Қашқадарё газетаси Жамият Қаршидаги машҳур кўчага номи қўйилган Шибаев ким?
Жамият

Қаршидаги машҳур кўчага номи қўйилган Шибаев ким?

Ёши катталар Қарши шаҳридаги «улица Шибаева» ҳақида яхши билишади. Хўш, бу ном эгаси ким?

Гап шундаки, ушбу кўчага Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Михаил Шибаев номи берилган.

Михаил Петрович Шибаев 1916 йил 14 ноябрда Россиянинг Пенза вилояти Мокшанский туманидаги Черназорий қишлоғида, деҳқон оиласида туғилган. Шибаевлар оиласи Михаил анча ёшлигида Тошкент шаҳрига кўчиб келишади. Кейинчалик Михаил ҳам шу ерда рассом бўлиб ишлай бошлайди.

1942 йилнинг январь ойи бошида Михаил Петрович Тошкент шаҳар Фрунзе тумани ҳарбий комиссарияти томонидан рўйхатга олиниб, фронтга жўнатилади. Шу йилнинг апрель ойида Украина фронтидан қонли жангларга қўшилади.

1943 йил 15 октябрда 120-пиёда полкининг пиёда разведка взводи командири, катта сержант Михаил Шибаев бошчилигидаги бўлинма Украинанинг Чернигов вилояти Чернигов туманидаги Радул шаҳарчаси яқинидан Днепр дарёсини кечиб ўтиб, душманнинг катта бўлинмасига ҳужум қилади. Тўқнашувда Михаил Шибаев оғир жароҳат олади, аммо кўп қон йўқотишига қарамай жангни давом эттиради. Токи душман тўлиқ ортга чекиниб, уларнинг окоплари хавфдан тозалангунига қадар Михаил Шибаев ва сафдошлари ҳужумни тўхтатишмайди.

Натижада полкнинг қолган қисмлари ҳам дарёни кечиб ўтиб, ҳужумга қўшилади ва душманнинг ҳарбий қисми тўлиқ тор-мор этилади.

Жангда мислсиз жасорат кўрсатган Михаил Шибаевга собиқ иттифоқ Олий Советининг 1943 йил 30 октябрдаги тегишли фармони билан «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони берилиб, у орден ва «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирланади.

Ғалабадан сўнг Михаил Шибаев Қарши шаҳрига келиб, кўп йиллар давомида шу ердаги нон ишлаб чиқариш корхонасида цех устаси бўлиб ишлайди.

У 1985 йилнинг 23 октябрида вафот этган.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version