Қашқадарё газетаси Жамият Қашқадарёда 57 та МФЙ қисқартирилиб, қўшни маҳаллаларга бирлаштирилади
Жамият

Қашқадарёда 57 та МФЙ қисқартирилиб, қўшни маҳаллаларга бирлаштирилади

Маҳаллий Кенгашларда

Жорий йил 11 апрель куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг «Вилоятдаги айрим маҳалла фуқаролар йиғинларини оптималлаштириш чора–тадбирлари тўғрисида«ги қарори эълон қилинди. Унга асосан мутасадди ташкилотларга Қашқадарёдаги 57 та маҳалла фуқаролар йиғинини қўшни маҳаллалар билан бирлаштириш ва уларнинг чегараларини қайта белгилаб чиқиш топширилди.

Қарорда қайд этилишича, мазкур ҳужжат Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармасининг тегишли хати ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиясининг хулосасини инобатга олган ҳолда қабул қилинган. Айни пайтда унда вилоятдаги 57 та маҳалланинг фаолияти ташкилий ва молиявий жиҳатдан тўғри йўлга қўйилмаганлиги ва бошқарув жиҳатидан ўзини оқламаётгани ҳам таъкидлаб ўтилган.

Қарор билан маъқулланган рўйхатга кўра, Муборак тумани ва Шаҳрисабз шаҳрида 2 тадан, Деҳқонобод ва Нишон туманларида 3 тадан, Қарши шаҳри ҳамда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Касби, Ғузор, Қамаши, Косон ва Қарши туманларида 4 тадан, Кўкдала туманида 7 та маҳалла фуқаролар йиғини қисқартирилиб, қўшни маҳаллаларга бирлаштирилади.

Масалан, Деҳқонобод туманидаги аҳолиси сони 1009 нафар, хонадонлар сони 187 та, умумий ер майдони 361 гектарни ташкил этадиган, ўз биносига эга бўлмаган Гулистон маҳалласи Оққишлоқ маҳалласи  билан бирлашади ва Оққишлоқ МФЙ вужудга келади. Ҳудди шундай Китоб туманидаги Анорзор маҳалласи (аҳоли сони – 4525 нафар, хонадонлар сони – 960 та, ер майдони – 1962,6 гектар, ўз биносига эга эмас) Боғибаланд маҳалласи билан бирлашиб, Боғибаланд МФЙ  ташкил этилади. Қарши шаҳрида эса Пахтазор ва Пахтазор-1, Боғишамол ва Эски Анҳор, Янги турмуш ва Кат, Самарқанд ва Дарвозатутак маҳаллалари бирлаштирилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан туман ва шаҳар ҳокимликлари зиммасига ҳам муҳим вазифалар юклатилиб, хусусан, алоқадор ташкилотлар билан биргаликда бирлаштириладиган маҳалла фуқаролар йиғинларини қайта давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда муҳр ва тамғаларини алмаштириш чораларини кўриш топширилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, қонунчиликка мувофиқ «Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш фуқаролар йиғинлари илтимосномаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилади».

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version