Сараланган сатрлар
«Америка – сеҳрли диёр». Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг ушбу таърифида жон бор, албатта. Бежиз ҳар йили минглаб, миллионлаб киши океанорти мамлакатига интилмайди. Осмонўпар бинолар, гўзал шаҳарлар, ўзига хос табиат, машҳур ёдгорликлар қатори имкониятлар сероблиги ҳам кишиларни мудом ўзига чорлайди. Озодлик ҳайкали, Голливуд шаҳарчаси, Ниагара шаршараси, Лас-Вегас каби манзилларни бориб кўришни ким ҳам истамайди дейсиз. Америка – турли миллатлар, маданиятлар ва урф-одатлар уйғунлашган мамлакат. Дунёнинг энг етакчи университетлари ҳам шу ерда. Даврнинг энг буюк кашфиётлари, янгиликлари шу мамлакатдан дебоча олади.
Бинобарин, сеҳрли диёр ҳақида ёзилган бадиий асарлар ҳам китобхонларни қизиқтириши табиий. Самарқандлик Баҳодир Жабборовнинг «Ҳелло, Америка» қиссаси ана шундай асарлардан бири. Унда муаллиф Америкадаги ва юртимизда кечган ҳаётини қаламга олади. Диққатга сазовор жиҳати, Баҳодир Жабборов спорт билимдони, 2 мингдан ортиқ жамоалар, минглаб спортчилар, уларнинг мураббийлари, ҳакамлар ва стадионлар, спорт ареналари номи, турнирлар тафсилотини хотирасида сақлаган ва ана шу ноёб хотира қуввати ўзга юрт фуқаролари билан бемалол тил топишишида қўл келган.
Адиб 1970 йилдан хонадонида уй-музейини ташкил этган бўлиб, унда жаҳон спортига оид 50 мингдан ортиқ экспонатлар жой олган, у афсонавий дарвозабон сифатида дунёга довруқ таратган Лев Яшин билан дўстона алоқада бўлган экан.
«Ҳелло, Америка»даги қизиқарли сюжет ва спортга оид фикр-мулоҳазалар Сизни бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.
* * *
Сизда ҳам шундай бўладими, йўқми, билмадим-у, менинг иштаҳам билан имкониятим тескари пропорцияда туради. Киссам касодга учраган кезлари иштаҳамнинг қопқоғи батамом очилади.
* * *
Кетмайдиган меҳмон, йиқилмайдиган полвон бўлмайди.
* * *
Пер де Кубертеннинг бутун дунё халқлари орасида афоризмга айланиб кетган машҳур сўзларини такрорладим: «О, спорт, бу олам ичра сенинг ўзинг алоҳида бир оламсан!»
* * *
Мабодо миллатларни ёмғирга ўхшатадиган бўлсак – бошқалар майда-майда ёққанда, бир шаррос қўямиз.
* * *
Бу – Америка! Америка ҳатто «Спортлото» ўйинида ҳам ўз пулини маҳкам чангаллаб туради!
* * *
Австриялик Астор деган йигит чўнтагида эллик доллар (ўша пайт у салмоқли сумма бўлган) билан кемада, янги дунёни забт этиш мақсадида Америка сари йўл олган. Ўшанда у бор-йўғи ўн етти ёшли йигитча бўлган. Иттифоқо, у мўйна савдоси билан шуғулланувчи бир савдогар билан битта каютада хонадош бўлиб қолади. Астор эътиборли ўспирин эди, у гарчи ким билан бирга кетаётганини билмаса ҳам, хушмуомала ва мулоҳазакорлик сифатларини намоён этган. Ҳамроҳининг эътиборини қозонган. Америка диёрига келишлари билан савдогар уни иш билан таъминлаган. Кейинчалик у савдогарнинг қизи билан танишиб, қалбини забт этган, кўп ўтмай, тўйлари бўлиб ўтган. Мўйна қироли уларга уч юз доллар тўёна қилган. Ўша вақт голландиялик бир киши ҳинду-аборигенлардан бутун бошли Манхеттен ҳудудини бор-йўғи йигирма беш долларга сотиб олганини назарда тутадиган бўлсак, савдогар фарзандларининг бахт тўйига мўмайгина сармоя совға қилганини чамалаш мумкин бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Астор ана шу сармоя ҳисобидан ўзининг шахсий мўйна саноатига асос солади. У йиллар ўтиб, бутун дунёни забт этишга киришади. Ҳозирда жаҳоннинг турли мамлакатларида «Астория» номли минглаб меҳмонхоналар фаолият кўрсатади. Ҳа, дарвоқе, шулардан бири – Самарқандда.
* * *
Пул деган қусур отани болага, акани укага қайрайдиган, орага совуқлик туширадиган бир унсур.
* * *
Америкада биздан фарқли ўлароқ, беморнинг аҳволи ҳақида унинг яқинларига очиқ-ошкор маълумот берилади. Ўладиган бўлса, ўлади, дейишади ҳеч иккиланмай. Начора, у ернинг ахлоқий мезонлари бўлакча.
* * *
Киши ҳадеб ўзини оқлашга тушса, охир-оқибат, оқсаб қолади.
* * *
Отам менга бир ҳақиқатни уқтирган. Ҳеч нарсага ортиқча меҳр берма, деб ўргатган. Нимагаки керагидан ортиқ эътибор қаратсанг, ўшанинг қурбонига айланасан, дерди.
