Магнат, ўша машҳур «Титаник» кемаси йўловчиларидан бири бўлган Исидор Штраусга тегишли олтиндан ясалган чўнтак соати ким ошди савдосида рекорд сумма – 2,3 миллион долларга сотилди. Бу ҳақда Henry Aldridge & Son аукцион уйи хабар қилган.
Бу «Титаник» билан боғлиқ эсдалик буюмлари учун рекорд бўлди, дейилади хабарда.
18 карат (3,6 грамм) олтин ишлатилган соат Macy’s дўконлар тармоғи эгаларидан бири, кемада рафиқаси Ида Штраус билан биринчи классда саёҳат қилган Исидор Штраус жасади ёнидан топилган. Унда магнатнинг исм-шарифи бош ҳарфлари ва 43 ёшга тўлган санаси ўйиб ёзилган.
Хабарда қайд этилишича, фалокатдан сўнг соат бошқа шахсий буюмлар билан бирга эгасининг қариндошларига берилган.
«Титаник» ҳалокатидан омон қолган гувоҳларнинг эслашича, Штрауслар оиласи унда ҳали хотин-қизлар ва болалар қолаётган бир пайтда кемани тарк этишдан бош тортишган. Уларни охирги марта сувга ғарқ бўлаётган улкан кема бортида бир-бирларининг қўлларидан тутган ҳолда кўришган.