Сараланган сатрлар
Самолётга ўтирган одам даставвал нима ҳақида ўйлайди: бепоён осмон манзаралари, булутлар узра кезаётган ҳаво кемаси, экранларда акс этган қоидаю меъёрлар… Камдан-кам одамгина ана шу улкан темир қанотларни бошқараётган учувчилар ҳақида ўйлаши мумкин. Юзлаб кишиларни эсон-омон кўзлаган манзилига элтиб қўяётганлар ким? Дарду ташвишлари, қувончу қайғулари нима? Қай тариқа бу соҳага кириб келишган? Уларни ўқитадиган ўқув даргоҳларидаги дарс жараёнлари қай тарзда кечади? Улар учиб боргану бормаган мамлакатлар сони қанча?
Айнан учувчилар йўналиши адабиётимизда ҳам деярли қалам теккизилмаган мавзулардан саналади. Ёзувчи Хайриддин Султоновнинг яқинда “Адабиёт” нашриётида чоп этилган “Осмони фалакларда” номли китобида учувчилар ҳаёти ҳақидаги уч ҳикояни ўқиш мумкин.
Мазкур тўпламга Эркин Аъзам “Мавзу жиҳатидан ҳам, воқеликка далил ёндашув ва шаклу ифода жиҳатидан ҳам тамомила янги, оҳорли асарлар…” дея таъриф берган бўлса, Султонмурод Олим “Бу ғамгин муҳаббат қиссасини ўқир экансиз, ҳазрат Навоийнинг “Аллоҳ, Аллоҳ, ишқ аро мундоқ балолалар бор эмиш” деган мисраси беихтиёр хотирга келади”, деб ёзган.
Қизиғи, мазкур китобни айнан самолётда ўқиб чиқишга тўғри келди ва учувчилар билан боғлиқ кечмишлар ўта табиий, ёнма-ён юз бераётгандай туюлди. Оддий мутолаагўй – камина шу китоб билан узоқ йўлни бирпасда босиб қўйдики, сиз ҳам вақтингизни мазмунли ўтказишингизга ишончимиз бор.
***
Ўшанда Камол эрталаб Тошкентдан “Боинг-757”да учиб, ёнилғи қуйиш учун Англияга, Бирмингем аеропортига қўниб ўтади. Ярим кечаси самолёт Нью-Йоркка яқинлашиб қолганида кутилмаганда Жон Кеннеди номидаги маҳаллий аеропорт диспетчери йўналишни кескин ўзгартириб, Канаданинг Ню-Фаундленд оролидаги Гандер шаҳарчаси яқинидаги халқаро аеропортга қўнишни буюради. Энг қизиғи, ҳеч қандай изоҳ бермайди.
Шу орада осмонда АҚШнинг ҳарбий-қирувчи самолётлари пайдо бўлади. Улар фақат Камолнинг эмас, осмондаги барча самолётларни таъқиб қилиб, ортга қайтишга мажбур қилади.
Хўш, нима қилиш керак? Тошкент узоқ, Нью-Йорк ёпиқ.
***
“Мен кема командири Отабоев, эшитаман”, десам, қўлини пахса қилиб, рус тилида “Сиз кимдан сўраб бошқа жойга қўндингиз? Бу қанақа ўзбошимчалик?! Мен Нью-Йоркка билет олганман, тушуняпсизми, Нью-Йоркка!” деб дўқ ура бошлади.
Қарасам, ўзимизнинг ўзбеклардан, юзи ҳам таниш кўринади, Чорсу атрофларида турса керак.
“Ока, ўзингизни босинг, Нью-Йорк ёпиқ, қабул қилмаяпти”, десам ҳам тушунмайди, баттар бақириб: “Ҳеч нимани билмайман, билишни ҳам истамайман! Ҳозироқ Нью-Йоркка учасан! Қани учмай кўргин-чи, битта қўнғироқ қилиб, жойингдан учирвораман!” дейди. Куласизми, ўласизми бу гапга? Тирик қолганимизга шукур қилиб, ади-бади айтишиб ўтирмадим…
* * *
Кителимнинг ички чўнтагида “қора кунга” деб олиб юрадиган дориларим бор, кетма-кет учтасини ичдим.
