Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида Қашқадарёдан хорижга умумий қиймати 26,5 миллион АҚШ долларига тенг 4 минг 301,6 тонна ловия экспорт қилинган.
Долзарб статистика
Мамлакатлар кесимида оладиган бўлсак, бу дуккакли маҳсулот экспортининг асосий қисми (ҳажми бўйича қарийб 80 фоизи) Покистон (2 минг 380,4 тонна) ва Афғонистон (1 минг 13,2 тонна) ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Қашқадарё деҳқонлари етиштирган ловия шу йилнинг дастлабки беш ойи давомида Эрон (809 тонна), Грузия (88 тонна) ва Қозоғистон (11 тонна) каби мамлакатларга ҳам етказиб берилган.
Жорий йилда вилоятимизга ловия экспортидан келиб тушаётган валюта миқдорини ўтган йилнинг мос давридаги тегишли рақам билан таққосласак, мазкур йўналиш бўйича юқори суръатдаги (қарийб 6,5 баравар) ўсиш қайд этилгани яққол кўзга ташланади. Зеро, вилоят статистика бошқармаси эълон қилган маълумотларга қараганда, ўтган йилнинг дастлабки беш ойи давомида вилоятимиздан турли хорижий мамлакатларга 1,1 минг тонна ловия экспорт қилинган, унинг умумий қиймати эса 4,1 миллион долларни ташкил этган.
Қашқадарё заминида етиштирилаётган маҳсулотлардан нафақат ловия, балки турли хил мева ва сабзавотларнинг ҳам чет эл мамлакатларида бозори чаққон. Мисол учун, шу йилнинг беш ойида воҳамиздан хорижга қиймати 2,5 миллион долларга тенг 6,7 минг тонна карам экспорт қилинган бўлса, унинг энг кўп қисмини Қозоғистон (4,4 минг тонна), қолганини эса Россия Федерацияси (2,2 минг тонна) ва Қирғиз Республикаси (0,1 минг тонна) тадбиркорлари сотиб олишган. Шу йил январь-май ойларида Қашқадарёдан чет эллик ҳамкорларга етказиб берилган жами қиймати 1,9 миллион долларлик 4 минг 213,4 тонна сабзи ҳам асосан Қозоғистон (2 минг 354,2 тонна) ва Россия (1 минг 789,7 тонна), шунингдек, Тожикистон (59,8 тонна) ва Қирғиз Республикаси (9,7 тонна) ишбилармонлари томонидан харид қилинган.
Умуман олганда, жорий йил 20 июнь куни давлатимиз раҳбари иштирокида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинганидек, вилоятда йил бошидан буён мева-сабзавот экспорти 2 карра ошиб, 62 миллион долларга етган.
Ўз мухбиримиз