Қашқадарё газетаси Олам “Қиммат” дегани қимматга тушди
Олам

“Қиммат” дегани қимматга тушди

Таиландда хўранда Бангкокдаги шифохона ҳудудида жойлашган кафе таомини ҳаддан ташқари қиммат дегани учун ушбу хизмат кўрсатиш субъекти маъмурияти ундан суд орқали 30 минг доллар талаб қилаяпти. Бу ҳақда The Thaiger манбаси хабар тарқатган.

Мижоз райҳон билан қовурилган товуқ гўшти, гуруч, тухум ва балиқ соусидан иборат таом акс этган суратларни ижтимоий тармоқларда эълон қилиб, «ҳаддан ташқари қиммат» дея норози оҳангда изоҳ қолдирган.

Кейинчалик унга туҳмат қилиш айблови билан судга ўзига нисбатан даъво аризаси берилгани ҳақида хабар келган. Энди кафе хўжайинлари ундан етказилган зарар учун товон пули талаб қилмоқда экан.

Тайландлик юрист Мончай Чонгкрайраттанакулнинг таъкидлашича, одамлар ўз фикрларини холис ва ҳаққоний тарзда билдирган ҳолда бизнес фаолиятини танқид қилиш ҳуқуқига эга. Агар шарҳда ёлғон маълумотлар бўлмаса, бундай фикр билдириш ҳар доим ҳам қонунбузарлик ҳисобланмайди. Бироқ танқиднинг ўзи ҳам айрим ҳолларда туҳматда айбланишга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳуқуқшунос хўрандадан талаб қилинаётган суммани жуда катта дея баҳолаган. Шунингдек, у интернетда фикр билдирувчиларга ўз мулоҳазаларини аниқ фактлар ёрдамида асослаш, сўзларни эҳтиёткорлик билан танлаш ва маълумотларни бузиб кўрсатмасликни тавсия қилган.

Exit mobile version