Мулоқотлар давомида томорқа маданиятини юксалтириш, ердан унумли фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.
Биринчи навбатда, Муборак тумани тупроқларининг нисбатан шўрхок эканлиги ҳисобга олинди. Шундан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчилар шўрни ювиш ва шундай тупроқда етиштириладиган экинлар, уларни парваришлаш, касалликларига қарши курашиш бўйича аҳолига кенг тушунча бермоқдалар. Кўплаб илмий ишланмалар маҳаллаларда жорий қилинмоқда.
Қарши давлат техника университети профессор-ўқитувчилари томонидан Яшнаобод ва Қорақум маҳаллаларидаги шўрланиш юқори бўлган ҳудудларда ширинмия, қизилмия, лавлаги, ошқовоқ, бақлажон, карам каби экинларни экиш бўйича тавсиялар берилди. Бу ҳақда семинарлар ўтказилди, кўплаб шунга оид фойдали материаллар аҳоли хонадонларига тарқатилди.
Ишсиз аёллар учун тадбиркорлик бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Бу ўқув машғулотларига ҳар бир маҳалладан ўнлаб хотин-қизлар жалб этилган. Тез орада хорижий тилларни ўргатиш, олий таълим муассасаларига тайёрлов курслари ҳам ташкил қилинади. Туман тиббиёт бирлашмаси ва Муборак жамоат саломатлиги техникуми ҳамкорлигида маҳаллаларда тиббий кўриклар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, шу ойда Муборак тумани мактаб ўқувчилари ва ёшлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимига қаратилган стартап лойиҳалар танловини ташкил қилиш белгиланган.
Янги технологиялар самараси
Қорақум маҳалласида яшовчи Азамат Жумаевнинг оила хўжалиги мисолида тўлиқ автоном электр таъминотини яратиш, тизим тармоқдан узилган ҳолатда ҳам ишлашини таъминлаш ва маиший эҳтиёжлар учун иссиқ сув таъминотини ташкил этишга хизмат қиладиган, экологик тоза, қуёш энергиясига асосланган «Яшил хонадон» лойиҳаси амалга оширилди.
Яшнаобод маҳалласида яшовчи Элдор Элмановнинг хонадонига универсал қуёш қурилмаси ўрнатиб берилди. Бу қурилма бир вақтнинг ўзида инкубатор, қуриткич, сув иситкич ва электр билан таъминлаш вазифаларини бажаради. Бир киши ишли бўлди.
– Инкубаторни ишга тушириш натижасида қуёшли кунларда 100 фоиз, ўртача 50-60 фоиз электр энергиясини иқтисод қилиш мумкин, – дейди мазкур лойиҳанинг раҳбари, докторант Олмос Қўзиев. – Мавсум давомида инкубатор қурилмасининг ўзидан ўртача 15-20 миллион сўм фойда олиш имконияти бор. Шунингдек, ушбу қурилма мева-сабзавотларни сақлаш ва қуритиш мақсадида ҳам ишлатилади. Хонадонни қўшимча равишда суткасига 50 литр иссиқ сув билан таъминлайди ҳамда 5-7 киловатт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқаради.
Мустақил тадқиқотчи Озод Йўллиев Яшнаобод маҳалласидаги Сайдулла бобо Элманов хонадонида ўрнатилган томорқа учун биогумус ва биогаз ишлаб чиқариладиган қурилма асосида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, биогумус ўғитидан томорқада фойдаланиш натижасида ернинг унумдорлиги 50 фоизгача ортади. Полиз экинлари ҳосилдорлиги биринчи йилда 30-40 фоиз ошади. Хонадон эҳтиёжидан ортган биогумусни сотиш орқали ойига 5 миллион сўмгача фойда олиш мумкин.
«Берсанг, ейман…» демасликлари учун
Одамлар билан мулоқот жараёнида айрим кишиларнинг дунёқараши, ерга бўлган муносабатини ўзгартириш учун ҳали кўп ишлаш кераклиги ҳақида ўйлаб қоламан. Инсонларнинг ўзи ўзгариши лозим. Бугун дунёда юз бераётган воқеалар, сиёсий бўҳронлар, жангу жадаллар, аввало, тинчлик аталмиш неъматнинг қадрига етишга ундайди. Шукроналик ҳиссини оширади. Ҳар бир кун ғанимат эканини, ундан унумли фойдаланиш кераклигини англатади.
Бугун олимлар Яшнаобод ва Қорақум маҳаллаларидаги қайси бир хонадонга ёрдам кўрсатган бўлса, бошқалар унинг самарасини кўзи билан кўриб, ўзининг оиласига жорий қилсин, рўзғори обод бўлсин, деган мақсадни илгари суришган. «Қўшнимга беришибди, менга ҳам беришади», деган фикрдан йироқ бўлиш лозим. Зеро, олий таълим ташкилотларининг асосий вазифаси муаммоларга илмий ечим бериш, таклиф киритиш, янги режаларни ишлаб чиқишдан иборат.
Бундан кейин олий таълим ташкилотларининг ёш олимлари ва магистрантларнинг илмий тадқиқот ишлари мавзуси тумандаги қолоқ маҳаллалар муаммолари асосида шакллантирилади. Тажрибалар ўтказилади, илмий хулосалар ва амалий таклифлар берилади. Бу ҳам «Камбағалликдан фаровонлик сари» умуммиллий ҳаракатини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.
Имконият бор, интилиш-чи?!
Муборак туманида азалдан чорвачилик яхши ривожланган. Шундай экан, ҳудудда жунни ва терини қайта ишлаш корхоналарига эҳтиёж бор.
– Ҳудуднинг табиий иқлим шароитини инобатга олиб, Қарши-Бухоро автомагистраль йўли бўйлаб турли йўналишлар бўйича хизмат кўрсатиш шохобчаларини, «Гастрономик туризм» соҳасини ривожлантириш (туя сути ва айрони каби маҳсулотлар асосида), меҳмон уйларини барпо этиш мумкин, – дейди профессор Муабара Ҳакимова. – Маҳаллалардаги фойдаланилмаётган шўр ерларда тутзорлар, жийдазор ва бошқа шўрга чидамли дарахтзорлар ташкил қилиш, чорва учун озуқабоп экинлар экиш учун изланишлар олиб борилаяпти. Туман марказидаги Абдуллоҳ бин ал-Муборак ал-Марвазий қадамжосини кенг тарғиб қилиш орқали зиёрат туризмини ривожлантирса бўлади.
Хуллас, ҳали олдинда қилинадиган ишлар, вазифалар, мақсадлар анчагина. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Муборак тумани ҳокимлиги, йирик саноат корхоналари, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамфикр бўлса, бир ёқадан бош чиқариб ишласа, кўплаб муаммоларга ечим топилади. Тараққиётга эришилади. Ишимиздан одамлар ҳам рози бўлади.
Абдураззоқ МУРОДОВ
