Қашқадарё газетаси Долзарб ҚАШҚАДАРЁДА ЯНГИ УЛКАН ЎЗГАРИШЛАР ДАВРИ БОШЛАНДИ
Долзарб Жамият

ҚАШҚАДАРЁДА ЯНГИ УЛКАН ЎЗГАРИШЛАР ДАВРИ БОШЛАНДИ

Қашқадарё вилоятида 2026 йил ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,6 фоизга, бозор хизматлари ҳажми 15,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 5,8 фоизга ва қурилиш 13,2 фоизга ўсиши таъминланади.

Ишсизлик даражаси 3,2 фоизга ва камбағаллик даражаси 3 фоизга пасайтирилиб, шу орқали Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва Китоб туманига қўшимча Ғузор, Қамаши, Кўкдала, Миришкор, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилади.

Ҳудудий экспорт ҳажми 1,3 бараварга, инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга оширилади.

Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, насос станцияларини модернизация қилиш орқали кутиладиган 800 миллион куб метр сув танқислиги таъсири юмшатилади.

15,8 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилади.

Ҳудудлар ўртасида транспорт боғлиқлигини таъминлаш орқали хорижий ва маҳаллий туристлар сони 3,2 миллион нафарга етказилиб, жойлаштириш воситаларидаги ўринлар сони 1,4 бараварга оширилади.

Президентнинг жорий йил 13 мартда Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш, инфратузилма ва бизнес муҳитини янада яхшилаш орқали юқори иқтисодий ўсишга эришиш, яшил тамойилли ёндашувларни кенг жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш ҳамда туризмни жадал ривожлантириш мақсадида қабул қилинган «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорида ана шу марралар ҳудудда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди.

Ҳужжатда бу натижаларга эришиш учун жойларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар манзилли ва соҳалар бўйича батафсил келтириб ўтилган бўлиб, уларни молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилган.  

Янги йўллар, уй-жойлар қурилади, коммунал хизматлар сифати ва инфратузилма яхшиланади

Қарор билан Қашқадарё вилоятида янги имконият ва ташаббусларни ишга солиш, тадбиркорлик инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқланиб, унда:

(а) халқаро аҳамиятдаги «А-378» Самарқанд – Ғузор автомобиль йўлининг 28 километр, «М-39» Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 38 километр, давлат аҳамиятидаги «Д-150» Кўкдала-Қарши шаҳри автомобиль йўлининг 49 километр қисмини қайта қуриш;

(б) халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда 2026 йилда халқаро аҳамиятдаги «М-39» Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг 1255-1315 километрлари қисмини реконструкция қилиш;

Деҳқонобод тумани маъмурий марказининг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳамда аҳоли яшаши учун қулай бўлган замонавий массив ташкил этиш;

Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Китоб, Деҳқонобод ва Қамаши туманлари марказида оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш;

Косон ва Муборак туманлари марказлари ҳамда Китоб-Шаҳрисабз ерости сув конидан сув олиш қувурига яқин бўлган қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш;

(в) Қарши магистрал канали бўйлаб унинг Қарши тумани ҳудудидан ўтувчи 3 километр қисмида «Янги Насаф» экомажмуасини барпо этиш;

(г) электр таъминотини яхшилаш мақсадида 460 та трансформатор пунктларини ўрнатиш ва 1 592 километр электр тармоқларини янгилаш;

(д) аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш даражасини ошириш учун 16 та иншоот ҳамда 416 километр тармоқларни қуриш ва таъмирлаш назарда тутилган.

Мисол учун, Қарши тумани Мирмирон, Батош ва Шойхўжа маҳалларидаги Қарши магистрал бош канали бўйида ишлаб чиқилган мастер режага асосан сув бўйлари, сув омборлари муҳофаза ҳудудлари ҳамда табиий ва сунъий кўл бўйларидаги ҳудудларда хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш орқали аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида каналнинг 3 километри икки ён қирғоғини бетонлаштириш, пиёдалар йўлаги ва осма кўприклар қуриш режалаштирилаяпти. Шу мақсадда амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида зарур инфратузилма объектларини қуриш учун республика бюджетининг 2026 йил биринчи чорак якуни билан шаклланиши кутилаётган қўшимча даромадлари ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган.

Шаҳрисабз туманидаги «Оқсув» дарёси бўйида «KhalQ» МЧЖ томонидан 2026-2027 йилларда қурилажак қуввати 10 МВт бўлган 2 та кичик гидроэлектр станцияси харажатлари эса ташаббускорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 400 миллиард сўмга баҳоланмоқда. 

