Денгиз
Денгиз – ранглар дунёси. Унда камалак рангидан-да кўп ранглар бор. Бири-бирига ўхшамас, бири-бирини такрорламас ранглар… Гоҳ алоҳида-алоҳида, гоҳ бир-бирига яқинлашиб, уйғунлашиб, тўлқин билан рақсга тушаётган, қуёш нурида товланиб, жилва қилаётган ранглар…
Денгизнинг бутун бўй-бастини кўрмоқчи бўлган нигоҳлар узоқ-узоқлардаги кўм-кўк рангларга бориб қадалади. Бу осмон мовийлигидан ҳам тўқроқ ранг, гўё биров денгиз устига кўк бўёқ тўкиб юборгандай. Шунчалар чиройлики, оппоқ ипакни шу рангга бўяб, кашта тиккинг келади.
Тўлқинлар яқинлашган сари ранги ўзгаради. Зангор, яшил, сарғиш рангларга айланади. Сўнг шаффоф сарғиш парда сузиб келиб, денгиз устига ёйилиб кетади. Қуёш нури зангор ва сарғимтир ранглар устига олтин ранг шакллар чизади. Бу шакллар худди момоларнинг каштасига ўхшайди, тўртбурчак, олти бурчак, кўпбурчак… Улар бир-бирига чирмашиб, товланади, ялтирайди, тўлқинлар ҳаракатидан солланади, жилваланади. Олтин ранг нурлар шаффоф сув оралаб денгиз тубида ҳам жилваланиб, тўлқинлар ҳаракатига мос тебранади. Бу нур – тўлқинларнинг сояси.
Назарингизда ранглар бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаётгандай… Денгизга сиғмаганидан ўзини қирғоққа ураётгандай…
Зарб билан қумларга урилган сувлар оқ тусда кўпикланиб, мавжланиб, сўнг қумлар билан қоришиб сарғаяди, йўқ, ер рангини, тупроқ рангини олади…
Тўлқинлар остида балиқлар сузиб юрибди. Катта-кичик балиқлар. Якка-якка, тўда-тўда бўлиб. Улар ҳам ўзича рақсга тушяпти. Рангин сувлар дунёсида улар ҳам ўз рангида рақсга тушиб юрибди.
Балиқларнинг Ватани – денгиз. Қизиқ, улар ҳам элмикин, халқмикин? Улар ҳам денгизни бўлиб олишганмикин? Улар ҳам денгиз талашармикин? Бир-бирига қарши уруш эълон қилармикин?
Денгиз қолиб саволлар гирдобига шўнғиб кетдим…
Ўғрилик
Унинг пули қолмади. Энг ёмони, уйида уни қолмади… Жўжабирдай жон отанинг кўзига кўз тикиб қолди. У кўзларини олиб қочди-ю, ўзини олиб қочолмади. Боши қотди.

Шу пайтгача пулга зориқмаган, болаларини зориқтирмаган. Бировнинг уйини қуриб, томини ёпиб, шериклари билан бинойидай ишлаб юрган. Қаердан ҳам томдан тушиб кетди-ю, соғлиғини йўқотди. Олдинги шашти, шижоати синди. Иш чиқса, шериклари уни паналаб ўтадиган бўлишди.
Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди. Унинг пули қолмади. Энг ёмони, уйида уни қолмади. Жўжабирдай жон отанинг кўзига кўз тикиб қолди. У кўзларини олиб қочди-ю, ўзини олиб қочолмади. Боши қотди.
Хаёлига келган фикрдан сесканиб кетди. Аммо… Бу ҳолат чўзилмади. Миясидаги фикр уни хирмон томон судраб кетди… Оёқлари, юрсамми-юрмасамми, дегандай қадам боссаям кетаверди… Зўр-базур, истар-истамас… Бир зум ортига қайтишниям хаёл қилди. Аммо… Кўзларида чизилган болалари сувратини ўчириб ташлолмади. Борди…
Тоғдай ястаниб ётган ғалла хирмони бир четидан костюми чўнтагига буғдой сола бошлади. Тешик чўнтакка тушган буғдойлар костюмнинг авра-астари орасида жойлашаверди. Жойлашаверди, жойлашаверди…
Ногаҳон узоқдан қоровулнинг қораси кўринди. Юраги орқасига тортиб кетди. Ор ва номус, уят ва шармандалик забтига олди. Қочмоқчи бўлди. Аммо… Ўрнидан туролмади. Костюм авра-астари ораси буғдойга тўлиб кетган, зил-замбил бўлган. Қимирлолмади. Ўзини кўтаролмади… Костюм ичидаги бўғдой уни ерга михлаб қўйди… Ер уни тортиб турди…
У костюми енгидан қўлларини суғуриб олди. Майиб оёғи оғриқни ҳам унутиб уни хирмонжойдан олиб қочди…
Ортига ўгирилмади. Қоровул уни кўрдими-кўрмадими, буни ҳам билмади…
Эртаси эрталаб қараса, дарвозахонаси олдида икки қоп буғдой турар, устига костюми ҳам тахлаб қўйилган эди…
Ёлғизлик
– Мени бахтлисиз, дедингми, болам? Ёшимни айтяпсан-да, шундайми? Тўқсонга кириш бахт, демоқчисан-да. Тўғри айтдимми? Бир ҳисобдан гапингда жон бор. Оллоҳимга беадад шукурки, шу ёшдаям ўз суягимни ўзим кўтариб юрибман. Бировга муҳтожлигим йўқ. Пенсиям ҳам ана, дераза олдида турибди, кимга керак бўлса ишлатаверади. Бир тўй қилсам ҳовли ўзимникилар билан тўлади. Бегона йўқ.
