Қашқадарё газетаси Жамият Ҳазрати Башир фазилати
Жамият

Ҳазрати Башир фазилати

Қашқадарёга оид

Китоб туманидаги Ҳазрати Башир манзилгоҳига ҳам зиёрат, ҳам истироҳат мақсадида борувчилар сони кўп. Ҳазрати Баширни кўпчилик улуғ авлиё, олим, шайх деб билади ва билганларимиз шундан нарига ўтмайди. Буюк аждодларимиз ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш эса фойдадан холи эмас.

«Насафийлар ва Кешийлар тазкираси»да қайд этилишича, Султон Сайид Аҳмад Вали – Ҳазрати Башир донг таратган тасаввуф шайхларидан бўлиб, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчининг замондоши бўлган. Ривоятларда айтилишича, она сутисиз ўсганлиги учун «Бешир» лақабини олган.

Кейинги йилларда олиб борилган изланишлар туфайли Ҳазрати Баширнинг маноқиби (ҳаёти ва фаолияти ҳақида ривоятлар) топилиб, нашр этилди. Мазкур маноқибга кўра, у XIV асрнинг охирларида Кеш вилоятининг Қоплатун қишлоғида туғилган (ҳозирги Китоб туманидаги Ҳазрати Башир қишлоғи). Ҳазрати Башир бевосита бирор шайхдан таълим олмаган. Аммо ўз устида ишлаш, ўқиш-ўрганиш натижасида тасаввуфнинг бутун сир-асрорларини ўрганган. Кароматлари, ҳаёт тарзи билан халқ ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган.

Ҳазрати Башир тасаввуфнинг Яссавия, Мавлавия, Нақшбандия тариқатларини ижодий ўзлаштирган. Яссавияга хос бўлган зикри жаҳрия, Мавлавия тариқатига хос бўлган самў, Нақшбандия тариқатининг «қўллар дунё ишларида, тиллар ва диллар Аллоҳ зикрида бўлсин!» шиори Ҳазрати Башир томонидан амалда жорий этилган. Ўз шогирдлари ва муридлари ёрдамида одамларни ҳақ йўлига бошлаган, бева-бечораларга ва камбағалларга ёрдам берган, ўзи ҳам ҳалол меҳнат билан кун кечирган. Дарвешлар билан даштга чиқиб, «ҳалвобиҳ», яъни нишолда учун зарур ўсимлик томирлари ва меваларни терган, уларни соттириб, озиқ-овқат харид қилган. Боғдорчилик билан ҳам шуғулланган. Варганза анорлари шуҳрати ўша даврда бошланган, дейишади.

Ҳазрати Башир оқ сурп кўйлак, кулоҳ ва эски тўн кийиб юрган. «Янги кийим кийсам, кибрланиб, Аллоҳга эътиқодим сусаяди», дер экан. Маноқибда айтилишича, Ҳазрати Баширнинг шуҳрати кундан-кунга ортиб, шогирдлари сони 6 мингга етган. Улар орасида турли миллат вакиллари бўлган. Баъзи одамлар Ҳазрати Баширнинг устидан Мирзо Улуғбек ва Хожа Аҳрор Валийга шикоят қилганлар. Эҳтимол, Мавлавияга хос рақсу самў динга зид ҳодиса – ширк сифатида баҳоланган бўлиши мумкин. Аммо у Самарқандда уламолар имтиҳонидан муваффақиятли ўтади. Бир муддат Бухоро ва Андижонда ҳам яшаган, деган ривоятлар бор.

Ёзувчи Акром Аминов ўзининг «Ҳисорнинг қирқ мўъжизаси» китобида бошқача бир ривоятни келтиради: «Ривоят қилишларича, Мирзо Улуғбек овни ғоят севар, давлат ва илмий ишларидан чарчаганида кўпинча табиат бағрига отланиб қолар эди. Бундай пайтларда йўли Омонқўтон ва Ургут томон тушаркан. Самарқанддан етмиш чақирим нарида Зарафшон ва Ҳисор тоғ тизмалари елка тирашган жойда давлатпаноҳнинг Ҳазрати Башир исмли донишманд, маслаҳатгўй дўсти яшарди. Айтишларича, бу зот Улуғбекка Али Қушчини шогирдликка тавсия этган экан. Овдан сўнг базму зиёфатлар Ҳазрати Баширнинг ўнлаб қорабулоқлар қайнаб ётган катта чорбоғида ўтказиларди. Улуғбек табиатшунос ва файласуф дўсти ҳузурида бир неча кунлаб қолиб кетарди».

Ҳазрати Башир маноқибидаги Али Қушчига доир маълумотлар ҳам бу икки машҳур зот ўртасида устоз-шогирдлик муносабатлари бўлганидан далолат беради.Унда айтилишича, Улуғбек қатл этилгач, Али Қушчи Ҳазрати Башир ҳузурига келади. Ҳатто у Улуғбекнинг хазинаси ва китобларини шу қишлоқ атрофларига яширган бўлиши ҳам мумкин, деган тахминлар айтилади. Бу ерда Али Қушчи ўз илмий изланишларини давом эттиради. У шогирдлари билан      6-7 йил яшаган жой ҳозирги Қушчи қишлоғи бўлса керак, деб ҳисоблашади.

Сиёсий вазият кескинлашгач, Али Қушчи бу ердан ҳам кетишга мажбур бўлади. Дастлаб Ҳирот шаҳрига бориб, бир муддат туради. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ёрдамида Туркияга жўнатилади. Олим Истанбулда ўз илмий фаолиятини давом эттиради, кўплаб шогирдлар тарбиялайди ва 1463 йилда ўша ерда вафот этади.

Ҳазрати Баширдан кўпгина фарзандлар қолган. Улардан бири Бобо Аҳмад яхшигина шеърлар ёзган. «Канзул маоний», «Канзул асрор», «Мифтоҳул кунуз» номли маснавийлар ёзганлиги маълум.

Exit mobile version