Қоп-қора бепоён осмонга тикилиб узоқ ўйладим.
Энди мен ҳамма нарсани, аввало, юрак-бағримни куйдираётган алам, қасос туйғусини унутишим керак! Унутишга мажбурман!
Кемага тушганнинг жони бир. Мен мана шу уч юзта одамни, шулар қаторида анави иккита ювуқсизни ҳам манзилга эсон-омон элтиб қўйишим шарт. Мажбурман! Бошқа йўлим йўқ менинг…
* * *
Аксел Карлович индамасдан қоп-қора, қадимий столининг тортмасини очди-да, икки варақ қоғоз олиб, арзгўйга узатди. Тепасига “ДСП” тамғаси босилган рус тилидаги бу ҳужжат “Эстония Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар эгаллаши ман этилган лавозимлар рўйхати” деб аталарди.
Сатрлар орасига қил ҳам сиғмайдиган қилиб майда ҳарфда битилган матнни ўқиб, Бадаловнинг ақли шошиб қолди: унга мувофиқ, Эстония ҳудудида оз эмас, кўп эмас, нақд етмиш олтита касб бегоналар учун тақиқланган эди!
Рўйхатда парламент, ҳукумат, армия, полисия, солиқ идораси ходимлигидан тортиб тиббий ҳамшираю боғча тарбиячиси лавозимигача қайд этилган эди.
– Э, тавба, сантехник ҳам бор экан! – деб юборди Бадалов беихтиёр.
– Сантехник… агар фуқаро бўлмаса, сувни заҳарлаши мумкин, – деди Аксел Карлович кўзойнагини ялтиратиб. – Биз – камсонли, кичкина миллатмиз. Боз устига, демография чатоқ. Бинобарин, биз учун ҳар бир эстон – олтинга тенг.
***
Пулинг бўлмаса, шаҳри азимда пишириб қўйибдими сенга? Ҳозир наинки Москва, балки Тошкент ҳам кўзёшига ишонмайди, билдингми?
* * *
– Наҳотки авиацияга пора бериб ишга кирса?
Бу саволни у ичида, ўзига ўзи бермоқчи эди, аммо не қулоқ билан эшитсинки, дилидаги лоп этиб тилига чиқиб турибди-да!
– Ҳа, ашула айтиб кирадими бўлмаса? – деди Шамшетов шанғиллаб. – Нима, бу ер сенга консерваториями?
* * *
Билиб қўй, бунақанги қинғир ишларни ер кўтарса кўтарар, аммо осмон кўтармайди. Осмон ҳаромни ҳам, ҳаромини ҳам қабул қилмайди, уқдингми?
* * *
Айтишларича, тўқсонинчи йиллар бошида авиакомпанияда Москаленко деган бош директор ўринбосари ишлаган экан. У Вьетнам урушида қатнашган, қирувчи самолётдан қулаб, контузия бўлган қўрс, баджаҳл одам экан. Бир йиғилишда олдинроқ қаторда ўтириб қолган Шамшетовнинг башарасими, нимадир қилиғи ёқмаганми, ишқилиб, Москаленко унга қараб: “Нега креслога ялпайиб ётиб олдинг? Нима, сен граф Шереметевмисан?” деб ўшқирибди. Бунинг ҳам жини тутибди-да: “Йўқ, мен граф Шереметев эмас, граф Шамшетовман!” деб шартта мажлисдан чиқиб кетибди. Москаленко ҳай-ҳайлаганича қолаверибди. Шу-шу, унинг лақаби Граф бўлиб кетган экан.
* * *
Илгари учувчилар таркибининг етмиш-саксон фоизини ташкил этган рус ва русийзабон ходимлар мустақилликдан кейин биров мушугини “пишт” демаса ҳам, серқуёш Ўзбекистонни тарк этиб, бепоён Россия ҳудудларига йўл олган эди. Албатта, бунга уларни нафақат тарихий ватанга бўлган оташин муҳаббат, балки мўмай даромад ҳам чорлагани сир эмас.
