Қашқадарё газетаси Долзарб Ҳисоботдаги рақамлар нега расмий статистика маълумотлари билан кескин фарқ қилмоқда?
Долзарб Жамият

Ҳисоботдаги рақамлар нега расмий статистика маълумотлари билан кескин фарқ қилмоқда?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси юртимизда Ислом тараққиёт банки кўмагида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва БМТТД ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида тайёрланган таҳлилий ҳисоботни тақдим этди.

Синчков назар

Маълумки, мазкур лойиҳанинг 2024-2028 йилларда бажарилаётган иккинчи босқичи Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та туманидаги 157 та маҳаллада (шундан 41 та марказий ва 116 та ёндош) рўёбга чиқарилиб, уни ҳаётга татбиқ этиш учун Ислом тараққиёт банки томонидан мамлакатимизга 260 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратилган. Бу маблағнинг катта қисми (232 миллион доллар)ни қишлоқ жойларда асосий инфратузилмани таъминлашга, яна бир қисми (15,9 миллион доллар)ни эса «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш бўйича маслаҳат хизматлари – ҳамжамиятларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» компонентига йўналтириш белгиланган.

Лойиҳанинг айнан шу компоненти доирасида Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида танланган ҳамжамиятларда аҳоли турмуш шароитларини ҳар томонлама баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказилиб, ундаги таҳлил маҳаллий инфратузилманинг ҳозирги ҳолати, иш ўринларининг мавжудлиги, иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсири ва қишлоқлардаги кундалик ҳаёт сифатини қамраб олади. Тадқиқот, шунингдек, 2028 йилда лойиҳа бўйича эришиладиган натижаларнинг салмоғи ва барқарорлигини баҳолашга имкон берадиган кейинги мониторинг учун асос яратади.

Маълумотларга кўра, баҳолаш бешта асосий йўналиш бўйича амалга оширилиб, бунда Самарқанд вилоятининг 10 та туманидаги 16 та, Қашқадарё вилоятининг 6 та туманидаги 11 та ва Сурхондарё вилоятининг 5 та туманидаги 14 та маҳаллада асосий инфратузилма ва уй-жой шароитлари, аҳоли, шу жумладан, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш ва даромад олиш имкониятлари, инклюзивликка эътибор қаратган ҳолда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларининг ҳолати, иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалиги ва яшаш муҳитига таъсири ҳамда камбағаллик, ишсизлик ва миграцияда намоён бўладиган ижтимоий заифлик даражаси тадқиқ этилган.

БМТТД Ўзбекистондаги ваколатхонасининг расмий сайтида қайд этилишича, ҳисоботнинг ҳар бир бўлимида асосланган хулосалар ва қисқа тавсиялар, унинг иловаларида эса барча ўрганилган ҳамжамиятлар бўйича батафсил маълумотлар, шунингдек, сўровлар ва интервьюлар, фокус-гуруҳ муҳокамалари бўйича олинган натижаларнинг чуқур таҳлили келтирилган. Бунда асосий эътибор инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий ва экологик жиҳатларга қаратилган.

Бироқ, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги танланган ҳамжамиятларда аҳолининг турмуш шароитларини инфратузилманинг амалдаги ҳолати ва даромад олиш имкониятлари ҳамда иқлим ўзгаришининг таъсири билан биргаликда баҳолаш бўйича тайёрланган ҳисоботни кўриб чиқиш чоғида ундаги айрим рақамларнинг расмий статистика маълумотларидан кескин фарқ қилиши бизни ҳайратга солди. Масалан, ҳисоботнинг «Қашқадарё вилоятидаги танланган маҳаллаларда яшаш шароитларини баҳолаш натижалари бўйича умумлаштирилган хулосалар ва тавсиялар» деб номланган бобида «Сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида доимий аҳолининг сони изчил ўсиб бормоқда. 2016 йилда 2,51 миллион кишини ташкил этган аҳоли 2024 йилга келиб 2,8 миллион кишига етди» дея таъкидланган. Ваҳоланки, вилоят статистика бошқармасининг расмий сайти (www.qashstat.uz) да эълон қилинган рақамларга қараганда, 2016 йилнинг бошида Қашқадарёда доимий аҳоли сони 3 миллион 25,6 минг нафар, 2024 йилнинг бошида эса 3 миллион 560,6 минг нафарни ташкил этган.

Шу билан бирга ҳисоботда Қашқадарё вилоятида 2016-2024 йилларда мактаблар сони 800 тадан 900 тагача ошгани кўрсатиб ўтилган, бироқ вилоят статистика бошқармаси ўз сайтининг «Очиқ маълумотлар» рукнида мутлақо бошқа рақамларни эълон қилган. Уларга кўра, 2016-2017 ўқув йилининг бошида вилоятимизда умумтаълим муассасалари сони 1 минг 125 та, 2023-2024 ўқув йили бошида (бундан кейинги маълумотлар йўқ) эса 1 минг 256 тага тенг бўлган. Худди шундай, вилоятимиздаги шифохоналар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам (2016 йилда – 30 та, 2024 йилда – 40 та) расмий статистика маълумотларидан (2016 йилда – 86 та, 2023 йилда (бундан кейинги маълумотлар йўқ) – 105 та) анча фарқ қилади. Ҳисоботда вилоятимизда сўнгги саккиз йил давомида асосий капиталга инвестициялар ҳажми деярли икки баробар (10,5 триллион сўмдан 20,3 триллион сўмгача) ошгани айтилган бир пайтда вилоят статистика бошқармасининг сайтида Қашқадарёда 2016-2024 йилларда мазкур кўрсаткич 7,3 триллион сўмдан 33 триллион сўмгача, яъни 4,5 баробар кўпайгани кўрсатилган…

Ҳисоботда шу ва яна бир қатор ноаниқ рақамлар (масалан, Сурхондарё вилоятига оид қисмида ҳам) борлиги яққол кўзга ташланар экан, бу хатолар тез орада тўғриланиши ва тадқиқот хулосаларига ножўя таъсир кўрсатмаслигига умид билдириб қолишдан бошқа иложимиз йўқ.

Биродар АЗИЗОВ

Exit mobile version