Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 августдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
2030 йил 1 августга қадар балиқчилик хўжаликларига Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тизимли молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилади.
Мисол учун, сунъий сув ҳавзаларида интенсив усулда балиқ етиштирувчи балиқчилик хўжаликлари томонидан ўз хўжаликларини муқобил энергия манбалари билан таъминлаш мақсадида қуёш панелларини харид қилиш ва ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 14 фоизлик пунктидан юқори, бироқ 10 фоизлик пунктидан ошмаган қисми;
50 киловаттгача қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг 25 фоизи, бироқ ҳар бир киловаттга 1 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидия сифатида қоплаб берилади.
Яна, ёпиқ сув айланма тизими технологиясини ўрнатиб, балиқчилик маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйганда ушбу технология умумий харажатининг 10 фоизи, бироқ 5 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда бир марталик компенсация ажратилади;
интенсив усулда балиқ етиштиришда қўлланадиган баланслашган омухта ем ишлаб чиқариш бўйича йиллик қуввати 20 минг тоннадан кам бўлмаган янги ишга тушириладиган лойиҳалар доирасида техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг 20 фоизи, бироқ 2 миллиард сўмдан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади.
* * *
Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида:
замонавий сув тежовчи технологиялар жорий қилинган саноатлашган боғларда бурғиланган қудуқлардан олинган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси беш йил муддатга 1 сўм миқдорида белгиланади.
* * *
Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
назорат қилувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахслари ва ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида ҳисобга олиш тартиби;
«Ягона давлат назорати» ахборот тизимида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни, шу жумладан, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширувлар ва профилактика тадбирларини рўйхатга олишни ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотларни ҳисобга олишни таъминловчи «Бизнес ҳимоя» QR-коди жорий этилади.
Давлат хизматчилари «Бизнес ҳимоя» QR-коди орқали текшириш ёки мулоқот ҳақидаги маълумотни белгиланган тартибда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига киритмаса, тадбиркорлик субъектлари давлат хизматчисини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ва мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига эга.
* * *
Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида:
аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «trade-in» дастури доирасида эскирган автотранспорт воситаларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисмини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда халқ вакиллари ва жамоатчилик учун қўшимча имкониятларни яратиш тўғрисида:
ташаббусли бюджет жараёнида ҳар бир депутат томонидан «Очиқ бюджет» ахборот порталида бир мавсум учун ажратилган маблағлар доирасида бир ёки бир нечта лойиҳалар танланиб, қўшимча равишда ғолиб деб эълон қилинади;
депутат ваколати муддатидан илгари тугатилган ҳолларда Ташаббусли бюджет жараёнларида парламент назоратини амалга ошириш бўйича комиссия қарорига кўра бошқа депутатлар томонидан ташаббусли бюджет жараёнларининг тегишли сайлов округидаги қўшимча ғолиблари аниқланади.
* * *
Фитосанитария тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан карантин остидаги маҳсулотлар фитосанитария назоратини амалга оширишда хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олишнинг автоматлаштирилган механизми жорий қилинади.
* * *
Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:
театр, цирк, мусиқа, рақс, номоддий маданий мерос, кино ва анимация ҳамда маданият таълими соҳасидаги лойиҳалар;
адабий асарлар яратиш, маданият соҳасида инклюзивлик ва ижтимоий йўналишлар;
стартап ва ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
инновациялар, сунъий интеллект ва рақамлаштириш йўналишларида грантлар ажратиш тизими жорий этилади.
«Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030» стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
туман фермерлари кенгашлари ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари томонидан бошлиғи ёшлар бўлган янги ташкил этилган фермер хўжаликларига аъзолик бадаллари тўланганлиги ҳамда пахта ва ғалла етиштиришидан қатъи назар 2 йил давомида бепул хизмат кўрсатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан
Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида:
транспорт воситаларини сақлаш жойларидан чиқариб юбориш бўйича рухсатномани фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) ва ижро органи томонидан «Жарима майдончаси» ахборот тизимида QR-код билан тасдиқлаш ва электрон тарзда юбориш тартиби жорий этилади.
* * *
Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
давлат органлари ва ташкилотларининг архив ишига оид барча маълумотлари ва ҳужжатлари Архив ахборот тизимида шакллантирилади ва юритилади (давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно);
электрон шаклдаги архив ҳужжатларини, шу жумладан, хизмат доирасида фойдаланиш учун грифли ҳужжатлар Архив ахборот тизими орқали топширилади ва қабул қилинади;
давлат органлари ва ташкилотлари Архив ахборот тизимини юритиш бўйича сарф-харажатларни ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширади.
* * *
Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида:
2028 йил 1 январга қадар 66 турдаги (қушлар, сут эмизувчилар, балиқлар, судралиб юрувчилар, умуртқасизлар) Ўзбекистон Республикасида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади. Бунда:
ушбу чеклов фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун ов қилишга нисбатан татбиқ этилмайди;
ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни шакллантириш ва тақсимлашда ов қилиш тақиқланган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонлар турларига нисбатан квота ажратилишига йўл қўйилмайди.
2030 йил 1 январга қадар республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойлар ҳар йили жами 15 тоннадан кам бўлмаган миқдорда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Фанлар академияси томонидан тузиладиган рўйхат асосида чавоқлантирилади.
* * *
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва техник қурилмаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига унинг ахборот тизими орқали фото ва (ёки) видеоматериаллар кўринишида тақдим қилиш, уларни кўриб чиқиш ҳамда тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби жорий этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.