Қашқадарё газетаси Иқтисодиёт Ҳудудларда саноат жадал тараққий этади
Иқтисодиёт

Ҳудудларда саноат жадал тараққий этади

Ривожланиш стратегияси

Президентнинг шу йил 4 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2025-2026 йилларда юртимизнинг барча ҳудудларида 34 та юқори технологияли саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлса, шундан иккитаси вилоятимизда «Alp Texno Servis» хусусий корхонаси ва «Shah-Polan M» масъулияти чекланган жамияти томонидан рўёбга чиқарилади.

Қарорнинг тегишли иловасида қайд этилганидек, Қарши шаҳридаги «Alp Texno Servis» хусусий корхонаси 2026 йил декабрь ойида диагонали 55, 65, 75, 85 ва 100 дюймга тенг LED телевизорлари ва замонавий кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш лойиҳасининг иккинчи босқичини ишга туширишни мўлжал қилган. Умумий қиймати 7 миллион доллар, шундан корхонанинг ўз маблағи 2 миллион, хорижий инвестициялар ҳажми эса 5 миллион долларни ташкил этадиган бу истиқболли лойиҳа доирасида йилига 390 минг дона электротехника жиҳозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган «Shah-Polan M» масъулияти чекланган жамияти, ўз навбатида, «Қашқадарё» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида йиллик қуввати 700 минг квадрат метр замонавий қурилиш материали – стеклокристаллит панеллари ишлаб чиқариш имконини берадиган янги корхонани барпо этмоқчи. Бунинг учун умумий ҳажми 27,2 миллион доллар, шу жумладан, МЧЖнинг ўз маблағи ҳисобидан 4,6 миллион, хорижий ҳамкорлар ҳисобидан эса 22,6 миллион доллар сармоя қиритиш назарда тутилган.

Умуман олганда, мамлакат Президентининг «Ҳудудларда саноатни жадал ривожлантириш ва саноат корхоналарини экспортга жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2025-2026 йилларда республика саноатида ҳудудий саноатнинг улушини 45 фоизга етказиш, ҳудудларда илгари ўз маҳсулотини экспорт қилмаган жами 100 та корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш ва экспортчи корхонага айлантириш, ҳар бир туман ва шаҳарда қўшимча захираларни аниқлаш ва йўналтириш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қўшимча 5 фоизга ошириш ва 5 тагача саноат «ўсиш нуқтаси»ни ривожлантириш мақсад қилинган.  Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ, вилоятимизда 2025 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўсиш суръатлари 107 фоиз, 2026 йилда эса 106,2 фоизни ташкил этиши лозим.

Ўз мухбиримиз

Exit mobile version