АҚШлик истеъмолчи ва экспертларни ҳайратга солди
Жорий йил 2-5 февраль кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган «NY NOW» улгуржи савдо кўргазмасида Ўзбекистон миллий стенди ташкил қилинди ва унда асосан Шаҳрисабздаги «Gulnor Art» масъулияти чекланган жамиятида яратилган 100 дан ортиқ ироқи каштачилик маҳсулотлари кенг намойиш этилди.
Қашқадарё ва дунё
Мазкур корхона раҳбари, «Gulnor» бренди муаллифи Гулнора Одилованинг таҳририятимизга маълум қилишича, АҚШда анъанавий тарзда ўтказиладиган бу нуфузли кўргазмада ҳунармандчилик ва бошқа турдаги қўл меҳнати маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари ҳамда ҳашаматли ҳаёт тарзига оид анжомлар тақдим этилади ва сотилади. 2018 йилнинг март ойида ташкил этилган «Gulnor Art» МЧЖ вакиллари «NY NOW»да кўп йиллар давомида мунтазам равишда қатнашиб, ҳар йили экспозициясини бойитишга ҳаракат қилишади. Жорий йилда ҳам Ўзбекистон миллий стендида Гулнора Одилованинг эскизлари асосида қарийб 400 нафар шаҳрисабзлик хотин-қиз томонидан табиий ипакдан ишланган энг сара каштачилик маҳсулотлари, шу жумладан, янги тур ва дизайндаги кийим-кечаклар, пойабзаллар, аёллар сумкалари, ҳамёнлар, турли хил сўзаналар салмоқли ўрин эгаллади.
– Меҳмонлар Ўзбекистоннинг кўп асрлик маданиятини замонавий услуб билан уйғунлаштирган Шаҳрисабз ироқи каштачилигини юқори баҳоладилар, – деб ёзади «Дунё» ахборот агентлигининг мухбири Нью-Йоркдаги кўргазмага бағишланган хабарда. – Ўзбек ҳунармандларининг ишлари нафақат ўзининг нафислиги билан ҳайратга солди, балки амалий жиҳати билан ҳам америкалик мода ихлосмандларининг эътиборини тортди. «Gulnor Art» корхонаси кўргазмада нафақат ўз маҳсулотлари, балки бошқа ўзбек ҳунармандларнинг кулолчилик ва темирчилик ишларини ҳам намойиш этди.
Тафсилотларга кўра, Ўзбекистон миллий стенди энг кўп ташриф буюрилган бўлимлардан бирига айланди ҳамда кўплаб меҳмонлар мамлакатимизга бориш ва қадимий меъморий биноларни, ўзбек халқининг ноёб санъати ва урф-одатларини ўз кўзи билан кўриш истагини билдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон стендида тақдим этилган маҳсулотлар америкалик чакана харидор ва дистрибьюторларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир доирасида бир қатор келишув ва савдо шартномалари ҳам тузилди.
Моҳир ҳунарманд Гулнора Одилова «Gulnor Art» МЧЖ ва ўзининг кейинги режалари билан ўртоқлашар экан, тез орада Тошкентда ўтказилиши кўзда тутилган шахсий кўргазмага тайёргарлик кўраётгани, қолаверса, йил охиригача пойтахтда доимий ишлайдиган «Gulnor» бренди остидаги ироқи каштачилик маҳсулотлари галереясини очишни ҳам режалаштираётганини билдирди.
Темур НИЗОМОВ
