Қашқадарё газетаси Маънавият ҲОЗИРГИ ЗАМОНДА ҚОҒОЗЛАР БИЛАН ЭМАС, МИЛТИҚ ЁРДАМИДА ҲУКМ ҚИЛИШАДИ
Маънавият

ҲОЗИРГИ ЗАМОНДА ҚОҒОЗЛАР БИЛАН ЭМАС, МИЛТИҚ ЁРДАМИДА ҲУКМ ҚИЛИШАДИ

Сараланган сатрлар

1982 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган колумбиялик адиб Габриэл Гарсиа Маркес ўз ижодида Лотин Америкасининг тарихий ва маданий хусусиятларини акс эттирган. “Ёлғизликнинг юз йили”, “Мустабид паймонаси”, “Ошкора қотиллик қиссаси”, “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди”, “Улуғ Онанинг дафн маросими” каби асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналари сифатида баҳоланади.

Маркесга Нобел мукофоти берилаётганда у: “Киши кишига муте бўлмаган, бири иккинчисининг ҳаётига дахл қилмайдиган, ҳар қандай бахтга ва адолатга эриша оладиган, асрий ёлғизликнинг маҳкумлигини енгишга, ҳар бир одам ўзи истагандай яшашга ҳаққи борлигини ўргатадиган ва буни исботлаб берган утопия ярата олган ёзувчи ҳақиқий ижодкордир”, деган эди.

Ёзувчининг айни қарашлари “Машъум замон” романида ҳам бўй кўрсатади. Роман воқеалари аниқ қаерда юз бериши ҳақида айтилмайди, умуман, Маркес деярли ҳеч нарсани қуруқ тасвирламайди, ўқувчини фикрлашга ўргатади. Эътиборли китобхон номаълум бу шаҳарда бир муддат илгари инқилоб юз бергани, аммо аҳвол яхши томонга ўзгармаганини англайди. Натижада ҳар куни одамлар эшигига варақалар ёпиштириб кета бошлашади. Дастлаб шунчаки одамлар айб ва гуноҳлари акс этган варақалар кейинроқ сиёсий кўриниш касб этади.

Маркесга хос киноя, кескин ижтимоий танқидни илғаган ўқувчи роман қатларига яширин маъноларни осон пайқай олади.

Испан ёзувчиси Давид Перес Вега ушбу асар ҳақида “Бунда мен адибнинг илк ижодий давридаги босиқ асарлари билан “Ёлғизликнинг юз йили” ва “Мустабид паймонаси” каби тенгсиз романлари оралиғидаги ўтиш босқичини кўраман ва шуниси билан ҳам ўзига яраша қадрли деб биламан”, дея фикр билдирган.

Роман ўтган йили “Архетип” нашриётида Шарифжон Аҳмедов таржимасида ўзбек тилида чоп этилди.

*  *  *

Ўзининг тили ўз бошига етди – қай бир улфатлар даврасида ўтириб сайловларда сохтакорликка йўл қўймайман деб алжираб қўйган экан.

*  *  *

Ким нима деса десин-у, тириклик мантиғини кашф этганлар ҳам айнан ўша ўтмиш мумтозлари эди ахир. Биласизки, мантиқ илми ҳар қандай синоатлар юзасидаги пардани кўтаришга қодир қуролдир.

*  *  *

Дунё яралганидан бери бўҳтон варақаларни ким ёпиштириб кетаётганини ҳали ҳеч ким топа олган эмас.

*  *  *

Одамлар валдираб юрган гапларга ишонаверсанг, бу дунёда яшаб бўларканми?

*  *  *

“Аксириб қолинг, ҳазратим. Ахир бизда ҳозирча демократия!”

*  *  *

– Шунинг учун ҳам сартарошхонада соч олдиргим келмайди. Хотинимга айтсам, эплаб-сеплаб тўғрилаб қўярди, муҳими, сиёсат-пиёсатдан оғиз очмайди.

*  *  *

– Худонинг берган куни шунга ўхшаган бало-ю офатлардан бошимиз чиқмай қолди, сиз бўлса ҳалигача ўша эски сиёсий нафратингиздан ҳеч воз кечмайсиз. Таъқиблар тўхтаганига бир йилдан ошди, сиз эса ҳалиям шулар ҳақида дийдиё қилганингиз-қилган.

– Бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўйишгани жазолаш эмасми?

– Лекин бизни уриб-ўлдиришаётгани ҳам йўқ-ку.

– Шу овлоқ жойларда ўлиб кетаверсин дегандай унутишгани уриб-ўлдиришдан нима фарқи бор?

*  *  *

Уйингда ейман деб турган ўн битта жонни боқишинг керак бўлса, холис фикрламасдан нима ҳам қила олардинг.

*  *  *

“Радио эшитсам, мен ҳам ўзидан ўзи терлайвераман”.

