Қашқадарё газетаси Маънавият ҚУЁШ БИЛАН СЎЗЛАША ОЛАДИГАН ОДАМ БИР ЗАРРА БИЛАН ҚАНОАТЛАНИШИ МУМКИНМИ?
Маънавият

ҚУЁШ БИЛАН СЎЗЛАША ОЛАДИГАН ОДАМ БИР ЗАРРА БИЛАН ҚАНОАТЛАНИШИ МУМКИНМИ?

Фаридуддин Аттор (1119-1193) буюк сўфий файласуфлардан саналади. Алишер Навоий бу зотни улуғлаб, «Илоҳий сирлар кашфиётчиси» дея таърифлагани бежиз эмас. «Асрорнома», «Мусибатнома», «Илоҳийнома», «Тазкират ул-авлиё» каби асарлари орасида албатта энг машҳури «Мантиқ ут-тайр»дир. Алишер Навоий бу асарни болаликда ёд олгани, шунинг таъсирида «Лисон ут-тайр»ни битганини яхши биламиз.

Асар кўплаб қушларнинг Анқони подшоҳ этиб сайлаш учун уни излаб, узоқ оролга боришга аҳд қилиши билан бошланиб, кўплаб водийларда бўлиши ва ўзлигини таниши ҳақида ҳикоя қилади. Қушлар – рамз, ҳаммаси инсоннинг Ҳақни билиши ва унга етиш йўлидаги ҳаракатлари хусусида…

Сараланган сатрлар

*  *  *

Умари Форуқким, адолати бисёр эди, ўзи гоҳида ғишт қуяр, гоҳида тикан (ўтин) йиғарди. Ўзи ўтин орқалаб келтирарди, бир дирам билан тўққиз шаҳарни (пиёда) кезарди. Ҳар кун мана шундай қафас ҳибсида эди, етти луқма нон унинг таоми эди, холос. Унинг дастурхонида цирка ва туздан бошқа нарса йўқ эди, у байтулмол (хазина)дан нон емасди. Агар ётса, тўшаги қум эди, белидаги чарм камарини ёстиқ қиларди. Саққо (сув ташувчи) каби сув тўлдирилган мешни елкасига кўтариб, кечқурунлари қарияларга сув улашарди. Кечалари уйғоқ ўтириб, лашкарини қўриқларди. Ўзини кам тутиб айтарди: «Эй, инсоф билан боқувчи киши, Умарда бирор зиддият, нифоқ кўрасанми, кимки менинг айбимни юзимга айтса, менга энг улуғ туҳфа келтирган бўлади», дерди.

*  *  *

Ҳақнинг ҳузури – азим дарё, жаннат шу дарёдан бир қатра, холос. Кимдаки дарё бўлса, қатрага қарамас, дарёдан ўзга нарсалар савдо-ташвиш ва боғланиш, тамагирлик, олди-сотгига ўхшашдир. Дарёга йўл топсанг, бир томчи шабнамга юз буриб нима қиласан? Қуёш билан сўзлаша оладиган одам бир зарра билан қаноатланиши мумкинми?

*  *  *

Бир кишининг бир қутичада олтини бор эди, уни яшириб, ҳеч кимга айтмай ўлиб кетди. Бир йилдан кейин ўғли уни тушида кўрди: сурати сичқонга ўхшарди, кўзлари эса тўла ёш эди. Олтини яширилган жойнинг атрофида сичқон каби гир айланарди. Фарзанди ундан: «Бу ерга нега келдинг, аҳволингни тушунтир», деб сўради. Отаси деди: «Бу ерга олтинларни яширган эдим, биров уни топдими-йўқми, билмоқчиман». Ўғли сўради: «Нега сичқон суратига кирдинг?» Деди: «Кимнингким қалбидан олтин ишқи жой олса, у сичқон суратига кирар. Эй ўғил, менга боқиб ибрат ол ва олтин-кумуш, хазина-бойликка дил боғлама».

*  *  *

Ишқнинг бир зарраси бутун оламдан афзал ва азиздир, унинг бир зарра дарди барча ошиқлардан қимматли. Ишқ азалдан коинотнинг мағзи-моҳияти бўлиб келган, аммо дардсиз ишқ – комил ишқ эмас. Қудсий фаришталарда ҳам ишқ бор, аммо уларда дард йўқ. Дард фақат одам боласига юклатилган, фақат Одам бунга муносиб, фақат Одам унга чидай олади.

