Маънавият

Қатралар

ЛАБЗ

У лабзини бузди, сотган уйини қайтариб олди. «Уй олдик», дея кўнгли тоғ бўлган бир этак болали оиланинг шодлиги кўпга бормади-қайтариб берилган  пулга маҳзун қараб қолишди. Ҳужжат қилинмагани учун овозларини ўзларидан бошқага чиқаришмади…

Нархи баландроқ харидор келган экан… Қарийб икки баробар кўп пул таклиф қилган экан…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Ҳали у уй сотган пулини санаб ҳам улгурмаганди – автоҳалокатга учради. Икки оёғи ишламай қолди. Даволанишига бир уйнинг пули кетди. Умрбод ногиронга айланди…

Сотилган уйнинг пули ёмон кунига яради…

«ОЛИМ»

У ўқиган китобларига маъсусланиб ўзидан авлиё ясаб олди. Бошқаларни ҳам ўқишга даъват этди…

Аммо… Китоб ўқиб маърифатли бўлди-ю, маънавиятли бўлолмади. Манфаат билан тўқнаш келганида оғиб кетди – виждонини пуллади. Ҳамтовоғини саҳнага чиқариб, ўзи парда ортига бекиниб олди.

Китоблар уни олим қилди-ю, одам қилолмади…

ЛАЙЛАКЛАР

Бир жуфт лайлак учиб келди-ю, қадрдон чинорини тополмади – кесишибди. Атрофни гир-гир айланиб, қулай жой қидиришди. Ноилож симёғочга ин қуриб, жойлашиб олдилар.

Жойлашишга жойлашди-ю, барибир,  яшилликни қумсашди. Уларни кун иссиғидан асраб, елпиб турган ям-яшил баргларни соғинишди…

ЎЗИМИЗ

Кўчага чиқишим билан кўзларим пештоқлардаги ёзувларга урилади: она сўзлар хориж сўзлари панасида қолган… Баъзан хориж сўз она сўз ёнида ўтириб олиб, бирикмоқчи бўлган. Лекин ўхшамаган, қовушмаган, зўрма-зўракилиги сезилиб қолган… Она сўз ёнидаги ётдан қочай-қочай деган,  аммо қочолмаган. Ўз уйида бегонадай, қисинган, қимтинган…

Ҳамма жойда аҳвол шу: хўроз бир хил қичқиряпти…

Энг ёмони, хўрозни қичқиртираётган ўзимиз…

ChatGPT ВА ЧУМОЛИ

Ёшларга қизиқиб қолиб, ChatGPT билан суҳбатлашгим келди. Қарасам, қандай ёрдам керак, деб сўраяпти. Қўлидан келмаган иш йўқ, дейишганди, ижодий қобилиятини синагим келди.

«Менга чумоли ҳақида  митти ҳикоя ёзиб бер. Қисқа, лўнда ва мазмунли бўлсин», дедим.

Кўз очиб юмгунча жавоб қайтарди:

«Мана, Лола! Қуйида сўраганингдек чумоли ҳақида қисқа, аммо маъноси чуқур драблл тайёрладим».

Ўқидим:

«У кичик эди. Бир уруғ донни йиқилган жойидан олиб, тик тепаликка қараб судрай бошлади. Йўл оғир, елкасидаги юк ундан ҳам оғир эди. Бир неча марта йиқилди, ғилдиракдай бўлиб пастга тушиб кетди. Ҳамма қараб, кулиб ўтди.

Лекин у тўхтамади. Юзинчи мартада дон тепаликнинг бошига етди.

