Бундан бир неча йил илгари Китоб туманидаги Варганза қишлоғига республикада биринчилардан бўлиб «Агротуризм қишлоғи» мақоми берилган эди. Яқинда эса туманнинг Қайнар ҳамда Башир қишлоқларига «Туризм қишлоғи» мақоми берилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда ҳар икки қишлоқ етакчиларига махсус сертификатлар топширилди.
Бугун Қайнар қишлоғи ҳақида сўз юритамиз.
Денгиз сатҳидан қарийб 2 минг метр баландликкача кўтариладиган Тахтақорача довони орқали Самарқанддан Қашқадарёга ўтар экансиз, Зарафшон тоғ тизмалари манзаралари ўзининг салобати ва кўрки билан сизни ҳайратга солади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»сида «Итмак» деб номлаган бу довоннинг ҳам ўз сир-синоатлари, номланиши билан боғлиқ тарихи бор. Айтишларича, Амир Темур Шероз шаҳри ташқарисида кўрган Тахта Қорача деган жой номини довондаги хушманзара жойда барпо этган боғи ва қасрига берган. Довон номини Амир Темурнинг бобокалони Қорачар Нўён номига боғлайдиганлар ҳам бор. Профессор Тўра Нафасов Тахтақорачани устида текис майдони бўлган довон, дея изоҳлаган.
Ана шу довон сизни Китоб туманининг Қайнар қишлоғига узатиб қўяди. Муҳими, бу қишлоқ билан боғлиқ ўзига хосликлар ниҳоятда кўп. Қайнарда машҳур ўзбек достончиси Абдулла шоир Нурали ўғли яшаган ва «Сайдинхон», «Алпомиш», «Нурали», «Ҳаламонбой», «Аваз», Кунтуғмиш» каби достонлар ва юзлаб термаларни маҳорат билан ижро этган. Таниқли ўзбек фольклоршунос олими Ҳоди Зариф у ҳақда «Қаҳрамонлик достонларини шўх айтиши, куйларининг ёқимлилиги, дўмбирани жўшқин чертиши билан ўзбек достончилари ўртасида биринчи ўринда туради», деб айтган. Абдулла шоирнинг қудратли ва тиниқ овозидан илҳомланган шоир Ҳамид Олимжон унга бағишлаб «Дўмбирам» шеърини ёзган. Абдулла шоир баҳонасида бир пайтлар Қайнар шоирлар-у олимларнинг оёғи узилмайдиган гўша бўлган.
Қайнар – булоқларга бой маскан. Довоннинг ўзидаёқ сизни машҳур Роҳатбулоқ чашмаси қарши олади. «Чанқов босган йўловчига пешвоз Роҳатбулоғи» деган сатрлар бежизга битилмаган. Қайнарбулоқ, Мингбулоқ, Сувбулоқ, Совуқбулоқ, Девонабулоқ, Қўтирбулоқ, Сассиқбулоқ ва яна ўнлаб катта-кичик булоқлар…
Қишлоқнинг «Қайнар» деб номланиши ҳам айнан булоқ номи билан боғлиқ, яъни гидроним. Қайнарбулоқ – қишлоқнинг бош булоғи ҳисобланади. Ҳозир ҳам аксар қишлоқ аҳли шу сувдан истеъмол қилади. Ер ости суви юзага қайнагандай тошиб чиққанидан Қайнар дейилган. Чашманинг пайдо бўлиши ҳақида ривоят ҳам бор. Қайнарлик Фароғатхоннинг айтишича, Хизр алайҳиссалом қишлоқдан ўтаётиб, шу жойда тўхтаганлар. Таҳорат олиб, намоз ўқишлари керак, лекин сув йўқ. Фаромуш ҳолда бир четда ўтириб, ҳассага пешоналарини тираганча ўйга чўмадилар ва кўзлари илинади. Уйғониб қарасалар, ҳасса учи тегиб турган жойдан шарқираб сув чиқаётганмиш…
Юқорида айтганимиздай, бу бир ривоят. Аммо қишлоқ аҳли чашмани табаррук деб билган. Дастлаб уни «Қайнарбулоқ ота чашмаси» деб аташган. Кейинчалик «ота» сўзи тушиб қолиб, Қайнарбулоқ, қисқача Қайнар деб юритилган. Абдулла шоирнинг термаларидан бирида чашмадан сув отилиб чиқиши кумуш қўнғироққа ўхшатилган:
Қайнаб чиқишлари кумуш қўнғироқ
Куйимга бир умр солгандир қулоқ.
