Бундан роппа-роса бир аср олдин – 1925 йил 22 май куни «Қашқадарё» газетасининг илк сони чоп этилган эди. Ўтган 100 йил давомида ушбу даврий босма нашрнинг 16 мингдан ортиқ сони дунё юзини кўриб, муштарийлар қўлига етиб борган экан, улар орқали воҳа аҳлига Қашқадарё ва Ўзбекистон, қолаверса, бутун жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, турли соҳаларга оид муҳим хабарлар ва қимматли маълумотлар етказилган.
Сана
Нашримиз билан узоқ йиллар давомида яқиндан ҳамкорлик қилиб келган атоқли тарихчи ва адабиётшунос олим Поён Равшанов «Қашқадарё» газетасига вилоятимиздаги «илк матбуот қалдирғочи» дея таъриф берган эди. Зеро, бундан 15 йил олдин вилоят ҳокимлиги архивида ўрганиш олиб бориш чоғида у киши 1925 йил 15 май куни Беҳбудий (ҳозирги Қарши) шаҳрида ўтказилган йиғилиш қарорини топиб, унда «Вилоят фирқа қўмитаси ва ижроия қўмитаси органи бўлган газетани нашр этиш зарур деб ҳисоблансин; газета «Қашқадарё» деб номлансин; Саид Аҳрорий техник муҳаррир этиб тасдиқлансин» дея қайд қилинганини аниқлаган ва шу тариқа кенг оммага «отахон газета» ҳақиқатан ҳам айнан 1925 йил 22 майдан нашр этила бошланганининг ҳужжатли тасдиғини тақдим қилган.
– Газета араб ёзувида чиқарилган, ҳажми ҳам катта бўлмаган, – деб ёзганди олим ўзининг «Қашқадарё» газетаси қачон ташкил топган?» сарлавҳали мақоласида. – Қашқа воҳасида совет ҳокимиятига қарши давом этган курашлар, бу йилларда вужудга келган мураккаб вазият, кадрлар етишмаслиги газетанинг узилишлар билан чиқишига сабаб бўлган.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида кўрсатилганидек, «Қашқадарё» номи билан нашр этила бошлаган газета кейинчалик «Социализм алангаси», «Енгиш» (1934), «Қашқадарё ҳақиқати» (1935) номларида чоп этилган. 1960 йил 25 январда Қашқадарё вилояти тугатилиб, Сурхондарё вилоятига қўшилиши муносабати билан «Қашқадарё ҳақиқати» газетаси ўз фаолиятини тўхтатган, 1964 йил 7 февралдан яна чиқа бошлаган.
-«Қашқадарё ҳақиқати», кейинчалик эса «Қашқадарё» газетаси таҳририятида 1974 йилдан 2012 йилгача, қарийб 40 йил ишладим ва ҳаётимнинг асосий қисми бу ижодий жамоада ўтди, – дейди фахрий журналист, «Шуҳрат» медали соҳиби Намоз Аҳмедов. – Вилоятимизда диққатга сазовор қандай ишлар амалга оширилган бўлса, барчаси ҳақида нашр саҳифаларидан топиш мумкин. Бежизга бугун тадқиқотчилар кутубхона ва архивларда газетамиз тахламларини синчиклаб ўрганишмайди, чунки ҳар бир сонида Қашқадарё тарихига оид кўплаб ноёб маълумотлар ва энг муҳими, фидоий инсонлар ҳақидаги қимматли фактларни топиш мумкин. Айниқса, мустақиллик даврини олсак, Талимаржон ИЭС, Деҳқонобод калий заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли, «Uzbekistan GTL» заводи, бошқа кўплаб йирик объект ва иншоотларнинг қурилиши, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарлари юбилей тўйларига тайёргарлик ва уларнинг юқори савияда ўтказилиши, умуман олганда, воҳамиз қиёфаси ва одамларимиз дунёқарашининг ўзгариши – шуларнинг барчаси газетада акс этган.
Дарвоқе, ўтган йиллар давомида «Қашқадарё» газетаси ёш кадрлар учун маҳорат мактаби вазифасини ҳам муваффақиятли бажариб келди. Бунинг самараси ҳозир ҳам қатор нуфузли босма ва интернет нашрлари, республика миқёсидаги телеканаллар ва ахборот агентликлари, турли корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари фаолиятида яққол сезилиб турибди.
– «Қашқадарё» газетаси таҳририятида ишлаган пайтларимда матбуот соҳасида биринчилардан бўлиб рақамли ва интернет технологияларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйгандик, – дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қашқадарё вилояти бўйича фотомухбири, «Шуҳрат» медали соҳиби Жамшид Норқобилов. – Кўп жиҳатдан айнан ўшанда доимо янгиликка интилиш ва янги манзиллар сари олға юриб, янги чўққиларни забт этишни ўрганган бўлсам ажабмас. Табиийки, бу менга бугунги фаолиятим, умуман ҳаётимда анча асқатаяпти ва бунинг учун «Қашқадарё» газетасидан жудаям миннатдорман.
Газета муштарийларга муҳим хабар ва қимматли маълумотларни етказибгина қолмай, кўп ҳолларда ҳаётимизда учраётган муаммоларга масъуллар эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга амалий ёрдам ҳам берган.
– Дардимни айтиб, кўп жойларга мурожаат қилдим, аммо ҳеч қандай натижа бўлмади, охири ўзимизнинг «Қашқадарё» газетамиз журналистларига муаммоларимни очиқ-ойдин сўзлаб бердим, – дейди Ғузор тумани Шерали маҳалласида яшовчи Ҳуснора Тўраева. – Таҳририят вакиллари аралашгач, тегишли ташкилотлар ногиронлик аравачасини беришди, бир-неча марта соғломлаштириш марказида даволаниб чиқдим, уй-жойим таъмирланди, кўпгина бошқа мушкулларим осон бўлди.
Бугун вилоятга отдош газета илк сони чоп этилганининг 100 йиллиги расмий доираларда кенг нишонланмаса-да, «Қашқадарё» газетаси таҳририятида ишлаб, ижод қилган, унинг маҳорат мактабида тажриба орттирган ва нашримизни севиб ўқийдиган инсонлар ушбу санани, албатта, қалбан тантана қилишади. Эртага эса газета тарихининг иккинчи асри бошланади…
Темур НИЗОМОВ
