Қашқадарё газетаси Жамият Қорашина – автомобиль шинасига алоқадорми?
Жамият

Қорашина – автомобиль шинасига алоқадорми?

Қашқадарёга оид

Юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарёдаги кўплаб манзилгоҳлар ҳам узоқ асрларга туташ тарихи билан эътиборга молик. Биргина жой номларига назар ташласак, мозийнинг кўплаб сир-асрорлари, воқеа-ҳодисалари билан юзма-юз келамиз. Албатта, уларни ўрганиш, келажак авлодга ўз ҳолича етказиш керак. Токи кейинги авлод номларда яширин ўтмишнинг энг муҳим воқеликларига шоҳид далилларни билсин, англасин.

Демак, бугунги мулоҳазалар Қашқадарё ҳудудлари номи ва тарихи хусусида бўлади.

Қорашина – автомобиль шинасига алоқадорми?

Маълумки, Қорашина Деҳқонобод тумани маъмурий маркази саналади. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги қарорига асосан ушбу ҳудудга шаҳарча мақоми берилган ва у Деҳқонободдаги иккита шаҳарчадан бири ҳисобланади.

Яқинда ўша тарафга йўл тушиб, йўловчилардан бири шаҳарчанинг номи шу ердаги автодромдан кўзга ташланиб турадиган қора шиналар билан боғлиқ экани ҳақида айтиб қолди. Шу ҳақда қизиқиб, айрим маълумотларга кўз югуртириш асносида Қорашина номининг мазмуни анча теранроқ экани ойдинлашди.

Қайд этилишича, туркий ва мўғул тилларида «қора», «қара» ва «хара» сўзлари «баландлик», «дўнглик» маъносида қўлланган. Қозоқ тилида «шин» сўзи «чўққи», «тоғнинг баланд чўққиси», «юксак қоя» маъносини билдиради. Шунингдек, «тинг» ва «шинг» сўзлари ҳам «тоғ чўққиси» деганидир. Олтой ёки уйрат, ҳакас, тува, шор тилларида «син» – тоғ тизмаси, чўққи, қоя, баландлик деганидир. Хитойчада Тяншан ҳам «тангрилар тоғи» маъносини беради.

Таниқли олим Тўра Нафасовнинг «Қашқадарё қишлоқномаси» китобига кўра, Қорашина – унча баланд бўлмаган тоғ деганидир. Қишлоқ номига тоғ этноними берилган.

1500 йил олдинги «Косоннинг улуғ шоҳи» ким?

Косон тумани воҳанинг катта ва қадимий тарихга эга ҳудудларидан. Антик манбаларда учрайдиган Ксениппа вилояти номи Косон атамасининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин. Ундаги «па» қўшимчаси суғдийча «об», яъни сув деб ҳисобланса, қадимда Қашқадарёдан чиқарилган канал Косоноб, яъни Косон дарёси деб аталган.

Маълумотларга кўра, Косон ўрнидаги дастлабки қишлоқ милод бошларида вужудга келган, Ерқўрғонда ҳаёт таназзулга учрагач, аҳоли бу ерга кўчган. IV-V асрларда қалъа бунёд этилиб, атрофи мудофаа девори билан ўраб олинган ва у мўғуллар истилоси давригача мавжуд бўлган.

Археологик маълумотларга кўра, мўғул хуружи сабаб Косонда анча вақтгача ҳаёт сўнган ва фақат XV-XVI асрдан қайта жонланган. Карвон йўлида бўлгани учун савдо ва ҳунармандчилик ривожланган. Эдвард Ртвеладзе тадқиқотларига кўра, IV-VI асрларга оид мис тангаларда «Косоннинг улуғ шоҳи» деб ёзилган суғдийча битик аниқланган. XVI аср 40-йилларида шайбонийларга қарши Косонда Бобо Мирак қўзғолони кўтарилган. Косон XVII асрдан Аштархонийлар, XVIII асрдан Бухоро амирлиги таркибида бўлган. 1685 йилда Самарқанд ҳокими Хўжамқулибий ўтарчи хитой-қипчоқлар қабиласига таяниб, Косонни эгаллаган ва Насаф вилоятини талон-торож қилган.

Археологик топилмалар ҳамда ёзма манбалар Косоннинг узоқ ўтмишга дахлдор кечмишидан сўзлайди ва янги тадқиқотлар сари ундайди.

Чироқчининг маъноси нима?

Чироқчи номини нафақат юртимизда, балки чет мамлакатларда ҳам билишади. Ҳудуд кишилари меҳнаткашлиги, яхши яшашга интилиши билан ажралиб туради. Юртимизда Чироқчи таомлари етиб бормаган бирор овқатланиш шохобчасини топиш қийин. Хўш, Чироқчи қачон пайдо бўлган ва маъноси нима?

Манбаларга кўра, қадимда туркий шомонларнинг унвонларидан бири «чироқчи» бўлган. Бинобарин, яқин-яқингача иш юришиши, қийинчиликлар ариши ҳамда ўтганлар руҳига бағишлаб айрим ҳудудларда чироқ ёқиш маросими мавжуд эди. Ислом динида қаттиқ қораланадиган ушбу амал шомонлик анъанаси саналади.

Шунингдек, ўрта асрларда мақбараларга қаровчи ва имомга ёрдам берувчи кишини «чироқчи» деб айтишган.

