Кобул 2030 йилдаёқ ичимлик суви батамом тугаши хавфига дуч келади, дейилади Mercy Corps халқаро гуманитар ташкилотининг The Guardian газетасида чоп этилган маърузасида.
Мутахассислар хулосасига кўра, Афғонистон пойтахтида охирги ўн йил давомида ер ости сизот сувлари сатҳи 30 метрга пасайган. Жадал урбанизация жараёни ва иқлим ўзгариши оқибатлари шу қадар кескин вазиятнинг сабаблари ҳисобланади. Шаҳардаги қудуқларнинг ярмига яқини аллақачон қуриган, сув истеъмоли ҳажми эса захираларнинг табиий тикланиши суръатидан сезиларли даражада юқори – йиллик тақчиллик тақрибан 44 миллион кубометрни ташкил этади.
Бундан ташқари, қолган сувлар сифати масаласи ҳам жиддий ташвиш уйғотади: ер ости манбаларининг қарийб 80 фоизи канализация чиқиндилари, туз ва маргимуш билан ифлослангани улардан олинадиган оби ҳаётни хавфсиз истеъмол учун яроқсиз қилади. Аҳоли даромадининг салмоқли қисмини тоза ичимлик суви хариди учун сарфлашга мажбур – оила бюджетининг учдан бир қисми айнан шунга кетади.