Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, вилоят номидаги «қашқа» сўзи қандай маъно англатади? Биламиз, қашқа – от ёки мол пешонасидаги оқ жой, нишона. Лекин бунинг вилоят номи олинган дарёга қандай боғлиқлиги бор?
Қашқадарёга оид
Айрим мутахассислар қуйи оқимида қуриб қолгани учун қақшайдиган, қуриб қоладиган дарё сифатида ҳам изоҳлашган. Э.Мурзаев, В.Бартольд каби тарихчилар Кешируд, Кешруд дарёси номининг ўзгарган шакли дея изоҳлашган. Йирик олимлардан бири Тўра Нафасовнинг фикрига кўра, «қашқа» – туркий ясама сўз бўлиб, қаш (қош) – тепа, баландлик, тоғ чўққиси, дўнглик, кўтарма ер, қирғоқ, ён, чет, чекка маъноларини англатса, «қа» қўшимчасидан белги ва нарса билдирувчи сўзлар ясалган. Жумладан, қашлақ – баландлик, тиккалик, қиялик; қашқа (қошқа) – тоғли (жой), тоғ. Қашқа сув – тез оқар сув; қашқа қум – уюм-уюм бўлиб тўпланиб қолган қум тўдаси, бархан.
Қашқа сўзининг туркий тиллардаги, эски ўзбек тилидаги маъноларига таяниб айтиш мумкинки, Қашқадарё – тоғ дарёси, тоғдан бошланувчи дарё, тез оқар дарё деган маъноларни англатади.
БЕКЗОД тайёрлади.