Чироқчи туманида Қалқама номли қишлоқ, маҳалла ва сув омбори борлигини биласиз албатта. Унинг маъноси ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
«Қашқадарё вилояти жой номларининг изоҳли луғати»да қайд этилишича, Қалқама (Калгама) тунгус-манжур халқлари мифологиясида афсонавий қаҳрамоннинг исми саналади. Афсонага кўра, у қўш панжали бўлган, кураш ва жангда ҳеч ким унга тенг келолмаган. Унинг куч-қуввати, сеҳри – тўрвасида бўлган. Бир нанай тўрвани – кўлварни ўғрилаб, моҳир овчига айланган.
Афсона Қалқама номининг қадимийлиги, туркийларга хослигини кўрсатади.
Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида Қалқаман кўли бор экан. Қозоқ номшуноси А.Абдураҳмонов бу кўл киши исмидан, киши исми эса халиқаман (халқомон) қўшма сўзидан яралган, деган.
Қалқаман қозоқ халқига мансуб уруғлардан бири бўлиб, ҳозир Жамбул вилоятида яшайди. Қозоқ номшуноси В.Н.Попова Қалқаман, Сараман номларини ҳинд-европа тилларига мансуб деб ҳисоблаган. Ном таркибидаги «ман» сўзидан «ҳўл, намлик» маъноси келиб чиқади. Шунга кўра, Қалқаман – лойқали дарё, демакдир.
Чироқчи қипчоқ-саройлари ҳам жойни Қалқаман, деб аташаркан.
Қолаверса, қорақалпоқ халқининг кичик уруғларидан бири ҳам қалқаман деб аталиб, улар қўнғирот қабиласи шуллик бўлимининг қўлдовли уруғига мансуб.
Биргина Қалқама сўзи атрофида шунча талқин, шунча тарих. Уни атрофлича ўрганса, тадқиқ этса арзийди.