Қашқадарё газетаси Олам Ғайриоддий коллекция жаҳон рекордини ўрнатди
Олам

Ғайриоддий коллекция жаҳон рекордини ўрнатди

Венгриялик Герго Борбей турли хил энергетик ичимликларга тегишли 2000 та идишдан иборат коллекция тўплаб, жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда UPI манбаси хабар тарқатган.

Коллекционернинг айтишича, унинг энергетик ичимликларга бўлган қизиқиши 2008 йилда, ҳали талаба бўлган пайтида кутилмаганда бошланган. Ёз кунларининг бирида у ётоқхонаси яқинидаги дўконга яхна газли ичимлик харид қилиш учун кирган. Бироқ расталарда унга маъқул келадиган маҳсулотлар туридан фақат энергетик бор эди. Йигитга бу ичимлик ёқиб қолгач, бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини ҳам синаб кўра бошлаган.

Вақт ўтиши билан унинг хонасида ичимликдан бўшаган идишлар тобора кўпайиб боргач, уларни қайта ишлашга топширишга қарор қилган. Аммо ҳар бир дизайндаги идишдан биттадан нусхани сақлаб қўйган. Ўша пайтда Герго Борбейнинг коллекциясида бор-йўғи 15 га яқин идиш бор эди.

Кейинги йиллар давомида у Япония, АҚШ ва Европанинг турли мамлакатларидан янги намуналар олиб келиб, коллекциясини бойитиб борган. Ундаги энг ғайриоддий экспонатлар қаторида 1990-йилларга тегишли Michael Jackson Mystery энергетик ичимлиги ҳамда Югославия ҳали мавжуд бўлган даврда ишлаб чиқарилган эски Guarana идишлари ҳам бор. Энди эса Герго Борбейнинг коллекцияси Guinness World Records томонидан дунёдаги энг йирик энергетик ичимликлар идишлари коллекцияси сифатида расман тан олинган.

«Агар 2008 йилда кимдир менга шу идишлар бир куни жаҳон рекордига олиб келишини айтганида, мен кулган бўлардим», деган коллекционер.

У шу билан тўхтаб қолмоқчи эмас, ҳали ҳам энергетик ичимлик идишларининг нодир ва ноёб намуналарни излашда давом этмоқда экан.

Exit mobile version