Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан Қарши давлат университетида археолог олим, тарих фанлари доктори Абдисабур Раимқуловнинг “Қашқадарё воҳасининг VIII-XIV асрлар даври шаҳарлари ва тарихий топографияси” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда профессор олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, тарих ихлосмандлари ҳамда талабалар иштирок этишди.
Маълумки, дунёнинг энг қадимий цивилизациялари – Миср, Икки дарё оралиғи, Хитой ва Ҳинд тамаддунлари қаторида Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва Қашқадарё ҳавзаларида шаклланган Ўрта Осиё цивилизацияси ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Қайд этилишича, ўрта асрларда Қашқадарё воҳасида камида 30 та шаҳар фаолият кўрсатган бўлиб, монографияда уларнинг шаклланиши, тараққиёт босқичлари, ўзига хос хусусиятлари, турлари, шаҳарлар ривожидаги асосий омиллар, Буюк Ипак йўлининг Қашқадарёдан ўтган тармоқлари, халқаро ва маҳаллий савдо йўллари, воҳанинг ўрта асрлардаги тарихий географияси кенг кўламли ўрганишлар ва манбалар асосида баён қилинган.

Китоб Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими маблағи ҳисобидан Тошкент шаҳридаги “Очун” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди. Китоб муаллифи Абдисабур Раимқулов номи илмий доираларда анча машҳур. Олим 1958 йил Самарқанд вилояти Паяриқ туманида туғилган. Унинг илмий фаолияти тарих ва археология фанининг бир неча йўналишларини қамраб олган. Олим айни пайтда Самарқанд археология институтида фаолият кўрсатади.
Тақдимотда Марказ вилоят бўлими раҳбари Комила Каромова, таниқли олим Абдураим Эркаев, меҳнат фахрийси Маматқул Ражабов, Қарши давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори Дилнавоз Раҳматова, Шаҳрисабз педагогика институти профессори Наби Хушвақтов, вилоят тарих ва маданият давлат музейи директори Баҳодир Мамадиев ва бошқаларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди. Иштирокчиларга китоблар улашилди.
Б.САЙФИЕВ
Суратларда: тақдимотдан лавҳалар.