Қашқадарё газетаси Спорт Ғолиб ва совриндорлар тантанали тақдирланди, энг яхшилар эътироф этилди
Спорт

Ғолиб ва совриндорлар тантанали тақдирланди, энг яхшилар эътироф этилди

ДХХ кубоги – 2025

Барчага маълумки, бир неча йилдан буён юртимизда футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубоги мусобақаси тизимли тарзда ташкил этиб келинмоқда. Натижада маҳаллалар ёшларини оммавий спортга жалб этиш, шу орқали улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш самарадорлиги ошиб бормоқда.

Аслида мусобақа ташкилий режаси ҳам шунга қаратилган бўлиб, Қашқадарёда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар жамоалари айнан маҳаллалар кесимида шакллантирилди ва аввал туман (шаҳар)лар босқичида ўзаро куч синашишди. Ғолиблар эса мусобақанинг вилоят босқичига йўл олиб, совринли ўринлар учун курашни давом эттирди. Худди шу ёш тоифасидаги қизлар жамоалари эса туман (шаҳар)лар  миқёсида жамланиб, турнирда иштирок этишди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда воҳа аҳолисининг қарийб 24 фоизини 16-30 ёш тоифасига мансуб ўғил-қизлар ташкил этади. «ДХХ кубоги – 2025» мусобақасида иштирок этиш учун: футбол бўйича 36 минг нафардан ортиқ, мини-футбол бўйича  23 минг 500 нафарга яқин ўғил бола ҳамда 16 минг 13 нафар қиз (мини-футбол) рўйхатдан ўтган.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда: (футбол, ўғил болалар) Касби тумани Қоратепа маҳалласи жамоаси 1-ўринни; Миришкор тумани Нурафшон маҳалласи жамоаси 2-ўринни; Шаҳрисабз тумани Боғишамол маҳалласи жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

Мини-футбол (ўғил болалар) мусобақасида эса 1-ўрин   Косон тумани Муғжагул маҳалласи; 2-ўрин Миришкор тумани Янги Миришкор маҳалласи; 3-ўрин Қарши шаҳри Хонтепа маҳалласи жамоаларига насиб қилди.

Қизлар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида Қарши,  Чироқчи, Миришкор туманлари жамоалари мос равишда  дастлабки учта ўриндан жой олди.

Куни кеча Қарши шаҳридаги Марказий ўйингоҳда футбол бўйича «ДХХ кубоги – 2025» мусобақаси ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиб, уларга олқишлар остида медаллар, диплом ва қимматбаҳо  совғалар ҳамда кубок топширилди, энг яхшилар эътироф этилди. Тадбир доирасида уюштирилган катта концерт дастурида эса таниқли бошловчи ва санъаткорлар мухлисларга завқ-шавқ улашишди.    

Энди ғолиб жамоалар турнирнинг август ойида ўтказилиши режалаштирилган республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади, уларга омад тилаймиз!

Ўз мухбиримиз 

Exit mobile version