Сичуань провинцияси (Хитой)даги Лэйбо уезди таълим бошқармаси мансабдорлари ўқувчиларининг имтиҳон натижалари паст бўлгани учун ўнлаб ўқитувчиларни таҳқирловчи ёзувлар фонида суратга тушишга мажбур қилди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри ёзган.
Ҳодиса август ойи охирида ташкил этилган йиғилиш вақтида юз берган. Бошланғич мактабларда ишлайдиган 20 нафардан ортиқ ўқитувчи саҳнага чиқарилган. Уларнинг ортидаги катта экранда ўқувчиларининг имтиҳон натижалари – 100 баллик тизимда 30 баллдан кам бўлгани акс эттирилган. Экран ёнига эса таҳқирловчи маъноларни англатувчи иероглифлар жойлаштирилган.
Тадбир суратлари Хитой ижтимоий тармоқларида тез тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин танқидига учраган. Фойдаланувчилар амалдорларни педагогларни таҳқирлаганликда айблаб, улардан бу ҳаракатларига изоҳ беришни талаб қилишган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам бундай ёндашувни танқид қилиб, амалдорларни паст ўзлаштириш сабабларини излаш ўрнига, ўқитувчиларни омма олдида айблаш орқали муаммони ҳал қилишга уринганликда айблаган.
Шундан сўнг Лэйбо уезди ҳукумати жамоатчиликдан расмий равишда узр сўраб, йиғилишдаги номақбул ҳаракатлар ўқитувчиларга руҳий зарар етказиши мумкинлигини тан олган.