Аммо… Менинг дунём бошқа, болам. Менинг дунёмда менинг одамларим қолмади, болам. Кўнглимни ёришга дардкашим, суҳбатлашишга ошнам йўқ, болам. Амин жўрам, Раҳим жўрам, Хуррам жўрам, Боймат жўрам, Раҳмат жўрам… Қани улар? Қани мен билан бирга униб-ўсган, ўйнаб-кулган, талашиб-тортишган жон жўраларим, ошналарим, оғайниларим? Ҳаммаси кетиб бўлди… Ҳеч бири қолмади. Уларни жудаям соғинаман. Жудаям қумсайман… Кўргим, суҳбат қургим келади… Лекин бунинг иложи йўқ… Дийдор қиёматга қолган, болам…
Дунё кенг… Одамлар кўп… Лекин мен ёлғизман, болам, ёлғизман.
“Ўзбекчилик”
– Бу китобни унинг ўзи ёзмаган. Ёзиб беришган. Чунки унинг савиясини биламан, наридан бери мақола ёзиши, қоғоз қоралаши мумкин. Аммо китоб ёзолмайди. Қалами ўткир эмас. Ёзганлари жуда юзаки. Ичига чуқур кириб бормайди. Таҳлил ҳам қилмайди.
Тўғри, китоби яхши чиқибди! Бир кунда ўқидим! Зўр! Гап бўлиши мумкин эмас! Лекин ўзи ёзмаган. Қўлидан келмайди бундай китоб ёзиш. Қаричи калта! Жуда калта! Юз йил ишласаям қаричи ўсмайди. Қозонда бори чўмичга чиқади. Унинг қозони саёз, жуда саёз. Лавозимда ишлаши мумкин, лекин китоб ёзолмайди. Айниқса, мана шунақа китобни… Қўлидан келмайди. Ишончим комил: буни у ёзмаган…
Ижодкорнинг ижодкор ҳақидаги гапларини эшитяпман-у, Ўткир Ҳошимовнинг арман қоровули, грузин этикдўзи ва ўзбек академиги ҳақидаги ҳикоячаси миямда чарх ураверди…
“Ўй уйликка…”
Аёл раҳбар бўлди. Эркак ходимлар менсишмади… Пичир-пичир бошланди. Битта хонага кириб олиб, катта холасининг уйида ўтиргандай, гурунгдан бўшашмайди. Аёл уч кун индамади. Уч кун кузатди, ўрганди. Уч кундан сўнг агрономни саволга тутди:
– Ўртоқ, агроном! Культивация неча сантиметр бўлиши керак?
– 15-18 сантиметр.
– Унда кабинетда нима қилиб ўтирибсиз? Культивациянгиз етти-саккиздан ошгани йўқ-ку?! Тракторчи кун ўтарга ишлаяпти. Парвойи палак. Бориб кўрдингизми? Огоҳлантирдингизми? Далолатнома туздингизми? Нима, мен боришим керакми? Мен назорат қилишим керакми? Сизни огоҳлантиряпман. Мен шуғуллансам ёмон бўлади. Жуда ёмон бўлади. Ҳосилдорлик кам бўлса, зарарини мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, ишга лоқайд қараган ходим тўлаб беради…
Аёл ҳисобчига ўгирилди:
– Сизни вазифангиз нимадан иборат?
– Ҳисоб-китоб, бухгалтерия…
– Отнинг калласидай дебитор қарздорлик бор, нимага ўндириш чорасини кўрмайсиз? Нега қарздорни судга бермайсиз? Нега инкасса қўймайсиз? Ё муттаҳамчилигингиз борми? Шу ҳафта муҳлат сизга, бориб шуғулланинг. Ҳал қилинг…
Кейин иқтисодчига юзланди:
– Хўжалик иқтисоди майиб одамга ўхшаб қолган. Нега шуғулланмайсиз? Нега чора кўрмайсиз? Нега таклиф бермайсиз? Уч кундан буён ғийбатдан бўшамайсиз. Айтиб қўяй: мен билан ишламоқчи бўлган киши хўжалик иқтисодини кўтаришни ўйласин. Жон койитсин. Таклиф билан кирсин. Йўқса, столининг устида бир варақ қоғоз билан ручкани кўради…
Эркаклар сувга тушган нондай бўшашдилар. Аёл раҳбарни писанд қилмай, ошириб юборганларини англашди.
Уй-уйликка, тепа-тўйликка бўлди сўнгра…