Қашқадарё газетаси Олам Ҳукумат залидан айғоқчи диктофон топилди
Олам

Ҳукумат залидан айғоқчи диктофон топилди

Чехия ҳукумати мажлислар залида тозалаш ишларини олиб бораётган фаррош эгасиз диктофонни топиб олди. Seznam Zpravy нашрининг хабар беришича, мазкур қурилма ёзиб олинган маълумотларни ташқи интернет серверига узатиш функциясига созланган бўлган.

Манба маълумотига кўра, топиб олинган банк картаси ҳажмидаги диктофон ҳукумат матбуот хизматига топширилган. Ушбу хизмат раҳбари Карла Мрачкованинг айтишича, ўтказилган текширувлар қурилма Вазирлар Маҳкамаси учун ҳеч қандай хавф солмаслигини кўрсатган. Ҳолбуки, ушбу мажлислар залида айрим ҳолларда махфий масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Ёзиб олиш аппарати топилган пайтда ўчирилган ҳолатда бўлган. Матбуот котибининг таъкидлашича, эҳтимол, диктофон кимдир томонидан тасодифан унутиб қолдирилган.

Нашрнинг ёзишича, топилган қурилма АҚШнинг Plaud компанияси томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган. У нафақат овозни ёзиб олиш ва сунъий интеллект ёрдамида уни матнга айлантириш, балки тўпланган материалларни деярли бир вақтнинг ўзида интернет серверларига юбориш имкониятига ҳам эга.

Exit mobile version