Умуман, ҳужжатнинг 1-иловаси 76 банддан иборат бўлиб,  унда саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, камбағаллик ва ишсизликни кескин қисқартириш; хизматлар ва туризмни ривожлантириш; инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар; ижтимоий соҳани ривожлантириш (соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, спорт, маданият ва маънавият, маданий мерос); транспорт, коммуникациялар, қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш; оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш; қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш; жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олиш масалаларига оид жуда муҳим ва ижроси қашқадарёликлар ҳаёт сифатига бевосита ижобий таъсир қиладиган чора-тадбирлар ўрин олган.

Эътиборли жиҳати, ана шу тадбирлар учун республика бюджетининг 2026 йил биринчи чорак якуни билан шаклланиши кутилаётган қўшимча даромадлари ҳисобидан 190 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Маҳаллалар ихтисослашуви чуқурлаштирилади

Ҳужжат асосида маъқулланган вилоят ҳокимлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида кооперация тизимини кенг жорий қилиш бўйича таклифида ҳам аниқ ташаббуслар илгари сурилган. Яъни, унда назарда тутилганидек, Қашқадарёда тажриба-синов тариқасида «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», «Саховат ва кўмак» ҳамда «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармаларида 2026 йил 1 март ҳамда кейинги йилларда 1 январь ҳолатига шаклланган қолдиқ маблағларнинг 50 фоизгача қисми Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши қарори асосида маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштиришга қаратилган инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. 

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Маҳалла ихтисослашуви ва бандликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, унга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўм ҳамда маҳаллий бюджет даромадларининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ресурслар йўналтирилади.

Ушбу жамғарма маблағларини маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш мақсадида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш истагида бўлган тадбиркорларга тижорат банклари орқали Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошмаган фоиз ставкасида имтиёзли ресурс сифатида ажратиш;

депозитга жойлаштириш ҳисобидан маҳаллий ҳокимликларнинг фоиз шаклида олинадиган даромадларини тадбиркорларнинг кооперация алоқаларини йўлга қўйишни рағбатлантириш, шу жумладан, умумий фойдаланишдаги инфратузилма объектларини барпо этиш харажатларини субсидиялаш орқали уларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш кўзда тутилган.

Айрим маҳаллий бошқарув органлари кўчади ва баъзи бино-иншоотлар аукционга чиқарилади

Қарорнинг 2-иловасида Қарши шаҳридаги маъмурий биноларда оптимал жойлаштириладиган маҳаллий бошқарув органларининг рўйхати шакллантирилган. Унга кўра 15 та ташкилот айни пайтда фаолият кўрсатаётган манзилидан бошқа биноларга кўчирилади. Жумладан, ҳозирда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг 2-маъмурий биноси жойлашган вилоят маданият ҳамда туризм бошқармалари Мустақиллик шоҳкўчаси 22-уй манзили, яъни «Журналистлар уйи»га ўтади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ушбу бино давлат раҳбарининг 2025 йил 14 июлдаги Пф-111-сон фармони билан тугатилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси балансидан Президент Администрацияси раҳбарининг тегишли фармойишига асосан беғараз вилоят Ахборот-кутубхона марказига ўтказиб берилган эди.

Ҳужжатнинг 2а-иловасида манзиллари кўрсатилган вилоят марказидаги 5 та маъмурий бино эса аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланган. Мисол учун, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган Ғофур Ғулом МФЙ, Насаф кўчаси, 4/214-уй манзилидаги маъмурий ва ёрдамчи бинолар сотилади. Объектнинг умумий ер майдони 0,86 гектарни, бўш турган қурилиш ости майдони эса 757,32 квадрат метрни ташкил этади.

Саноат сифат жиҳатидан юксалади, мавжуд имконият ва захиралар тўлиқ ишга солинади

Саноатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш иқтисодий барқарорликнинг муҳим омили саналади. Қашқадарёда бунинг учун мавжуд имконият ва захираларни тўлиқ ишга солиш янги-янги марраларга йўл очади.

Шунга кўра, қарор билан вилоят ҳокимлигининг Муборак тумани Кончилар маҳалласи ҳудудидаги 200 гектар ер майдонида «Муборак инновацион саноат зонаси» махсус иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган. У зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги эса Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда маҳаллийлаштириш ва кооперация лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳудуддаги норуда фойдали қазилма конлари ва участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқаради. Улар сони 18 та бўлиб, захираси бентонит гил, қум-шағал аралашмаси, мармар, мармар оҳактош, лёссимон жинслардан иборат.

Йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш модели ишлаб чиқилади

Бунинг учун вилоят ҳокимлигига Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан бош режани ишлаб чиқиш бўйича нуфузли консалтинг компаниясини жалб қилиш топширилган.

Унда туман (шаҳар) марказларининг вилоят маркази билан боғлиқлигини кучайтириш; аҳоли пунктларини туристик ва маданий мерос объектлари, марказлар, ижтимоий ва бошқа кўнгилочар объектлар билан қулай равишда боғлаш; тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар ва «саломатлик йўлаклари» учун қулай ва замонавий ечимларни аниқлаш назарда тутилади.

Шунингдек, икки ҳафта муддатда вилоят аҳолиси мобиллигини ва ҳудудлараро боғлиқликни ошириш мақсадида Тошкент-Шаҳрисабз йўналишида ҳаракатланувчи юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини ҳафтасига 3 мартага етказиш чоралари кўрилади.

Чироқчида «Соҳил бўйи» мажмуаси барпо этилади

Бунинг учун аввало коммунал тизимларни ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мастер режа асосида бунёд этиладиган ушбу мажмуа ҳудудининг электр таъминотини яхшилаш учун 10 километр (10 КВт) ерости тармоғи қурилиб, Чироқчи подстанциясидаги Т2-16000 КВтли трансформатор ўрнига 25000 КВтли трансформатор ўрнатилади.

Ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида  4 та тик қудуқ, 1 та (1000 куб метр ҳажмли) сув иншооти, 8,6 километр ичимлик суви тармоғи қурилади. 1 та (2000 куб метр ҳажмли) оқова сув тозалаш иншооти, 8,5 километр оқова сув тармоғини қуриш ҳам кўзда тутилган.

Мастер режага кирган ҳудуднинг йўл инфратузилмасини яхшилаш учун 8,6 километр асосий ва ички йўллар босқичма-босқич қурилади ва таъмирланади. Ўша ердан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёси қирғоқларининг 2,5 километри қисми  мустаҳкамланиб, қирғоқларида 6 километр узунликдаги «саломатлик йўлаги» бунёд этилади ҳамда атроф ободонлаштирилади.

Қарорга асосан «Соҳил бўйи» мажмуасини ривожлантириш ва бошқариш билан боғлиқ вазифа ва функциялар вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаментига юкланмоқда.

Мажмуа ҳудудидаги бўш ер майдонларини сотишдан тушадиган тушумлар (сотиш харажатларидан ташқари) тўлиқлигича департамент ихтиёрида қолади ҳамда Халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгаши қарори асосида мастер режани амалга ошириш билан боғлиқ ташқи-ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва бошқа зарур инфратузилмани яратиш, коммуникация тармоқларини кўчириш, ободонлаштириш ҳамда бузилишга тушган кўчмас мулк объектлари учун жисмоний ва юридик шахсларга тўланадиган компенсация тўловларини қоплаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун сарфланади.

Шу жойда ҳужжатга кўра Шаҳрисабз тумани Ҳисорак-Ғелон-Кўл хўжаликлараро ички автомобиль йўли бўйларидаги туман ҳокимлиги захирасидаги 37,8 гектар ер майдонлари замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан «Ғелон» туристик-рекреацион зонаси дирекциясига ажратилган ҳолда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши кўзда тутилганини ҳам қайд этиб ўтиш ўринли.

Энергия самарадорлиги оширилади

Қарорда вилоятда энергия самарадорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирлар ҳам алоҳида қайд этилган. Унга кўра вилоятдаги энергия истеъмоли юқори 1,2 мингта аҳоли хонадонига энергия самарадор қурилмалар ўрнатиш ва таъмирлаш учун «яшил таъмир» ва «яшил истеъмол» кредитлари ажратилади ҳамда субсидиялар берилади.

Энергия самарадорлиги бўйича илғор халқаро тажриба асосида Нишон туманидаги 4 та ижтимоий соҳа муассасаси ҳамда Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасининг 12 та бино-иншооти таъмирланади;

«Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақоми берилган туман (шаҳар)ларда 2 та ижтимоий соҳа муассасаси «Ноль энергия сарфли бинолар» концепцияси асосида модернизация қилинади;

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 69 та ижтимоий соҳа муассасасини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда энергия самарадорлиги бўйича талаблар жорий этилади.

Бундан ташқари, вилоятдаги 311 та ижтимоий соҳа муассасасини иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида уларга 623 та гелиоколлектор ўрнатилади.

