Қашқадарё газетаси Маънавият ҲАЁТНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ ТЎҒРИСИДА ҲЕЧ НАРСА БИЛМАЙМИЗ
Маънавият

ҲАЁТНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ ТЎҒРИСИДА ҲЕЧ НАРСА БИЛМАЙМИЗ

Сараланган сатрлар

Маълумотларга кўра, Америка ёзувчиси Жек Лондон йигирма йилга яқин вақт мобайнида 200 дан ортиқ ҳикоя, 20 та роман ва 3 та саҳна асари ёзган. Унинг “Мартин Иден”, “Оқсўйлоқ”, “Киш ҳақида қисса”, “Аждодлар нидоси”, “Ҳаётга муҳаббат”, “Уч қалб” асарлари ўзбек китобхонлари орасида анча машҳур. Адибнинг тилимизга ўгирилган асарлари рўйхатига яқинда яна бир нечта китоб қўшилди: “Денгиз бўриси”, “Темир товон”, “Юлдузлараро саргардон”.

Жек Лондон ҳаёти асарлари сингари ранг-баранг кечган: мактабда ўқиб юрган кезлари газета сотади, консерва фабрикасида ишлайди, молюскалар савдоси билан шуғулланади, матрос бўлиб хизмат қилади, кирхонага ёлланади. Кейинчалик Жек Лондонни мухбир, “олтин васвасаси” пайтида Аляскани ўзлаштирувчилардан бири, АҚШда шаҳар мерлигига номзодини қўйган сиёсатчи, қишлоқ хўжалиги ходими, япон разведкаси томонидан қўлга олинган ва президент Теодор Рузвелт талаби билан озод қилинган ҳарбий мухбир каби қиёфаларда кўрамиз.

Ёзувчининг “Юлдузлараро саргардон” романи ўзига хос асарлардан бири саналади. Бош қаҳрамон Даррелл Стендинг ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳкум бўлиб, шафқатсиз қийноқлардан қутулиш мақсадида асрлар қаърига саёҳат қилишни ўзлаштиради. Реализм, мистика ва илмий-фантастикага йўғрилган асар қаҳрамони шу тариқа Шарқий Осиёдан Европагача, қадимги замонлардан яқин тарихгача бўлган саргузаштларни бошдан кечиради. Жумладан, романда дуэлда ҳалок бўлган граф; ҳиндулар ва мормонлар томонидан қириб ташланган америкаликлар қавми; ғорда яшаган роҳиб; Кореяда бўлган европалик денгизчи; Исо Масиҳ хочга тортилганига гувоҳ бўлган жангчи; кимсасиз оролда саккиз йил яшаган киши; ибтидоий камончи ва ҳоказо инсонлар тақдири ва кечмишини ўқийсиз.

Қуйидаги қайдлар ҳам шу асардан.

* * *

Киши бир марта салбий сифат ёки ёмон ном билан танилиб қолса, бундан қутулиши қийин бўлади, бошқалар унга баҳо берганда айнан ўша ёмон хислатидан келиб чиқиб баҳо беришади.

* * *

Ақлли одамлар шафқатсиз бўлишлари мумкин, лекин нодон одамлар ўтакетган шафқатсиз ва ваҳший бўлади.

* * *

Қафасга қамалган инсон асл ожизлик нималигини яхши англайди.

* * *

Кучли онг ва мустаҳкам руҳ ҳеч қачон итоаткор бўлмайди. Фақатгина нодон, қўрқоқ ҳамда адолат ва мардликка интилишдан йироқ одамларгина жаҳаннам қамоқхонасидаги намунали маҳбуслар сафига киради.

* * *

Эҳ, азизлик ва фаровонликка ўралган фуқаролар! Ишонинг, ҳозир ҳам қамоқхоналарда одамларни уришади, калтаклашади, ҳатто дайди кўппаклардек ўлдириб юборишади, худди қадимги инсонлар илк қамоқхоналарни қурган пайтдан бери маҳкумларни қатл қилиб келишганидек! Замонавий дунёда яшаяпмиз, деган гап қамоқхоналарда ўтмайди.

* * *

Кучли инсонлар оддий касалликлардан аёллар ёки ногиронлардан кўра кўпроқ азоб чекишади. Жисмдаги куч-қувват тугаб борар экан, йўқотадиган нарса ҳам камаяди.

* * *

Аёл омили эркаклардаги кўплаб ҳаракатларнинг боисини тушунтириб бера олади.

* * *

Ҳаётни интеллектуал атамалар билан тушунтириш мумкин эмас. Файласуф Конфутсий бир пайтлар шундай деган эди: “Ҳаёт ҳақидаги билимларимиз шунчалик оз экан, қандай қилиб ўлим ҳақида бирор-бир фикрга эга бўлишимиз мумкин?” Агар ҳаётни тушунарли сўзлар билан ифодалаб бера олмасак, демак, ҳақиқатан ҳам ҳаётнинг асли нималигини билмаймиз. Биз ҳаётни фақат ҳодиса сифатида талқин қиламиз, буни худди ёввойи одамнинг динамо машинаси ҳақидаги билимларига қиёслаш мумкин. Тан олмоқ лозим, биз ҳаётнинг асл моҳияти тўғрисида ҳеч нарса билмаймиз.

* * *

Бизнинг кечинмаларимиз ҳақиқатан ҳам тушларимизнинг асос материалини ташкил этади.

* * *

Ҳеч нарсаси бўлмаган одам бутун дунёни ҳам ваъда қила олади.

