Бугун Қашқадарёда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, туристик жозибадорлигини ошириш, аҳоли учун муносиб яшаш ва дам олиш шароитларини яратишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яккабоғ туманидаги Айғиркўл маҳалласида барпо этилаётган замонавий истироҳат боғи ана шундай эътиборга молик ташаббуслардан бири саналади.
Умумий майдони ўн гектардан ошадиган боғда аҳоли ва меҳмонлар учун турли кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, сайр қилиш ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш имкониятларини яратиш кўзда тутилган.
Бу ерда қурилаётган 650 ўринли муҳташам амфитеатр лойиҳанинг муҳим қисмларидан биридир. Қиймати 6 миллиард сўмга баҳоланаётган мазкур иншоотда байрамлар, концертлар, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш имконияти яратилади. Энг муҳими, келгусида у туманнинг маданий ҳаётини янги босқичга олиб чиқадиган жамоат маскани сифатида хизмат қилиши кутилаяпти.
Янги истироҳат боғи учун 18 миллиард сўмлик замонавий аттракционлар келтирилаётгани ҳам истироҳат боғи лойиҳасининг кўламидан далолат беради. Бу, биринчи навбатда, болалар ва ёшлар учун завқ-шавққа тўла, қизиқарли вақт ўтказиш имконини кенгайтиради, оилаларнинг биргаликда дам олишига қулай шароит ҳозирлайди.
Боғ лойиҳаси уни иқтисодий фаоллик учун ҳам қўшимча нуқтага айлантиришни назарда тутгани билан ҳам аҳамиятли. Унинг ҳудуди ва атрофида хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланиши учун имконият пайдо бўлади. Натижада тадбиркорлик субъектлари фаоллашади ва қўшимча иш ўринлари яратилади. Шу тарзда истироҳат боғи фақат аҳоли дам оладиган жой эмас, балки маҳаллий иқтисодиётда ҳаракатни кучайтирувчи инфратузилма объекти сифатида ҳам бўй кўрсатади.
Маълумки, юртимизга келаётган чет эллик туристларни табиий ва тарихий объектлар, маданий мерос билан бир қаторда жойлардаги замонавий инфратузилма ҳам қизиқтиради. Шу нуқтаи назардан, Айғиркўл маҳалласидаги янги истироҳат боғи яқин келажакда Яккабоғнинг туристик йўналишларини бойитувчи замонавий объектлардан бирига айланиши мумкин.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Яккабоғда бўлиб, боғ лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Ўз мухбиримиз
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.