* * *
Одамлар бир-бирларини қўллаб яшашлари керак, деган хулосага келганман. Бу муваффақият омили. Агар ана шу ҳамжиҳатлик бўлмаганда инсоният ибтидоий жамоа тузумидаёқ буткул қирилиб кетган бўларди.
* * *
Бу ҳаёт ҳам футбол майдони. Тўпни бир-бирига ошириб ўйнаган жамоа зафар қучади. Уни ёнидаги шеригининг оёғига ташлаб беришдан қизғанган ўйинчи ютқазади.
* * *
Ҳар қандай юксаклик миттидан кабирга ўсиб боради.
* * *
Умуман олганда, инсон пўстинга ўхшайди: унинг ҳам қаеридадир, нимадир илакишган бўлади. Şуни деб пўстиндан кечилмагани каби инсонни ҳам қайсидир қусурлари учун чиқитга чиқариш ноўрин. Пўстинни қоқсанг, ғубори арийди, одамни ҳам баъзи-баъзида яхшилаб силкилаб турсанг бас, кири тўкилади.
* * *
Эътибор берганмисиз, ҳамиша шундай бўлган. Қилғилиқни кимлар қилади-ю, деҳқон билан кетмон балога қолади, афсус.
* * *
Ўрмон йиртқичларсиз ўрмон эмас.
* * *
Мана шу шармандали мағлубият ҳатто икки қардош республика раҳбарлари Şэрбитский ва Рашидов орасидаги зиддиятни кескинлаштирди. Улар ўзаро гаплашмай қўйишган ҳаттоки. Ўз футбол жамоасининг мағлубиятидан яраланган республика раҳбари жавоб учрашуви ўтказилишини талаб қилди. Реванш – қасос олиш мақсади барқ урди. Аммо «Қасд қилган паст бўлар» деган нақл бор халқимизда. Бунинг тасдиғи сифатида «Пахтакор»нинг Киевда яна бир карра «Динамо»ни 0:1 ҳисоби билан мағлубиятга учратганини мисол келтиришимиз мумкин.
* * *
Тошни сув кемиради, одамни мақтов емиради.
* * *
Улуғ файласуф Иммануил Кант «Ҳақиқатдан ва ўтмишингдан қочиб қутулмайсан», деган.
* * *
Авваллари давра ва йиғинларда ёши кексалар, уйда эса ота-онамиз бировнинг ҳақига хиёнат, бировнинг ризқига сўрамай қўл узатиш, тама ва товламачилик гуноҳи кабир экани ҳақида панд ўқирдилар. Мана шу сабоқлар сабабми, ичимиздан садо бериб тургувчи бир овоз бизни мана шундай қалтис йўлга қадам қўймасликка, ҳаромдан ҳазар қилишга ундаб турарди. Бироқ ҳозирда бу нарса камёблашиб боряпти. Товламачилик, ҳийла, бир-бирини чув тушириш одатий ҳолга айланиб қолди. Ўзидан ўзгага панд ўқийдиган ҳам қолмаяпти, ўзига ҳавола…
* * *
Ит азобига фақат ит бардош беради.
* * *
Ҳаёт фақат ейиш-ичиш, ўйин-кулги, ур-йиқитдан иборат эмас: инсон ўз ортидан эслашга арзигулик нималардир қолдириши ҳам керак.
* * *
Билмай эришилган натижани ким ҳам билиб туриб совуради?!
* * *
Отлар кечувда алмаштирилмайди.
* * *
Одатда бундай чоғ аксар одамлар юрак ўйноғи бўлиб қоладилар. Ўлим олди азоби одамнинг бутун дунёга бўлган меҳрини сўндириб қўяди. Энг ёмони, теварак-атрофдагиларни, у ким бўлишидан қатъи назар хушламай қолади.
«Нега у эмас, бу эмас, улар эмас, нега мен?» деган оғир ўйлар уни кемира бошлайди. Бироқ, очиғини айтай, мен унақа одамлар хилидан эмасман.
Онкология марказидан чиққанимда димоғимга урилган тоза ҳаво менга бу дунё қанчалар азиз ва мукаррам эканини яна бир карра эслатгандек бўлди. Тетик ва бардам одим отиб борар эканман, овозимни баралла қўйиб, қўшиқ айтишга киришдим. Ўлимга қасдма-қасд яшайман, деб дилимга тугдим.
* * *
ЖАР ва Мексика беллашувидан кейин таниқли британиялик ҳакам Пол Гремнинг ҳамюртимиз Равшан Эрматов шаънига айтган сўзлари бутун дунёга тарқалди: «У худди роботдек ҳукм чиқаради!» деган эди у.
* * *
Футбол оламида «тирик афсона» деб тан олинган, бетакрор футболчи сифатида эътироф этилган Диего Марадона жамоаси немисларга 0:4 ҳисобда ўйинни бой берган беллашувдан сўнг мана шу ўйинга ҳакамлик қилган Равшан Эрматовнинг ёнига келиб, самимий қутлаш билан ҳурмат ва эътирофини ифода этди. Бу жанжалкаш, калондимоғлиги билан танилган одамнинг воқеликка холис, оддий, одамий муносабати бўлди. Улуғ футболчи бу борада ҳам улуғворлигини намойиш этди.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.