Туғилиб ҳам ўсган юрти шоирнинг,
Сувлари шакардай шу Қайнарбулоқ…
Юрт ҳақида гап кетса, унинг улуғларини йўқламай бўларканми? Қайнар аҳли шу қишлоқда туғилган таниқли археолог, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, академик Анатолий Сагдуллаев билан ҳам фахрланишади. Домла Марказий Осиё археологияси ва давлатчилиги тарихи бўйича ўз мактабини яратган, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигини асослаб бериш учун кенг кўламда археологик тадқиқотлар олиб борган, бронза ва илк темир даврига оид муҳим илмий материалларни фанга олиб кирган, тарих фани ривожига қўшган ҳиссаси халқаро миқёсда эътироф этилган олимдир…
Қайнар қишлоғида «Етти қиз» ва «Томчи ота» ғорлари бор. «Етти қиз» ғори ҳақида халқ орасида кўпгина ривоятлар юради. Шу асосда шоир Ҳикмат Самадов «Етти қиз» достонини ёзган.
Қайнарликлар пиширган таомларни емабсиз – дунёга келмабсиз. Довон бўйлаб бораркансиз, мазали тандир гўштларидан, патирлардан татимай ўтолмайсиз. Довон узра жойлашган емакхоналарнинг номлари ҳам ўзбекона, чиройли: «Мингчинор», «Марварид», «Дунё», «Само», «Каттатош», «Дастурхон», «Тошсупа», «Довон», «Айрон», «Мингбулоқ» ва ҳоказо. Айтмоқчи, Мингчинор деган номни етмишинчи йилларда ўша пайтдаги республика раҳбари Шароф Рашидов қўйганлар.
Бир пайтлар Қайнар кишмиш узумлари ва майизлари билан ҳам машҳур бўлган. Ҳатто эл орасида Англия қироличаси Қайнар кишмишини севиб тановул қилган, деган гап ҳам юради. Гарчи ҳозир қайнарликлар даромад манбаи кишмишга қараб қолмаган бўлса-да, кўплаб хонадонларда ҳаво алмашиб турадиган туйнукчалари бўлган сояки хоналарни кўрасиз. Уларда кишмиш узум қуритилиб, майиз тайёрланади.
Таърифлайверса Қайнарнинг сифати ҳали кўп. Ҳар ёз Қайнар оромгоҳлари вилоятимиз туманларидан келган болажонларга қучоқ очади. «Қайнар» санаторийсида эса республикамизнинг турли вилоятларидан одамлар келиб, дам олиб, саломатликларини тиклаб кетишади. Яна бошқа кўплаб дам олиш масканлари ҳам бор. Бу жойда табиатнинг ўзи шифокор. Атрофга боқиб кўзингиз қувонади, дилингиз яйрайди, ўзингизни қушдай енгил ҳис этасиз. Шунинг учун баҳор келиб, кунлар исиши билан Қайнарнинг дам олиш масканлари турли вилоятлардан келган сайёҳлар билан гавжум бўлади.
Айтмоқчи, туманнинг Наврўз байрамлари ҳам Қайнарнинг Қоратепа адирларида ўтади. Бу адирларда вилоят, республика миқёсида ҳам кўплаб тадбирлар бўлган. Шунинг учун ҳам эл ҳозир Қоратепа адирларини Наврўзтепа деб атайди.
Қайнарни бунча таърифлаганим бежиз эмас. Қайнарга «Туризм қишлоғи» мақоми берилди. Негаки, Қайнарда экотуризм, гастротуризм, тоғ туризмини ривожлантиришнинг имкониятлари катта.
Қайнар таърифи энди шеър тилида:
Бу жойнинг осмони бошни силайди,
Қоялар бир-бирин опичлаб ётар.
Тонги туни билан соғинчда ёнса,
Кўзи қияр-қиймас қуёши ботар.
Саратон забтига олган кезда ҳам
Димоққа урилар баҳор нафаси.
Сирли оҳанг бўлиб дилга қуйилар,
Дарахт шохларидан булбулнинг саси…
Гоҳ булут қуёшнинг нурини ичса,
Инжулар юзлардан думалаб ўтар.
Бир ёни Самарқанд, бир томон Ургут,
Шаҳри Кеш меҳмонни шу ерда кутар.
Бир санъат яшайди тоғ орасида
Бағрида яшириб ҳайратларини.
Қизларнинг сочидай нафис толалар
Пазанда элимнинг сувратларими?
Бу ерда табиат алвон рангларни
Зангор гиламларнинг кўксига экар.
Олволи, ўриклар шохларин букиб,
Ҳосилнинг забтидан ерга бош эгар.
Чўққилар қўйнидан қорлари сим-сим
Арчалар оралаб сойларга сизар.
Қайнарни қалбига жо қилиб ҳамон
Абдулла шоирнинг руҳлари кезар.
Тан енгил, руҳ тоза, иймон саломат,
Юракда юрт меҳри, ажиб виқорлар.
Исмини жисмига монанд этгали
Кўкарар кекса-ю ниҳол чинорлар.
Унга туташ тоғлар қадим ва сирли,
Мозий ҳикматидир харсангтошлари.
Йўлларнинг четидан «Оқ йўл» дегандай,
Қизғалдоқлар силкир алвон бошларин…
Лола ЎРОҚОВА