Яна бир ўринбосар ва тажриба-синов

Қашқадарё аграр вилоят. Деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик каби юмушлар ортидан кун кўрадиган аҳолиси ҳам талайгина. Ҳудудда янги ерларни ва қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш, сув хўжалигида ресурслардан самарали фойдаланиш сингари долзарб масалалар иқлим ўзгариши шароитида ҳамиша кун тартибида турибди.

Қарорда ана шуларга ечим бўладиган қатор тадбирларни амалга ошириш ҳам кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Шаҳрисабз туманида «Қува агростар», Қамаши туманида «Янгийўл агростар», Кўкдала туманида «Мирзачўл агростар», Ғузор туманида «Навоий агростар» МЧЖларнинг лойиҳа офислари ташкил қилинади.

Вилоятда 15 минг гектар, шундан 2026 йилда ўзлаштириладиган 5,2 минг гектар ер майдонларида чорва озуқаси етиштириш ҳамда кооперация асосида ривожлантириш учун Муборак туманида «Қашқадарё агростар» компанияси ташкил этилиб, Нишон, Ғузор, Деҳқонобод ҳамда Қамаши туманлари унга бириктирилади.

Шунингдек, 2026 йил якунига қадар Осиё тараққиёт банкининг чорвачилик ва яйловларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида жалб қилинадиган маблағлар ҳисобидан тажриба-синов тариқасида Нишон туманидаги 1 минг гектар майдонда деградацияга учраган яйловларни бошқариш модели яратилади. Бунда Япониянинг Тоттори университети экспертларини жалб қилган ҳолда «Уруғчилик ороли» технологияси асосида янги уруғ майдончалари, Мўғулистон тажрибаси асосида махсус ҳимояланган ҳудудларда чорва учун озуқа базаси ва сувларни йиғиш ҳамда самарали бошқариш учун 6 та тик қудуқ ва мини-резервуарлар ташкил этилади.

Касби, Нишон, Косон ва Миришкор туманларида йирик ва майда шохли қорамолларни боқишга ихтисослашган 20 та маҳалладаги мавжуд 44 минг бош қорамолнинг наслини яхшилаш учун хорижий ва маҳаллий ветеринарлар жалб қилинади.

Маълумки, Қашқадарёда қишлоқ хўжалиги ерларининг катта қисми чўл ҳудудларида жойлашган. Улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва бунинг учун замонавий тажриба ва илм-фан ечимларини қўллаш, ҳамкорлар жалб қилиш жуда муҳим. Қарорга асосан вилоят ҳокимлигининг ташкилий тузилмасига амалдаги штат бирликлари доирасида вилоят ҳокимининг чўл ҳудудлари ва аграр соҳага инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўринбосари лавозими киритилиб, унинг 3 нафар штат бирлигидан иборат котибияти ташкил этилиши ана шу каби масалалар ечимига қаратилгани билан аҳамиятли.

Янги жамғарма ва 5 минг евро ссуда

Шу йил давомида вилоятда мактабгача таълим билан қамров даражаси 80 фоиздан паст бўлган 12 та туманда 350 та нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади. 120 та мактабгача таълим ташкилоти бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Худди шу тадбирлар қарорда ўз аксини топгани ҳолда ҳужжатда маҳаллий ёшларни немис тили ва касбга ўқитиш орқали Европа давлатларига ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига юбориш  дастурини амалга ошириш бўйича ҳам алоҳида вазифалар белгиланган. Хусусан, уч ой муддатда Қарши шаҳридаги техникум қошида Таълим ва технологиялар маркази ташкил этилиб, унда ёшларни халқаро стандартлар асосида хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилади.

Ёшларни халқаро стандартлар асосида хорижий тиллар ва касб-ҳунарга тайёрлаш ҳамда уларни ривожланган давлатларга тартибли меҳнат миграциясига юборишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида Касбий таълим ва меҳнат миграциясини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Германия Федератив Республикаси ва Европа мамлакатларига тартибли меҳнат миграциясига чиқиш истагида бўлган фуқароларга мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан 5 минг евро миқдорида қайтариш шарти билан бир йил муддатга ссуда ажратилиши назарда тутилгани эса муҳим янгилик.

Умуман, Президентнинг «Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси ҳудуд ривожи ва унда яшовчи аҳоли турмуши фаровонлигига қаратилган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Бунинг учун яна Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси вилоят ҳокимлигига 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги миллий валютада фоизсиз кредит маблағлари ажратиши белгилангани ҳам кутилаётган натижалар салмоғидан дарак беради. Демак, Қашқадарёда янги улкан ўзгаришлар даври бошланди. 

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version