*  *  *

Каъба шайхи, пири кибор шайх Санъон чўчқабоқарлик касбини қабул қилди. Воқеан, ҳар бир одам ичида юз чўчқа бор, киши ичидаги чўчқани ўлдириши керак ё зуннор боғлаши керак. Сен бу иш фақат шайх Санъон бошига тушган деб гумондасан. Лекин бу хатар ҳар бир киши ичида бор. У ҳар замон бошини чиқариб, одам боласини безовта этади. Агар сен ўзингдаги чўчқадан огоҳ бўлмасанг, тариқат йўлига кирган солиҳ эмассан, мени маъзур тут. Эй мард, агар тариқатга қадам қўймоқчи экансан, бу йўлдаги бутлар, чўчқалар каби минг турли балолардан қўрқма. Агар тариқат йўли шундай азобли бўлмаганда, Шайх Санъондай дин одами расво бўлиб, Рум шаҳрида ғавғо кўтармас, саргардон бўлмас эди.

*  *  *

Юз минглаб одамлар киссавурлик ва макру ҳийла билан машғуллар – пасткаш дунё ўлаксаси устида талашадилар. Дейлик, бу савдо киссавурликчалик эмасдир, сен камроғини танла, бу менинг учун камроқ ғамдир. Қачонгача бу савдо дарёсига дилинг ғарқ, ҳамма нарсани макру ҳийла, киссавурлик билан ўлчайсан. Агар биров буни ғурур ёки ҳавас деса, шундай жойга етасанки, ҳеч ким етмаган бўлади. Бу ҳавас-орзулар ғурури йўлида жон бериш, уй ва дўконга кўнгул боғлашдан кўра яхшироқ.

*  *  *

Эй ғофил, Ундан ноумид бўлма, ҳар замон Ундан лутфу карам тила. Бу ишни осон деб билиб, сидқидилдан тиламасанг, мушкулинг осон бўлмайди, сохта тавбалар билан у томон эшик очилмайди. Аммо агар гуноҳинг бўлсаю, сидқидилдан садоқат кўрсатиб, илтижо қилсанг, У томон юз эшиклар қаршингда очилади.

*  *  *

Аллоҳванди жаҳон дейдики, эй фалончи, аввалда тавба қилдинг, афв этдим. Сен тавбани буздинг – жазолашим мумкин эди, лекин жазоламадим. Иккинчи марта тавба қилдинг ва яна буздинг. Муҳлат бердим, ғазаб қилмадим. Энди хаёлингда яна тавба қилиш бор, эй бехабар. Яна тавба қилиб, Мен томон қайт, эшикларим очиқ, сен – жиноят қилувчи, Биз – кечирувчимиз.

*  *  *

Нафс умр давомида саркашлик қилмасин десанг, танни ором ва ҳузурларга ғарқ этма. Эй ғафлат тандири сенинг жойинг бўлган одам, бошдан-оёғинг Матлуб билан банд бўлсин. Қип-қизил қонли ёш дил асрори нишонаси, аммо кўп ейиш – бу дилнинг зангидир. Агар сен нафс итини парвариш этсанг, вужудинг ҳам, руҳинг ҳам хунасаликда қолиб, гавҳаринг намоён бўлмайди.

*  *  *

Чин эркак ўзини паст тутиб, йиқилганларнинг иззату улуғворлиги учун ғамхўрлик қилади. Агар сен назарда бир тукдан ортиқ кўринсанг, ўзинг учун бутдан ҳам баттарсан, чунки ўзингга бут каби сиғинасан. Агар сен учун мақтов ва танқидлар фарқланиб турса, яъни мақтовдан хурсанд бўлиб, танқиддан ранжисанг, бут ясайдиган бутгарсан, холос.

*  *  *

Бир гўрков узоқ умр кўрди. Бир киши ундан сўради:

– Менга айт-чи, сен умр бўйи гўрковлик қилдинг. Тупроқ остида нима ажойиботлар кўрдинг?

Деди:

– Шуни кўрдимки, нафсимнинг ити етмиш йил гўр қазиди, аммо ўлмади, бир нафас фармонимга бўйин эгмади, тоатда ўтирмади, менинг ҳолимга боқмади, ноламни эшитмади.

*  *  *

Бир тўда табдиркор одамлар бир кишини назъ жон таслим қилиш пайтида юзини қиблага бурдилар. Бироқ энди кеч эди. Бу бехабар одамни олдинроқ юзини буриш керак эди. Қуриётган шохни олиб экишдан фойда йўқ. Ўлаётганда юзни буришдан ҳам фойда йўқ. Кимниким жон чиқар пайтда юзини бурсалар, у нопок бўлса, нопок кетади, уни поклайман, деб овора бўлма.

