Финляндияда туғилиш даражаси камайиб кетгани сабабли яқин 15 йил ичида юзлаб мактаблар ёпилиши кутилаяпти, деб ёзади Yle нашри.
Манба маълумотларига кўра, 2040 йилга келиб мамлакатдаги ўқувчилар сони 100 минг нафарга қисқариши мумкин. Бу мактаблар қарийб ярмининг ёпилишига олиб келади.
«Финляндиядаги кўплаб аҳоли пунктларида аллақачон фақат битта мактаб бор. Яқин йилларда улардан кўплари йўқ бўлиб кетади, мактабга қатнов йўли масофаси эса узаяди», дейилади мақолада.
Маълум қилинишича, ўқувчилар сони фақат маркази Хельсинкида жойлашган пойтахт минтақаси -Уусимаа провинциясида камаймаган. Бироқ, ҳатто бу ерда ҳам ўқувчилар сонидаги ўсиш туб аҳоли эмас, муҳожирлар ҳисобидан таъминланмоқда. Яқин 15 йилда мамлакатдаги келиб чиқиши хорижлик бўлган болалар сони қарийб 86 минг нафарга ўсиши кутилмоқда. Фин мактабларида оиласи умуман финча гапирмайдиган ўқувчилар сони ортиб бораётир.