Танлов
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Қадри буюк муаллим” мавзусида видеороликлар танлови эълон қилинган эди.
Ўқитувчи ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги беқиёс ўрни, ёш авлод тарбиясидаги масъулияти, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда замонавий устоз сиймоси бадиий ва ижодий ёндашув асосида акс эттирилган видеороликлар тегишли Низом талаблари асосида кўриб чиқилди.
Бугун Қарши шаҳридаги Маънавият марказида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Марказ вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова ўқитувчи ва мураббийларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини эътироф этиб, айни жиҳатларни ўз ижодий ишларида ифода этган талабаларга миннатдорлик билдирди.
Ахборот технологиялари ва менежмент университети талабаси Умид Жалилов тайёрлаган видеоролик 1-ўринга муносиб кўрилди. Иқтисодиёт ва педагогика университети талабаси Сандра Қурбонова 2- ва Турон университети талабаси Гулзода Абруева 3-ўринни эгаллади.
– Устозларнинг қадри, аҳамияти кўпинча ўқиб юрганда эмас, ўқишни тамомлаб катта ҳаёт сари қадам ташлаган кезларда кўпроқ намоён бўлади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Комила Каромова. – Бугун ғолиб сифатида эътироф этилган талабалар ана шу ҳақиқатни ўз фурсатида англашибди. Роликларни баҳолашда ижодий ёндашув, мавзунинг очиб берилиши, таъсирчанлигига алоҳида эътибор берилди.
Ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