* * *
Ҳақиқат ўзи аччиқ нарса бўлса, уни айтган тил ҳам, хоҳласангиз-хоҳламасангиз, аччиқ бўлади-да.
* * *
Ўрмалашга туғилган – парвоз қилолмас.
* * *
Осмони фалакларда сарлочин сингари парвоз қиладиган, булутлар ва юлдузлар, шамол ва бўронлар билан худдики тирик одам каби гаплашадиган бу инсон ердаги жўнгина маиший муаммолар қаршисида ночору нотавон эди. Масалан, ЖЕК ёки поликлиникадан қандайдир маълумотнома олиш, солиқ идорасига бориб декларация топшириш – Граф учун ўлим билан баробар ва шундай кезларда фақат Бадалов унинг жонига ора кирарди.
* * *
Икки минг ўнинчи йилнинг Наврўз байрами арафасида авиакомпания йўлакларини тўлдириб, шивир-шивир овоза тарқалиб қолди: нима дейсан, Шамшетов литер (давлат раҳбари учадиган самолёт)га кема командири этиб ишга олинаётган эмиш…
Бу гапни эшитиб кимлардир, Худога шукур, ниҳоят, ғурбатдан қутулар эканмиз, деб енгил нафас олган бўлса, айримларини ғам босди: бу бадбахт кўтарилиб кетса, ким билсин, баттар қутуриб, ҳаммадан ўч олишга ўтмасмикан?
Шамшетовнинг ўзи эса, гўё ҳеч нарса билмагандек бу тўғрида оғиз очмади, Бадалов ҳам сўрамади. Орадан бир-икки ой ўтиб, миш-мишлар қандай чиққан бўлса, худди шундай – ими-жимида йўқ бўлиб кетди. Чамаси, қайсидир юксак даргоҳда, иккита феъли оғир одамни битта самолёт кўтара олмаса керак, деган оқилона фикр туғилган бўлса, ажаб эмас.
* * *
Аэродинамика қонунларини сув қилиб ичган бўлса-да, у ўзи бошқарадиган самолётнинг – мана шу баҳайбат, тоғдек улкан темир мавжудотнинг тонна-тонна юк билан қандай қилиб ердан узилиб, осмони фалакка эркин қушдек парвоз қилишини оми бир кимса каби умуман ақлига сиғдиролмас, инсон тафаккурининг бу беқиёс мўъжизасига боқиб, ҳар сафар қалбида ҳайрат ҳам ғурур туяр эди.
* * *
– Садаф Муродовна, кечирасиз, лекин бу инглиз тили дунёдаги энг расво тил экан-ку! – деб “баёнот” берди.
– Нега? – деди Садаф, қуралай кўзлари катта-катта очилиб.
– Буларингизнинг ёзгани билан ўқийдигани бир-бирига умуман тўғри келмайди-ку.
– Масалан?
– Масалан, “қарға” деб ёзади, “қор” деб ўқийди…
Садаф кулиб юборди, кейин жиддий тортиб:
– Инглизларнинг буюклиги ҳам, зўрлиги ҳам конверваторлигида, – дея изоҳ берди. – Сен айтаётган шу камчиликларни, нима ўйлайсанки, улар ўзи билмайдими? Билади, албатта. Лекин авлодлар ўртасида узилиш бўлмасин деб буни тузатмайди. Шунинг учун бугунги инглиз ўнинчи аср тарихий хроникаларини ҳам, Байроннинг шеърларини ҳам бемалол ўқиб тушунади. Сен, масалан, Навоийнинг ёзганларини тушунасанми?
***
Нега энди масалани Ҳамлетга ўхшаб дарров “Ё ҳаёт, ё мамот!” деб қўйиш керак? Бошқа вариантлар бўлиши мумкин эмасми?..
* * *
“Қўрқма, бизни осмон эмас, ер ўлдиради, – деб файласуфлик қиларди Искандар. – Қолаверса, сен севган Экзюпери нима деган: “Ҳаётга маъно берган нарса ўлимга ҳам маъно беради”.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.