Қашқадарёга оид
Мирзо Абдулқодир Бедил ҳақида эшитмаган одам кам топилса керак. Филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов маълумотларига кўра, Бедилнинг ота-боболари кешлик туркий барлос уруғидан бўлган.
Бедил 1644 йилда Ҳиндистоннинг Патна вилоятидаги Азимобод шаҳрида таваллуд топган. Ота-онасидан эрта етим қолган шоирнинг истеъдоди болалигидаёқ намоён бўлади. 5 ёшидан бошлаб турли китобларни ўқий бошлайди. 10 ёшида араб тилининг қонун-қоидаларини, форс адабий тилини пухта ўрганади. Тоғалари – Мирза Қаландар ва Мирза Зариф Бедил тарбияси билан шуғулланадилар.
Бедил мадрасада бир неча йил ўқиган бўлса-да, ўз билимини мустақил равишда такомиллаштиришга катта эътибор беради. Ҳинд фалсафасини, тасаввуф таълимотини чуқур ўрганади. Қўшни вилоятлар ва мамлакатларга саёҳатга чиқади. Турли халқлар ҳаёти, урф-одатларини ўрганади. Бир муддат Аврангзебнинг ўғли Муҳаммад Аъзамшоҳ саройида хизмат қилади. Аммо кўп ўтмай бу вазифадан кетиб, бутун ҳаётини фан ва адабиётга бағишлайди. Азимободдан Ҳиндистоннинг сиёсий ва маданий маркази бўлган Деҳли шаҳрига кўчиб келади ва умрининг охиригача шу жойда истиқомат қилади.
Бедилнинг фалсафий-ахлоқий қарашлари тасаввуф ақидалари таъсирида шаклланган. Унинг дунёқараши тасаввуфнинг ваҳдатул вужуд таълимотига асосланади, яъни оламни Аллоҳнинг кўзгуси, инсон қалбини шу кўзгунинг маркази, деб билади. Инсон қалби қанчалик сайқал топса, у шунчалик Аллоҳ нурини акс эттиради.
Бедил 120 минг мисрадан ортиқ шеърий, кўпгина насрий асар ёзган. Йирик асари «Чор унсур» («Тўрт унсур») 1703 йил насрда ёзилган бўлиб, унинг дастлабки бобларида ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Сўнгги икки бобда эса, тўрт унсур – ҳаво, сув, ер, олов тўғрисида; ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамнинг пайдо бўлиши, мутлақ руҳ, руҳ ва нарсалар, дин ҳамда руҳонийларнинг ўрни ҳақида фикр юритади. Китобда парилар, жинлар, уйқу, туш кўриш ҳақида ҳикоя ва афсоналар ҳам мавжуд.
Бедилнинг ижтимоий қарашларида маърифатпарварлик, мурувват ва одамийлик мавзулари асосий ўринни эгаллайди. Унинг асарлари XIX асрда Ўрта Осиёда кенг тарқалган бўлиб, фалсафий характерга эга. Бедил Туркистонда «Абулмаъоний» («Маънолар отаси») деган ном олган.
Эронлик атоқли олим Абдулҳусан Зарринкуб Бедилни «туркнажоду форсигўй» деб таърифлайди. Яъни, у асли туркийлардан бўлса-да, форс тилида ижод қилганлигига ишора қилади. Шўролар замонигача мадрасаларда Бедил шеърияти ўрганилган. Унинг мураккаб ирфоний, фалсафий, ижтимоий ва лирик шеърлари таҳлил қилинган, зиёлилар даврасида бедилхонлик кечалари ўтказилган. Шоир асарларини тушуниш ва шарҳлаш билимдонлик, олимлик мезони бўлиб қолган.
Бедил 1721 йил 77 ёшида вафот этган.