Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 июлдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
объектларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш «битта ариза – бир тўлов – барча уланиш нуқталари» тамойили асосида композит шаклда амалга оширилади;
янги объектлар бўйича лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бир вақтда амалга ошириш (параллел қурилиш) амалиёти бекор қилинади ҳамда тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич тайёрланадиган лойиҳа асосида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш тартиби жорий этилади.
* * *
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига миллий чолғу асбобларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоиз қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тизими жорий қилинади;
ҳар йили 1000 нафар уй-жойга муҳтож маданият, санъат ва ижодий соҳа вакилларига бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун алоҳида имтиёзлар асосида ипотека кредитлари ажратиш йўлга қўйилади.
Ижодий бирлашмаларнинг тавсияси асосида: ҳар йили 1 минг нафаргача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш бўйича имтиёзга эга бўлмаган, бироқ ўз фаолиятида яхши натижаларга эришган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига юқори технологик операцияларни ўтказиш харажатларини;
ҳар йили 2 минг нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига суғурта мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатларнинг 50 фоизини;
ҳар йили 100 нафаргача соҳада камида 10 йил ишлаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санаторийларида бепул даволаниш харажатларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш йўлга қўйилади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан: Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари бундан мустасно) концерт-томоша тадбири ташкил этилган ва бир тадбир доирасида 1000 тадан ортиқ билет сотилган тақдирда, концерт-томоша ташкилотчиларига сотилган билетлар қийматининг 20 фоизига тенг бўлган миқдорда;
давлат ва нодавлат театрларга ўзи фаолият юритаётган жойда саҳналаштирилган спектакль учун сотилган ҳар бир чиптага қўшимча 10 минг сўм, бошқа ҳудудга чиққан ҳолда намойиш этилган тақдирда, 20 минг сўм миқдорида субсидия берилади.
* * *
Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;
солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Бунда, аниқланган камчиликлар бир ой ичида бартараф этилган тақдирда, солиқ текширувлари ўтказилмайди;
янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига уларнинг ихтиёрига кўра дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизмати «Soliq-servis» АЖ томонидан бепул амалга оширилади;
туман фермерлари кенгашлари ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари амалдаги молиялаштириш тартиби ва моддий-техника базасини сақлаб қолган ҳолда «Soliq-servis» АЖ тасарруфига ўтказилади.
Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари балансидаги нотурар жой объектларини ижарага бериш фақат «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.
* * *
Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида:
нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ҳамда лицензия доирасида барча йўналишларда беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизматларни кўрсатишга рухсат берилади;
Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида беморларга тиббиёт ташкилотларида ихтисослаштирилган амбулатор тиббий хизматлар кўрсатиш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади;
беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тиббиёт ташкилотлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади ҳамда касалликлар йўналишлари кесимида ойлик маблағлар ҳажмини белгилаш тартиби жорий қилинади;
тиббиёт ташкилотлари томонидан тиббий фаолият учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатиб туриш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида:
электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.
* * *
Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида:
давлат органлари ва ташкилотларида 2030 йилгача босқичма-босқич коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизими жорий этилади.
* * *
Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
автомобиль йўллари қурилиш жараёнлари доирасида космик тасвирлар ва дронлар ёрдамида қурилиш ҳамда молиялаштириш ҳажмларини солиштириш асосида мониторинг қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида:
пенсиялар ва нафақалар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 7 фоизга оширилади. Бунда: ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 983 000 сўм; ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 083 000 сўм;
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори: 3 ёшгача бўлган 1 та кичик фарзанди учун – 386 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 1 та фарзанди учун – 295 000 сўм; оиланинг 2-фарзанди учун қўшимча – 177 000 сўм; оиланинг 3- ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 118 000 сўм;
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 450 000 сўм; пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 504 000 сўм этиб белгиланади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида:
«Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури доирасида аввал микрокредитдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади.
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан: кичик тадбиркорлик субъектларига кредит (лизинг) миқдоридан қатъи назар, унинг 5 миллиард сўмгача қисми учун белгиланган тартибда фоиз харажатларини қоплашга компенсация;
ҳар йили Дастур асосида қўллаб-қувватланган, ўз фаолиятини кенгайтирган ва юқори кўрсаткичга эга бўлган 100 та тадбиркорлик субъектига фаолиятини рақамлаштириш, халқаро стандартларни ва яшил технологияларни жорий этиш билан боғлиқ харажатлари учун 300 миллион сўмгача грант тақдим этилади.
* * *
Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:
Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан 2030 йил 1 январга қадар аҳоли хонадонларида идентификация қилинган сигирлардан сунъий уруғлантириш орқали олинган ҳар бир бош наслдор бузоқ (идентификация қилинган) учун Давлат бюджети ҳисобидан 500 минг сўмдан;
эмбрионларни кўчириб ўтказиш (трансплантация) орқали олинганда 700 минг сўмдан субсидия ажратиш йўлга қўйилади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида:
муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати харажатларини «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида:
ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатларни, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача;
малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
* * *
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
«Сувхўжаликназорат» инспекцияси томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларни боди-камералардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилади.
* * *
Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида:
давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
вояга етмаганлар, таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат пенсиясини олувчилар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари туман (шаҳар) ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларида режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан
2026-2027 йилларда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлиги лойиҳалари кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида:
давлат ташкилотлари, шу жумладан, ижтимоий соҳа муассасалари объектлари лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш, уларни қуриш, реконструкция (модернизация) қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш жараёнида энергия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ тадбирлар ва иш ҳажмларининг мақбуллаштирилишига йўл қўйилмайди;
бюджет ташкилотлари томонидан энергия самарадор ускуналар ва материаллар, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ рақобатли шаклларда харид қилинади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.