Ушбу йирик тадбир мамлакатимизда ахборот маконини янада ривожлантириш, ОАВда замонавий журналистика стандартларини жорий этиш ҳамда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим платформа сифатида намоён бўлмоқда.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, медиа мутахассислар ва соҳага иштиёқманд ёшларни жам қилган ҳафталик доирасида турли давра суҳбатлари, мастер-класслар, тренинглар, медиа-лойиҳалар тақдимоти ва ижодий учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, сунъий интеллект технологияларини ОАВда қўллаш, ижтимоий тармоқларда контент яратиш ва самарали коммуникация стратегияларини ишлаб чиқиш каби долзарб мавзулар муҳокама марказида бўлади.
Шунингдек, тадбир ёш журналистлар ва талабалар учун катта имконият эшикларини очади. Улар соҳанинг етакчи мутахассислари билан бевосита мулоқот қилиш, тажриба алмашиш ва ўз лойиҳаларини тақдим этиш имконига эга бўладилар.
Ушбу “Медиа ҳафталик” миллий медиа маконни янада жонлантиришга хизмат қилиши, янги ғоя ва ташаббусларни юзага чиқариши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ахборот соҳасида рақобатбардошликни ошириш, сифатли контент улушини кўпайтиришга замин яратади.
Шоҳиста БОЗОРОВА