«Чироқчи» сўзининг тарихи ҳақида бу ерга 1882 йилда саёҳат қилган рус зобити В.Крестовский фикр билдирган ва унингча, шаҳар номи сополдан чироқ ясовчи ҳунарманд ва бутун чироқчиларнинг пири, авлиё Чироқчи ота номига қўйилган. Аммо бундай инсон ҳақида бирор маълумот йўқ. Тарихчилар бу халқ орасидаги афсона, дея баҳолашади. Умуман, Чироқчи этимологияси ҳали кўп изланиш ва меҳнат талаб қилади.

Яна бир тахминга кўра, шаҳар номи сиракчи ёки сироқчи – қадимги туркий қабила-уруғ номидан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Тарихчи Поён Равшанов эса Чироқчи номи келиб чиқишини Амир Темур билан боғлаган. Унга кўра, Темурнинг онаси Бухорога кетаётганида, уни тўлғоқ тутади. Кеч бўлгани сабаб хотиржам бир ер излашади ва узоқдан кўринган чироқ уларга мадад бўлади. Ўша ерда Амир Темур туғилган ва қишлоқ номи кейинчалик Чироқчи деб аталган.

Аниқ далилларга тўхталсак, ҳозирги Чироқчи атрофида Кишмиштепа деб аталувчи, милодий V-VI асрларда шаклланган қадимги шаҳар қолдиқлари мавжуд. Шаҳар арк, шаҳристон ва работдан ташкил топган бўлиб, IX-X асрларда кенгайиб, катта шаҳарга айланган. Аммо мўғуллар босқинидан сўнг шаҳар инқирозга учраган.

XVIII аср ўрталарига доир манбаларда Чироқчи қалъаси ҳақида маълумот берилган. Академик В.В.Бартольднинг фикрича, Чироқчи ундан аввалроқ, Убайдуллохон даврида ҳам мавжуд бўлган.

Чироқчи Бухоронинг катта бекликларидан бўлган. Шаҳрисабз орқали ўтувчи карвон йўли тоғли ва ўтиш қийин бўлганлиги учун Чироқчидан Жом орқали бориладиган йўналиш Самарқанд ва Қаршини боғловчи энг қулай йўл саналган. Бу ердан ҳатто Афғонистон ва Ҳиндистондан келаётган карвонлар ҳам ўтгани қайд этилади.

Венгр сайёҳи ва тарихчи Арминий (Ҳерман) Вамбери «Ўрта Осиёга саёҳат» асарида Бухоро амири Музаффариддин шаҳрисабзликлар кўтарган қўзғолонни бостириш учун келиб, Чироқчида тургани ҳақида ёзади. 1873 йилда Бухорога сафар қилган АҚШлик сайёҳ Южин Скайлер Чироқчида бир кун қолган ва бу ер аксар қисми харобага айланган кичик шаҳар экани ҳақида қайд этган.

1883 йилда Бухоро амирлигига саёҳат қилган ҳарбий капитан Архипов Чироқчини ҳам ўрганган. Унинг айтишича, Чироқчи шаҳрида ўша пайтда 500 атрофида оила истиқомат қилган. Унинг яна гувоҳлик беришича, шаҳар деворлари деярли хароба ҳолига тушган.

Яқин тарихга назар ташласак, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Чироқчида бир қанча немис ва поляк асирлари, қочоқлар вақтинчалик бошпана топган. Уларнинг баъзилари шу ерда вафот этишган. Чироқчида 11 поляк асири дафн этилган.

1977 йилгача Чироқчи шаҳар типидаги қишлоқ бўлган. Шу йили Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсатининг қарори билан Чироқчига туманга қарашли шаҳар мақоми берилган.

Муғлонда мўғуллар яшаганми?

Муғлон – Касби тумани маркази бўлиб, 2009 йилда шаҳарча мақоми берилган. Тилшунос Д.Абдураҳмоновнинг изланишларига кўра, муғлон ёки мўғлон этнонимидан Муғлон қишлоғи номи юзага келган. Тарихчи олимлар қадимда мўғул, муғол, моғол, муғул этноними мавжуд бўлгани ҳақида қайд этишган.

Аммо айни муғлон ёки мўғлон шаклидаги этноним мавжудлиги ҳақида далиллар йўқ. Сарт мўғал, черикчи мўғул, али мўгал, якка мугал, ҳафиз мўгал, қора мўғал сингари уруғ ва қабилалар, уларнинг тармоқлари аввалдан мавжуд. Бу уруғ вакиллари Ўзбекистон, Тожикистон ҳамда Афғон Бадахшонида истиқомат қилишган. Этнолог тарихчиларнинг изланишларига кўра, мўғол, мўгил, могал уруғлари бу мўғулистонлик туркий қабилалар ҳисобланади. Мугал сўзига -он кўплик қўшимчаси қўшилиши натижасида ҳудуд номи ҳосил бўлган ва у «мўғуллар» деган маънони билдиради. В.П.Юдин, Б.Х.Кармишеванинг ёзишича, муғоллар бу қадимги туркий қабилалардан бири ҳисобланиб, бугунги кунда Мўғулистонда яшаётган мўғул халқига алоқаси йўқ.

Қашқадарё қишлоқлари номи, тарихи билан шуғулланган Тўра Нафасовнинг қайд этишича, Муғлон қадимий туркий мўғул қабиласи жамоаси жойлашган қишлоқ, ҳудуд номи ҳисобланади.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version