Қашқадарё газетаси Маънавият ҚЎЙЛАРНИ БЎРИДАН АСРАЙ ОЛМАГАН ЧЎПОНДАН БИР ИТ ЯХШИРОҚДИР
Маънавият

ҚЎЙЛАРНИ БЎРИДАН АСРАЙ ОЛМАГАН ЧЎПОНДАН БИР ИТ ЯХШИРОҚДИР

Шайх Фаридуддин Аттор ўзининг бебаҳо асари – “Мантиқ ут-тайр” ҳақида ёзаркан, “Уни қиёмат кунигача эсдалик бўладиган қилиб ёздим, шунинг ўзи етарлидир. Агар бу тўққиз фалак уқаланиб тушса ҳам, аммо менинг асарим кам бўлмайди, зиён кўрмайди. Бу китоб кимга йўл кўрсатса, у одам кўзи олдидан пардаларни кетказади”, деган эди. Достон кўп буюк ижодкорлар қатори ҳазрат Алишер Навоийни ҳам болаликданоқ мафтун этгани бежиз эмасди. Унда илгари сурилган рамз-ғоялар шу қадар маҳобатлики, исталган давр ўқувчисини, фикр эгаларини ҳайратга сола олади.

Сўз мулкининг султони ушбу асар таъсирида “Лисон ут-тайр” достонини ёзганини биласиз. Бу достон ҳам улуғворликда аввалгисидан қолишмайди. Бинобарин, бугун тақдим этилаётган лавҳалар шу китобдан. Сараланганларни ва китобнинг тўлиғини ўқинг: инсон ва Холиқ, инсон ва борлиқ, инсон ва жамият борасидаги қарашларингиз мумтоз ғоялар билан зийнатланади…

Сараланган сатрлар

* * *

Шундай бир нақл бор: халойиққа саодат юлдузи бўлган пайғамбар бир куни элдан фароғат истаб, бир хилватга кириб, бир оёғини узатиб ўлтириб эди. Унинг ҳузурига баъзи зодагон суҳбатдошлардан, баъзи азиз ва айрим шариф дўстларидан кириб боришди. Пайғамбар авзоида ўзгариш бўлмади. У бемалол яхши хаёллар билан тин олиб ўтирди. Бироқ хонага Усмон киргач, миллат шами узатган оёғини йиғиб олди. Чунки Усмон жуда ҳаёли киши бўлиб, Расулнинг у ҳолидан аҳволи ўзгариши мумкин эди. Шундай Пайғамбар ҳурматини жойига қўйган зот ҳақида ҳар қандай кимсалар ҳар нима десалар беҳудадир.

* * *

Сен ўзингни зўрлаб ошиқ сифатида кўрсатиб, ишқ аро ҳар хил ғавғолар кўтардинг. Йилда бор-йўғи беш кун чаманда очилиб турадиган, ўн кун ўтмай тупроқ узра хазон бўлиб сочиладиган вафосиз ва умр боғида бақосиз бир чечак учун шунчалик ғавғоми?! Киши бу хил гўзалликка ошиқ бўлмагани яхши, чунки у ошиқ бўлишга лойиқ эмасдир. Шундай нарсани маъшуқ деб билки, юз хастаҳол ўлса ва йўқолиб кетса ҳам у завол нималигини билмасин. Гарчи сенинг бу ишқинг шайдолик бўлиб кўринса ҳам, барибир охири расволик билан тугайди.

* * *

Халқ орасида бир ишёқмас, танбал киши бор эди. Одамлар унинг беғайратлигидан ҳайрон қолар эдилар. У одамлардан мушт, шапалоқ ёки тепки ер, бунинг эвазига улардан бир бурда нон ёки таом олиб, кун кўрарди. Кишилар уни қувиб юборсалар ҳам, ҳеч қаерга кетмай, ўзининг ёмон қилиқларини тарк этмасди. У тортадиган жафоларга маълум бир нарх тўғрилаб қўйган эди. Қайси бир киши уни бир тепса ёки урса, у ўша кишидан бунинг ҳақини талаб қилиб олар, қўлига тушган нарсани дарҳол оғзига солар эди. Кунлардан бир куни кимдир унинг қўлига бир парча нон бериб, шундай мушт туширдики, натижада танбал ер тишлаб қолди. Гарчанд у шапалоқлар еб, қорнини тўйғазиб юрган бўлса-да, бир мушт билан энди қайта ўрнидан турмайдиган бўлди.

* * *

Кўпгина зангилар аслида қоп-қора бўлгани ҳолда халқ орасида улар “кофур” (оқ) деб аталадилар. Дарвоқе, номлар орасида “султон” ва “шоҳ” тушунчалари кенг тарқалган, уларни ҳатто паст, тубан кишилар ҳам ўзларига нисбатан қўллайдилар. Аммо ҳар бир киши ўзини эр дегани билан эр бўлаверадими?!