*  *  *

Эй одам, умрингнинг ҳар нафаси – бир гавҳар, вужудингдаги ҳар бир зарра Ҳақ томонга раҳбардир. Оёғингдан бошинггача Унинг неъматлари – туҳфасидир.

*  *  *

Ўғил отаси тобути олдида йиғлаб борар экан, оҳ чекиб дер эди:

– Эй отажон, жонимни пора қилган бундайин оғир кун умримда бошимга тушган эмас эди.

Шунда ёнида бораётган сўфий деди:

– Отангнинг ҳам бошига бундан оғирроқ кун келган эмас. Сенинг бошингга эмас, отангнинг бошига мушкул иш тушди. Эй дунёга қўл-оёқсиз келган зот, умрингни тупроқ тепиб, ҳавони кесиб юриш билан ўтказасан. Агар мамлакат тахтига ўтирган шоҳ бўлсанг ҳам, охири қўлингда ҳаво билан, яъни ҳеч вақосиз кетасан.

*  *  *

Бандалик – бу садоқат ва ростлиқдир, қолгани қуруқ ҳавас, холос.

Бандалик – афтодаликдир, шуни билиб ол. Агар сен манманлик, ҳисоб-китоб, ғирромлик қилишга киришсанг, бу бандалик эмас, балки шармандаликдир.

*  *  *

Ҳиммат тез учар қушга ўхшайди. У ўз парвозида ҳар дамда яна тезроқ ҳаракат қилади. Унинг парвози кўзга кўринмайди ва хилқатлар ичида сезилмайди ҳам. Унинг сайру парвози борлиқ оламидан баландроқ.

*  *  *

Инсоф нажот султонидир, кимки инсофли бўлса, у беҳуда вайсақи гаплардан қутулади.

*  *  *

Бошқалар айбини қилни қирққа бўлиб қидирасан, аммо ўз айбингга келганда, кўзинг кўрмайдиган, қулоғинг эшитмайдиган бўлиб қолади. Агар ўз айбингни топиш билан шуғуллансанг, айбли эсанг-да, мақбул бўласан.

*  *  *

Кимки ўзгалар дардини баҳам кўрса, бундай одамда дўзахга тушаманми ёки беҳиштга бораманми, деган ташвиш ҳам бўлмайди.

*  *  *

Басират кўзи ҳар қанча узоқ ва баланд-паст жойларни кўра олади. Бу йўлда (талаб йўлида) йўқолган Юсуфидан хабар сўраб, дард чекаётган Яъқуб каби интизор бўлиш зарур. Шунда толиб ҳар икки рўзғорда (бу дунё ва у дунё ҳаётида) кашфиёт топмаса ҳам, тавҳид асрорини излашдан зинҳор чалғимайди. Мардлар сабрталаб ва меҳнатталаб бўладилар. Аҳли дардлар барчаси сабрли бўладилар. Эй толиб, бу йўлда излаганингни топмасанг ҳам сабр қил, ахир шу йўлни топганинг ўзи етарли-ку.

*  *  *

Агар бу жаҳон мулкидаги қонли доғларни ювиб, тозаламоқчи бўлсанг, тоабад яшасанг ҳам умринг етмайди. Яхшиси (мол-дунёда эмас) илм-маърифатда султонликка интил. Кимки илм-маърифат оламида завқланиб маст бўлса, жаҳондаги барча халқларга султон каби мартабаси улуғ бўлади. Бундай одам жаҳон мулкида фаришта – малак каби фалакларда парвоз қилади.

*  *  *

Дарё тарафдан келган пашша бир чеккада асал тўла косани кўриб қолди. У завқланиб, жон-дили билан асалга ўзини урди. Бундай лаззатли таомни шоҳ ҳам, гадо ҳам емаган деб, пашша асални еяверди. Пашша асални ўртасидан еган эди, тўйиб қолиб, четга чиқмоқчи эди, оёғи оғирлашди. Чиқишга ҳаракат қилган сари баттар аҳволи оғирлашар эди.

Биз ҳам баъзан очкўзлик қилиб, чуқурга, чоҳга тушиб қоламиз. Бақириб-чақирсак, бизни эгамнинг қаҳри ўлдиради. Агар ҳаддимизни билмасак, бизни асалнинг заҳри ўлдиради.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version