Қашқадарё газетаси Жамият Ўн тўрт йил тутқунликда
Жамият

Ўн тўрт йил тутқунликда

Собиқ тузум даврида қатағонга учраган қашқадарёликлар ҳақида гап бораркан, даставвал хаёлга Ҳабиб Файзуллаев номи келади. Албатта, унинг машҳур шоир Муса Жалил билан бирга ҳибсда бўлгани номини машҳурликка дуч қилгани аниқ, аммо унинг бекорга қатағон қилинмагани-да аён ҳақиқат.

Қашқадарёга оид

«Қашқадарё воҳаси тарихидан лавҳалар» китобида бу борада кўплаб муҳим маълумотлар жамланган. Қайд этилишича, Ҳабиб Файзуллаев 1919 йили Қарши шаҳрида туғилган. 1923 йилда 34 ёшида гул умри хазонга айланган онаси 4 ўғил билан бева қолган. Ўшанда кенжа фарзанди Ҳабиб эндигина 4 ёшда эди.

Ҳабиб Файзуллаев 1939 йилда ҳарбий хизматга кетади. 1941 йил ёз фасли бошида ҳарбий хизматни тамомлаб, не-не орзу-умидлар билан яшаётган эди. Бошланган уруш бу орзуларини чилпарчин қилиб юборади. Бошқа сафдошлари қатори у ҳам биринчилардан бўлиб жангга киради. Даҳшатли жангларнинг бирида қуршовда ўнг оёғидан оғир ярадор бўлиб фашистлар қўлига асир тушади. У ҳам бошқалар қатори Львов шаҳридаги «Ўлим лагери»ига келтирилади. Бу лагерда, Ҳабиб Файзуллаевнинг айтиши бўйича, қирқ минг киши бўлган. Лагерда очлик ва турли касалликлар туфайли ўлим авжига чиқиб, олти ой ичида тўрт минг киши қолади, холос.

1943 йилнинг январида маҳбусларни Берлиндан 60 километр узоқликдаги Вустрау  лагерига келтирадилар. Ўша лагерда адабиёт дарсликларидан бизга яхши маълум, Совет иттифоқи Қаҳрамони, татар шоири, «Моабит дафтари» шеърий тўпламининг муаллифи Муса Жалил ҳам бўлган. Тутқунликнинг илк кунлариданоқ улар қалин дўстлашади. Ҳатто Муса  Жалил Ҳабиб Файзуллаевни иним деб чақиради. Ҳаваскорлик билан ёзган баъзи шеърий  машқларига устозлик қилади.

1943 йил февралда Муса Жалилни концлагердан олиб кетишгач, Ҳабиб Файзуллаевнинг ягона дўсти ва сирдоши қоғоз ва қалам бўлади.

Фашистлар лагердаги барча маҳбусларни йўқ қилишга улгура олмайдилар. АҚШ қуролли кучлари маҳбусларни озод қилишади. Аммо ўз юртида уларни гуллар билан қучоқ очиб эмас, балки тавқи лаънат ва кишан билан қарши олишади. 1945 йилнинг май ойида америкаликлар Франкфурт шаҳрида ташкил этилган пунктда уларни саралаб «Смерш» (смерть шпионам) деб аталган махсус бўлим ходимларига топширишади. «Смерш»чилар тўрт мингдан ошиқ маҳбусни тўплаб қизил вагонларга жойлаштирадилар. Узоқ Коми АССРнинг Кочлис деган посёлкасига бир ой йўл юриб етиб боришади.

Ҳабиб Файзуллаев уч йил давомида тергов қилинади. Тергов жараёнида бирор жиноят аломатини топа олмайдилар. Шунга қарамай, уч йиллик терговдан сўнг, 1948 йилнинг 17 июлида ҳарбий трибунал Ҳабиб Файзуллаевни 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради. Шундан кейин уч ой умумий турмада сақлашади. Сўнгра Инта шаҳрига махсус оғир режимли лагерга юборишади. У ерда Ҳабиб Файзуллаевга ўхшаш беш мингга яқин маҳбус бор эди. Ўша вақтда НКВД раҳбари Бериянинг буйруғи билан лагерь каторга режимига ўтказилади. Маҳбусларни 250 метр чуқурликдаги кўмир конида ишлатишади.

1955 йил 30 июндаги 947-рақамли хат Ҳабиб Файзуллаевга эркин яшаш ҳуқуқини беради. 14 йиллик айрилиқ азоби тугагандек эди. Тутқунликдан халос бўлиб, ўз ватанига қайтади, бироқ энди онаси йўқ эди.

Ватанида ҳаётини янгидай бошлайди. У «Муборакгаз ишлаб чиқариш» бошқармаси ишчилар таъминоти бўлими бошлиғи бўлади, бенуқсон, ҳалол ишлагани боис нафақага чиққанидан сўнг ҳам Қарши шаҳридаги катта савдо мажмуаларидан бири – «Минг хил майда-чуйда» («Тысяча мелочей») савдо марказига директор этиб тайинланади. У ерда саккиз йил ишлайди. Сўнгра маҳалладошларининг қўллаб-қувватлови билан Чақар маҳалласи оқсоқоли этиб сайланади. Шу вазифада умрининг охиригача хизмат қилади.

Ҳабиб Файзуллаев 2007 йил майида  88 ёшида оламдан ўтган. Маҳалланинг ҳар бир аъзоси уни чексиз меҳр ва ҳурмат билан ёдга олади. Ҳабиб Файзуллаев ҳаёт йўли ёшлар учун катта мактаб бўла олади.

Exit mobile version