* * *

Бир зўр паҳлавон бўлиб, у ҳунарсизликда ягона эди. Чошгоҳда ўн ботмон, кечқурун ҳам худди шунча овқат ер эди. Бу икки пайт мобайнида яна шунча овқатланиб оларди. У шунчалик кучли эдики, ҳатто маст филга ҳам шикаст етказа оларди. Иттифоқо, ҳаёт ҳодисалари туфайли мамлакатда харобалик юз берди. Шу сабабли у ернинг аҳолиси ўз жойини тарк этиб, ўзга томон кетишга мажбур бўлди. Йўл қийинчиликларидан бехабар паҳлавон ҳам уларга ҳамроҳ бўлди. Йўл узоқ бўлиб унда баднафс кишилар нафсини тўқ тутадиган обод жойлар йўқ эди.

Таом емаган паҳлавон биринчи кунданоқ ўз ҳолига аза тутишга киришди. Иккинчи кун эса унинг жисмида мадори қолмади. Аммо учинчи кун у бояқиш биёбонда жонини топширишга мажбур бўлди.

Яна икки-уч кун машаққат тортгач, ёш болалар ҳам, ҳатто икки букилган қариялар ҳам сабр-тоқат билан йўлни охирига етказишди ва обод бир манзилга етиб келиб, мақсадларига эришди. Паҳлавон эса бу азобга бардош бера олмай, ажал йўлида нобуд бўлди.

* * *

Кўзгу қанчалик равшан бўлса, акс ҳам шунчалик бенуқсон намоён бўлади.

* * *

Агар сен жаҳон мулкида минг йил умр кўрсанг ҳам охир-оқибатда бир кун дарду ҳасрат билан ўлиб кетасан. Демак, ўлимдан қочиб қутула олмас экансан, биратўла бу истак билан ўлганинг яхшироқ эмасми?! Агар умид ёр йўлида ўлиш бўлса, шуни билгилки, бу абадий ҳаётнинг нақ ўзидир!

* * *

Ақлли кишилар олдида жоҳил экансан. Қилган гуноҳларингдан фориғ бўлишни орзу қилдинг, эй ҳавасманд, бу анча осон ишдир. Ундан қутулиш иложи фақат тавба қилишдир. Исён зулмати аро фақат угина чироқ бўлиб нур сочади.

Гуноҳ балчиғидан тоза киши топилмайди, бу хил бегуноҳ киши ҳали ҳеч кимга маълум бўлган эмас. Ҳақ Одам авлодини гуноҳсиз қилиб яратган эмас. Эй бехабар киши, агар сен гуноҳ иш қилмасанг, Аллоҳ афву раҳмат билан кимнинг гуноҳидан ўтади? Агар кимнинг юзи гуноҳдан сариқ бўлса, тавба уни бу сариқликдан халос этади. Раҳмат денгизи мавжланган пайтда сен ҳам худди мен каби юз минг марта пок бўласан.

* * *

Нафсингни бирор хил ранж чекишга қўй, бунинг эвазига хазинани қўлга киритасан. Акс ҳолда ўзингни ҳалок бўлдим деб ҳисобла ва ўзгарувчанлик дўзахида ўлдим деб санайвер.

* * *

Токи нафсинг мавжуд экан, унда иблис яшириниб, шогирдлик қилади. Нафс кўнглингга шунчалик ғурур соладики, ундан дилингга путур етади. Ҳатто уни кўрган шайтон ҳам ҳайрон қолиб, ҳайрат водийсида саргардон кезади. Қайси бир ишдан нафсинг ўз истагига эришса, ундан шайтон ҳам ўз мақсадига етади. Агар сен ўз нафсинг ҳукми билан бирон иш қилсанг, буни кўрган шайтон иржаяди. Сен ўзингни шайтонга хор бўлдим деб атама, балки у сенинг нафсингни ўзига вакил қилиб олгандир. Дунёга тааллуқли бўлган барча ишлар ва воқеаларнинг бошдан-оёқ шайтонга дахли бор. Ҳақ нафсингни шундай яратганки, унга юзта шайтон ҳунари жо бўлган. Нафсинг шунчалик макр-ҳийлалар кўрсатадики, ундан ҳатто юзта иблис ҳам шарманда бўлади. Сен бу янглиғ нафсга ошно бўла туриб, яна нима учун шайтондан гина қиласан?!

* * *

Кимки ўзининг қилган ишларини рўкач қилмасдан, унинг олдида бору йўғини тенг тутса ва манманликка берилмаса ҳамда қилган тоатларини бир қора чақадек деб билса, у киши бахт-саодат кўчасига киради ва ўз тақво ҳамда ибодатларидан наф топади. Бундай киши ўз тоат ва тақводорлиги мевасини тотиб, бу иш маъносидан баҳраманд бўлади.