Шунда бир бола пастдаги манзарани кузатиб, ёнидаги отасига шивирлади:

– Дада, одамлар ҳам чумолидай бўлса-чи…

Отаси жим турди. Чунки жавоб шунда эди…»

Ҳикоя тугади. Аммо ChatGPTнинг илҳоми жўш урган, шекилли, мени ҳамкорликка, бирга ижод қилишга, китоб чиқаришга чорлай бошлади…

Ҳайратга тушдим. Нима дейишни билмай телефонимни ўчириб, ташқарига чиқиб кетдим…

БЎШ ҚОП

Фикрсиз киши бўш қопга ўхшайди. Уни заҳар билан ҳам, шакар билан ҳам тўлдириш мумкин.

ҒОЛИБ

Ёлғоннинг авжи баланд келди: танловда ғолиб бўлди…

Ғолиб бўлиш учун қинғир ишнинг қирқ кўчасига кириб чиқди…

Рост бир четда мунғайиб қолди.

У ёлғон юрган йўллардан юрмади. Ўзига ишонди…

Лекин четда қолганидан ўкинди.

Сўнг ўзи ўзига далда берди:

«Бу бир танлов бўлса… Ҳаётда сен ғолибсан. Чунки абадийсан!

Ёлғоннинг эса умри қисқа!».

ДОЛЛАР

Автобусда суҳбат авжига чиқди:

– Долларнинг курси тушибди, – деди кимдир. – Кимга керак бўлса, олиб қолсин.

– Тушибди, йўғ-е ,- деди ваҳима билан бошқаси. – Энди нима бўлади?

– Нима бўларди – яхши бўлади-да. Нарх-наво  пасаяди.

– Пасаймайди, – деди бошқа биров. – Ошган нарсанинг тушганини кўрганмисиз?  Шунчаки ўртада кимлардир пул ишлаб қолади.

– Қанчага тушибди?  –  сўради яна бири.

– Сотилиши неча сўм экан?..

– Олиши-чи?..

– Яна тушармикан?..

Хуллас, бир-бирларини саволларга кўмиб ташлашди…

– Ўзи хотиннинг гапига кирмаслик керак. Унга, сўм бўлиб тураверсин, деб айтгандим, доллар қилинг, деб туриб олди…

– Долларнинг бўлгани шу-да – ўйнаб туради: дам тушади, дам кўтарилади. Ваҳима қилманг.

– Ваҳима қилмай бўладими? Тушаверса, кўйиб қоламиз-да.

– Доллар кўпми дейман, ака? – ёшроқ йигит сўз қотди.

– Ҳа, энди тирикчиликдан ортганини бундоқ йиғиб қўйса яхши-да, укам. Пул зарур бўлса, бетингнинг сувини тўкиб, кимнинг эшигини қоқасан?

Йўловчиларнинг гапини эшитиб ўтирган ўрта ёшли киши кулимсираб қўйди. Унинг хаёлига, яхшиям бой эмасман, яхшиям долларим йўқ, деган фикр келганди.

КЎНГИЛ

Кампир ёстиғининг тагидан 20 минг сўм пул чиқариб, ўғлига узатди:

– Болам, давления дорим қолмабди. Олиб келиб бер.

Ўғил пулни олиб, чиқиб кетди. Она ортидан қараб қолди. Кўз ўнгида ўғлининг қўшалоқ машинаси,  данғиллама ҳовлиси, хотинининг қўлларини безаб турган тилла узуклар намоён бўлди ва чуқур хурсинди…

Кўнгил-да, у ўғлидан: «Пулингизни жойига қўйинг, онажон. Ўзим олиб келиб бераман», деган гапни кутганди…

«УСТОЗ»

У аҳмоққа ақл ўргатиб, ўзи ҳам аҳмоқ бўлди…

САБАБ

У мансабни эмас, мансаб уни қувди ва қайси раҳбар ишга келса,  ўзига ўринбосар қилиб олди. Тақдир тақозоси билан  шамол узоқроққа учириб кетган бўлсаям барибир топиб келиб, ёнига ўтирғизиб қўйди. Чунки…

Унинг луғат бойлигида «хўп»дан бошқа сўз йўқ…

Лола ЎРОҚОВА

Exit mobile version