* * *

Фақатгина Осиё халқларигина қасос олиш палласини узоқ вақт, сабр-тоқат ҳамда мустаҳкам ирода билан кутиб тура олади ва вақти келганда буни шафқатсизлик, совуққонлик билан амалга оширади.

* * *

Аёлнинг лобарлигини сўз билан ифодалаб бўлмайди, йўқ, ифодалаб бўлмайди. Буни тушунарли иборалар билан тугайдиган ақлий жараёнга боғлаб бўлмайди, асло. Чунки бу ҳолат ҳис-ҳаяжон ва сезгидан келиб чиқади ва охир-оқибат ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган бошқа бир ҳис-туйғу билан тугайди.

Умуман олганда, ҳар қандай аёл эркак учун латофат соҳибаси. Бу назокат ва нафосат шахсий тус олганда, уни севги деб атаймиз.

* * *

Фикрлар унинг учун ҳам катта муаммо эди, чунки улар Рим кучига қарши қуролсиз курашнинг энг кучли воситаси бўлиши мумкин эди.

* * *

Аёл ҳар доим аёл бўлиб қолишини, буюк ва муҳим қарор қабул қилинадиган дақиқаларда аёл ақл билан эмас, балки ҳис-туйғулар билан иш кўришига яна бир карра гувоҳ бўлдим.

* * *

Ҳалол ва оқкўнгил одамларга тўғри ва масъулиятли қарорларни қабул қилишда ва бажаришда ҳеч нима тўсқинлик қила олмайди.

* * *

Инсондаги энг ажабланарли нарса унинг доимий ношукурлиги, ҳеч қачон тўймаслиги, Худо билан ўзининг ўртасидаги тинчликни топа олмаслиги, доимий безовталик ва бефойда иштиёқларидир.

* * *

Ҳеч қачон бекорчи вақтим бўлмаганлиги сабабли бу оролда шайтоннинг қиладиган иши йўқ эди.

* * *

Тана – арзон ва бўш нарса, у тупроқдан бўлган, бир кун тупроққа қайтади. Лекин руҳ абадий тирик ҳолатда қолади.

* * *

Аслида, бизнинг ҳар биримиз – бу сайёранинг аҳолиси – ўзида ҳаётнинг бошланғич босқичларидан вужудга келган ўчмас тарихни олиб юрамиз. Бу тарих бизнинг тўқималаримизда, суякларимизда, аъзоларимиз ва функцияларимизда, миямизнинг ҳужайралари ва руҳиятимизда, физиологик ва психологик меросимизда тошга ўйилган нақшдек ўчмас қилиб ёзиб қўйилган.

* * *

Баъзан менга инсоният тарихи – бу эркакнинг аёлга бўлган севгисининг тарихидек туюлади.

* * *

Ошиқлар сўзи билан айтганда, аёл дунёдаги жамики нарсалардан қимматлироқ. Ва бу ҳақиқат, акс ҳолда эркак ҳеч қачон жангчи, фотиҳ бўла олмас эди. Эркак севгисиз жангчи бўлолмасди, севгисиз у ҳеч қачон шонли жангларга кириб, ғолиблик қўлини кўтармас эди. Биз фақат севганларимиз йўлида боримизни бериб жанг қиламиз, улар учун энг шонли ҳолатда жонимизни берамиз ва улар учун энг яхши ҳаётни яшаймиз.

* * *

Кўпинча одамларнинг яшаш учун танлаган ғалати ҳаёт йўллари ҳақида ўйлаб қоламан!

* * *

Қатъий айтишим мумкинки, инсон шахс сифатида охирги ўн минг йиллик ичида мақтовга сазовор ахлоқий тараққиётга эриша олмади. Ёввойи тойчоқ билан арава тортадиган ювош ва сабрли от ўртасидаги фарқ фақатгина тарбия қилиниш усулида. Инсониятнинг ахлоқий ривожланишидаги ягона фарқ – бу тарбиядир.

Инсоннинг ахлоқи – асрлар давомида жамланган ижтимоий капиталдир. Янги туғилган чақалоқни ахлоқий меъёрлар билан тарбиялашмаса ва у тўғри тарбиялаш жараёнидан ўтказилмаса, ўтмишда ўтган ғор одамларидан бири бўлиб ўсади.

* * *

Илк башариятнинг қадимий қабилаларида, айтиш мумкинки, маънавий илдизлар чуқурроқ, оила алоқалари қаттиқроқ ва адолатлироқ эди. Бу фикримни рад қилишга шошилманг. Бугунги “замонавий” жамиятнинг паст ахлоқий ҳолатини тушуниш учун болалар меҳнати, порахўрлик, сиёсий сотқинлик, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва камбағал синфлардаги аёлларнинг қул қилиниши каби муаммоларни бир эсланг.

* * *

Барча танқидларга ва қоралашларга тик турган ҳолда қарардик. Матбуот, судялар, бойваччалар, қорни қаппайган иқтисодчилар, ваъзгўйлар, профессорлар, таҳрирчилар, ҳакамлар ёхуд юқори табақа вакиллари ортига яширинмасдик. Биз қўлимиздан келадиган нарсани қилардик, берган сўзимизга масъулият билан жавоб берардик ва ҳеч қачон ўз шафқатсизлигимизни оқлаш учун ёлғон парда ортига яширинмас эдик. Ҳақни ҳақ, ёлғонни ёлғон деб айтардик, бир сўзли эдик.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version