* * *

Паст ҳимматли баланд бахт топса ҳам, у тоғлик толеъи паст кишидек қадрли бўла олмайди. Ёлланма чўпон мингта қўйни боққани учун маълум ҳақ олиб, қўйларга посбонлик қилади. Агар бўридан бу қўйларга хавф-хатар етишса, бундай ҳолда у чўпондан бир ит яхшироқдир! Хазинаси бору ҳиммати йўқ кишига ана шу чўпон ва қўй ҳодисаси мисол бўла олади. Унинг хазина қоровули ва қўйга қўйилган чўпондан фарқи йўқдир. Оқибатда бир ринд табиатли ҳимматли киши бу бойликни қўлга киритиб, уларни бир гадога ҳадя қилиб юборади. Агар ринд ҳақиқий ҳиммат ва карам эгаси бўлса, унинг учун бутун бир хазинани ҳадя этиш бир пулни харж этишдек оддий бир ишдир.

* * *

Кимнингки инсофи йўқ экан, у инсон саналмайди. Кишининг феъл-атворида инсофсизликдан ортиқ нуқсон бўлмайди. Бу сифат ҳақиқий мардларнинг ишидир, ҳар қандай киши ҳам унга етавермайди. Ноинсоф киши – одам эмас. Одам инсоф истамайди, аммо беради. Ҳақиқат аҳли кишилардан инсоф талаб қилмайди, чунки уларнинг ўзи инсоф эгасидир. Агар кимки ўзи инсофли бўлмасдан, ўзгадан инсоф талаб қилса, у ҳақиқий ноинсофнинг ўзгинасидир.

* * *

Нуқсонли кишигина ўзини комил деб ҳисоблайди. Ўз нуқсонини исбот қила олган киши эса ҳақиқий комил саналади.

* * *

Ишқ билан ўйнашиб бўлмайди. Жисмингга ўт тушса, у сени қуюндек саргардон қилади. Ишқ аро фақат ўртаниб ёниш лозим, ўт аро куймасдан ўзга чора йўқ. Ишқ осмонидан қайси ёққа чақин тушса, у шу ондаёқ жонни шуъла селобига ғарқ қилиб юборади. Ишқ чақмоғи хонумонни куйдириб юборади, хонумон нима деган гап, бутун жаҳонга ўт қўяди!

* * *

Маърифат аҳли шуни исботлаганки, бу жонли ҳаёт охир ўлим билан тугайди. Фақат ориф бўлмаган беақл кишиларгина ҳар бир киши бошида муқаррар содир бўлувчи бу воқеадан бехабардир. Агар жаҳонда минг йил яшасанг ёки бир зум умр кўрсанг, барибир ажал сенга омонлик бермайди. Авлиё ҳам бу гирдобдан қочиб қутулмайди, пайғамбар ҳам бу айланишдан халос бўлмайди. Киши қанчалик ваҳимага тушмасин, қанчалик қайғурмасин, барибир озод бўла олмайди. Унга чап бериб қутулиш йўқ; пора бериб ҳам халос бўла олмайсан, ажал тиғи ўз жаллодлигини қилади. Йиғласанг ҳам, ёлворсанг ҳам бу йўлдан бормасликдан ўзга иложинг йўқдир. Зоҳид ва ярамас киши ҳам, шоҳу гадо ҳам бу йўлни адо этади. Шунинг учун ундан қўрқиш кишига ҳеч бир фойда келтирмайди, балки ортиқча ташвиш чеккани қолади. Ўлмоқликдан бошқа илож йўқ экан, унинг фармонига қулоқ солмоқ яхшироқдир.

* * *

Шунчалик бунёдкорлик, майдон, ўзаро душманлик қилиш ва уруш олиб боришлар – ҳамма-ҳаммаси, – агар ўйинчи доналарни йиғиштиришга аҳд қилса ва шахмат тахтасининг бир четини кўтарса, – буларнинг барчаси ўртадан кўтарилиб, йўққа чиқади! Шунда на бу уруш ва на душманликдан, на жанг олиб бориш тартиб-қоидаларидан асар қолади. Рўй берган барча ҳолат ва русумлар, яъни жанг майдонида икки томоннинг бир-бирига ҳужум қилишлари, агар чуқур ўйлаб кўрилса, ўткир фикрли киши олдида буларнинг барчаси ҳеч нарса ҳисобланади. Гўё юзга кирган хаста бир канизак каби улар ҳечликдан бошқа нарсага арзимайдилар. Уларни ҳатто бир парча бўзга боғлаб, ўтга ҳам, сувга ҳам ташлаб юбориш мумкин.

Чунки ҳолат ўзгариб, уни ўйнагувчи устод учун ўйин тугагач, улар ҳеч қандай тафовутга эга бўлмайди. Шахмат доналари халта ичига солинган, “шоҳ” қуйи тушиши, “пиёда” эса юқори кўтарилиши мумкин!

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version