*  *  *

Доктор шишиб кетган лунжни бармоқлари билан тортиб-суриб, беморнинг инграшига парво ҳам қилмасдан, касал тишни топди. Енгини шимариб, оғзига омбир солмоқчи бўлиб турганди, алкалд унинг қўлидан маҳкам ушлаб олди.

– Укол қилмайсизми?

Шунда икковининг кўзлари илк бор тўқнашди.

– Сизлар укол қилмасдан ҳам ўлдираверасизлар-ку…

*  *  *

– Ичингиздаги адоват қачон битади? – яна жувонга юзланди алкалд.

Овозида ҳеч бир титроқни съездирмасдан, хотиржам жавоб қилди аёл:

– Ўлдирилган яқинларимизни тирилтириб бермагунингизча.

*  *  *

Ҳар қанақа марҳаматнинг тагида пул ётади.

*  *  *

Бунақа ишлар ичида юраверсанг, фолбинлик лўттибозликдан бошқа нарса эмаслиги, киши фақат ўз иродасига ишониши лозимлигига ишонч ҳосил қиласан экан.

*  *  *

Мундоқ суриштириб келса, сармоясига ҳаром ўлган эшак этини аралаштирмаган, ҳалол-у пок тадбир юритгич бирорта корчалон бормикан бу юртда?

*  *  *

Ҳаёт деганлари бемаврид ўлимлардан омон қолиш санъати.

*  *  *

– Ҳозиргина радиодан эшитдим, кўзи кўр буқаламунлар рангини ҳам ўзгартирмасмиш.

– Оғзига келганини гапираверишади-да.

– Буқаламунлар ҳақидами?

– Дунёдаги ҳамма нарса ҳақида…

*  *  *

– Фитнага кўпчилик аралашган бўлса ҳам, охир-оқибатда буларнинг энг каттаси бош айбдор бўлишини яхши тушунасиз.

– Ҳа, лейтенант, адашмасам, Арасту ҳам шундай деганди. Нима бўлганда ҳам, ҳозирги чоралар пухта ўйланмасдан жорий этилган. Варақачилар комен-дантлик соати бекор қилинишини кутиб, кейин эса яна ишларини давом эттираверишади.

– Буниси муҳим эмас, – деди алкалд. – Ҳокимият мавжудлигини билдириб қўйишимиз муҳим.

*  *  *

Фикри равшанлашиб, атрофга боқар экан, у шаҳарними ёки шаҳар уними бўйсундириб, кўзга кўринмас тўрлари исканжасида асир этганини билолмай ҳалак. Негаки, орадан мана шунча йиллар кечиб ўтган бўлса-да, жиловини ўз қўлига олган овлоқ бу макон ва бунинг ҳар бир фуқароси аслида унга бегона ва тушуниксизлигича қолганини аниқ-равшан англаб турмоқда эди.

*  *  *

– Сизлар… сизлар келгунча, – бир оз тутилиб қолди сартарош, – шаҳарчамиз бошқа ҳамма шаҳарларга ўхшаган расвои жаҳон бир жой эди. Энди эса ўша расво шаҳарлардан ҳам баттар балчиққа ботиб бўлди.

*  *  *

Ҳар куни эрта тонгда уйғониб, ҳар сафар ўз ажалингни кутиб яшаш нима эканини сиз билмайсиз-да…

*  *  *

– Бу хонада бирорта авлиё билан Тангрининг раҳмати камлик қиляпти, – аста пўнғиллади ҳазрат.

Доктор атрофга бир назар ташлаб олди-да:

– Бутун шаҳар сиз айтаётган авлиёга муҳтож, – деди.

*  *  *

“Ҳазрат, кечаси уйқуга кетишдан аввал танингизда бир ўйлаб кўринг: бандаларнинг руҳий жароҳатларини чиндан ҳам даволашга малҳамингиз борми, аслида?!”

*  *  *

Цирк директори кема дарё ўртасига етишини кутиб турди-да, сўнгра қўлларини оғзига карнай қилиб бутун овози билан қирғоқда қолган алкалд томон бақирди:

– Яхши қол, ҳаромхўр миршаааб!

*  *  *

“Бу кетишда бошқа шаҳарлардан аҳоли сўрашимизга тўғри келмаса бўлгани”.

*  *  *

Ҳалиям арзномалар бирон иш беришига ишонасиз, шекилли. Лекин ҳозирги замонда, қоғозлар билан эмас, милтиқ ёрдамида ҳукм қилишади.

*  *  *

Ҳар қандай шароитда ҳам жасадни ёриш амалиёти ўтказилиши шарт. Бу қамоқхонада негадир ҳамиша юрак хуружидан жон таслим қилаётган маҳбусларнинг хасталик сирини аниқлаш пайти келди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Exit mobile version