Интернет фойдаланувчиси Reddit сайтида Amazon (онлайн дўкон)дан унга Gigabyte GeForce RTX 5090 Aorus видеокартаси ўрнига буюрилган товар қадоғи ичида гуруч ва макарон маҳсулоти, шунингдек, бошқа бренддаги эскирган муқобил ускуна юборишганини ёзиб қолдирди.
Жабрланувчи сўзларига кўра, буюртма тўғридан-тўғри онлайн дўконнинг Нидерландия бўлинмасида расмийлаштирилган, етказиб бериш эса Испаниядан амалга оширилган. Қадоқнинг ташқи кўринишидан ҳаммаси жойида, бироқ ичидагилари буюрилган товар тавсифи ва техник хусусиятларига мос келмайди.
Воқеа Reddit фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Баъзилар турли фирибгарлик схемаси ҳақида тахминлар билдирган. Энг эҳтимолга яқин вариант эса аввалги харидор асл маҳсулотни олиб, қадоғига муқобил арзон ускунани жойлаган ва оғирликни созлаш учун бошқа нарсалар ҳам солиб, буюртмани рад қилиш усулида ортга қайтарган. Афтидан, етказиб берувчи қайтган товарни етарлича текширмай, такроран савдога чиқарган.
Amazon ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирмаган.