Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 июндан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан:
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача (сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилиш харажатларини қоплаш учун) субсидия ажратилади.
Жисмоний шахсларга ҳамроҳлик хизматини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўрсатишга рухсат берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни қуйидаги шартларга бир вақтда жавоб берадиган меҳнат шароитлари асосида ишга қабул қилган ёки шундай ишга жойлашишига кўмаклашган тадбиркорлик субъектларига (бандлиги таъминланган ҳар бир ногиронлиги бўлган шахс учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 баравари миқдорида) 500 миллион сўмгача субсидия ажратиш йўлга қўйилади:
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни камида 3 ой давомида расмий иш билан банд қилиш; уларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаш.
«Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида Меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри юритилади.
* * *
Қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади.
Давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда «сариқ» тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, «қизил» тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланилади.
Камбағал оилалар «қизил» ёки «сариқ» тоифадан «яшил» тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ўн икки ой муддатга сақлаб қолинади.
«Қизил» тоифага киритилган оилаларга пассив даромад келтирувчи (камбағал оилалар хонадонига қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (қуёш электр станцияларини) ўрнатиш; уларнинг кўчмас мулки ҳудудида енгил конструкцияли кўчма дўконлар ўрнатиш) қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар ушбу оилалар камбағал деб эътироф этилгани тўғрисидаги маълумотлар ёки шахснинг камбағал деб эътироф этилган оиланинг аъзоси экани ҳақидаги маълумотнома асосида кўрсатилади.
«Қизил» тоифага киритилган оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқиган талаба қизларига Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан базавий стипендиянинг икки баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади.
* * *
Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.
* * *
Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун уй-жой жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб, ўн йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 минг 150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.
Нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 бараварга оширилади.
Амалдаги миқдорлар:
1-ўрин (олтин медаль) учун – (БҲМнинг) 500 баравари;
2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300 баравари;
3-ўрин (бронза медаль) учун – 200 бараварида эди.
* * *
Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган импорт хомашё, материал ва бутловчи қисмларни божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўламаган ҳолда «товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштириш орқали уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ:
Республиканинг барча давлат тиббиёт муассасаларида махсус кўникмаларни талаб қиладиган даволаш чораларини кўрган ҳамда юқори хавф даражасига эга бўлган амалиётларни самарали амалга оширган шифокорларнинг ойлик маошларига 25 фоиздан 100 фоизгача устама тўланади.
«Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури доирасида қисқа муддатда тиббиёт муассасаларида аҳоли учун қулай шароитлар мақсадида қуйидагилар йўлга қўйилади: тиббиёт муассасаларида кутиш заллари ташкил қилиниб, ўриндиқлар билан таъминланади; аҳоли, беморлар, ногиронлар ҳаракатланиши учун қулайликлар яратилади; «Она ва бола» хоналари ташкил қилинади, хоналар ва йўлаклар тежамкор замонавий ёритиш қурилмалари билан жиҳозланади.
* * *
Ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилади. Унинг доирасида янги уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш; уй шароитида қараб туриш; тиббий-ижтимоий реабилитация; кундузги қатнов асосида қараб туриш; шахсий ёрдамчи хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилади.
* * *
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади.
* * *
Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг электрон навбат тизими жорий этилади.
* * *
Таълим ташкилотларидаги Ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари – ҳарбий чақириққача тайёргарлик раҳбари лавозими тугатилиб, штат бирликлари Мудофаа вазирлигига ўтказилади ва ушбу штат бирликлари ҳисобидан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик (ЧҚБТ) раҳбари лавозими жорий этилади.
* * *
Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади ва ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан:
Транспорт воситаларидан фойдаланишда йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳолатларини ҳар қандай махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга;
шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07.00 дан 21.00 га қадар амалга оширишга (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) йўл қўйилмайди.
* * *
«Камбағал оилалар реестри» ахборот модулига киритилган камбағал оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматларнинг харидини чакана савдо объектларида амалга оширганда ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказганда, уларнинг банк карталарига ҳар ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси республика бюджетидан қайтарилади.
* * *
Молиялаштириш манбаларидан қатъи назар (бюджет, халқаро молия институтлари, давлат-хусусий шериклик, хусусий ва бошқа манбалар) қурилишда техник шартлар олиниши талаб қилинадиган бино-иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда ушбу объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида биноларнинг ўз эҳтиёжлари учун қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари (қуёш панеллари ва шу кабилар) ва муқобил иссиқлик тизимлари (гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари ва шу кабилар) ҳамда энергия тежовчи ускуналарни мажбурий ўрнатиш талаби киритилади;
марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ҳамда мавжудларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича барча лойиҳаларда ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимини жорий этиш назарда тутилади;
кўп квартирали уй-жойлар ва биноларнинг ички иссиқлик ва иссиқ сув тарқатувчи тизимларининг қурилиши, иншоотлар ва тармоқларда ҳисоблагичларнинг тўлиқ ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади;
қурилиш ва модернизация қилиш лойиҳалари амалга ошириладиган барча ижтимоий соҳа муассасаларида мажбурий тартибда доимий иссиқ сув билан таъминланадиган тежамкор санитария-гигиена хоналари, қўл ювиш жойлари ҳамда спорт залларида душ қабул қилиш хоналари техник жиҳатдан фойдаланишга қулай тарзда ташкил қилинади;
қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар доирасида иссиқлик қозонхона қувватларини белгилашда ҳудуддаги барча кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа муассасалари ва маъмурий бинолар ҳамда саноат ва хусусий секторларнинг тўлиқ қамраб олиниши назарда тутилади;
марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд ҳудудларда янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойлар, маъмурий бинолар, ижтимоий соҳа муассасалари, саноат ва тадбиркорлик субъектлари бино ва иншоотларининг иссиқлик тармоқларига уланиши мажбурий ҳисобланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.
