Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 майдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Мамлакатда янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизимини жорий қилиш ҳамда илм-фанни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида:
олимлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат илмий дастурлари доирасида бажарилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар натижасида яратилган ишланмалар бўйича тажриба-синов ишлари учун кетадиган харажатларнинг бир қисмини Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Хорижий тиллар бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга ёшларга олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очиш учун олти ойлик имтиёзли давр билан уч йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 320 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда бериш тартиби 30 ёшдан ошган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
* * *
Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар бўйича назорат вақти режими ўрнатилади, бунда кўриб чиқилиши белгиланган муддатдан ўтган мурожаатлар ижро учун автоматик равишда юқори турувчи давлат органига ўтади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ахборот тизимида мурожаатларни қабул қилишда улар «шошилинч», «одатий», «маслаҳат талаб қилувчи» тоифаларига ажратиш амалиёти йўлга қўйилади, назоратга қайтарилган мурожаатлар уч иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади;
аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатида, ҳокимлар ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини эса тегишлича Сенатда ёки маҳаллий кенгашларда ҳар чоракда камида бир марта эшитиб бориш тартиби жорий қилинади;
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ҳудудда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ёритади, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларнинг кўриб чиқилишига оид эътирозларни ўрганиб боради ва бу улар фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичларида акс эттирилади.
* * *
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар алоҳида йирик битимларни амалга ошириш, айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилади.
* * *
Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида:
ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида «Автомобилсиз кун», «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ўтказиб борилади. Бунда:
мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.
* * *
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
стандарт ва техник регламент ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини халқаро талаблар асосида ташкил этиш мақсадида ҳар қандай даражадаги стандартлардан фойдаланишга ихтиёрий тус берилади, халқаро (минтақавий, хорижий) стандартларни республика ҳудудида қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилади ҳамда стандартларнинг расмий рўйхати миллий стандартлар даражасида шакллантирилади.
* * *
Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.
Ташқи савдога оид нотариф тартиботларни белгилашнинг қуйидаги шаффоф механизми жорий этилади:
тақиқ ва чекловлар реестри юритилади, улар ўрнатилишидан камида уч ой олдин «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида эълон қилинади;
ваколатли давлат идоралари, уларнинг қуйи ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ҳар бир турдаги хизматлар учун йиғимлар (тўловлар) миқдори ва калькуляцияси «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида эълон қилинади;
мазкур талабларга риоя этилмасдан ўрнатилган тақиқ ва чекловлар, йиғимлар ижрога қаратилмайди.
* * *
Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
архив хизматларини кўрсатишда – талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказишда тегишли архив муассасаси ёки ташкилот раҳбарининг тавсия хати;
мавзули сўровлар тўғрисида маълумотнома беришда сўралаётган ҳужжатнинг нусхаси;
давлат мулки бўлган архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини, шунингдек, Миллий архив фондининг нодавлат қисмига киритилган архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома беришда архив ҳужжатларини тасарруфдан чиқариш ёки бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш шаклини тасдиқловчи ҳужжатлар;
тижорат ташкилоти ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома талаб қилиш бекор қилинади.
* * *
Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
барча турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади ҳамда фақат «Лицензия» ахборот тизими ёки Ягона портал орқали амалга оширилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари мустасно.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида уларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун харажатлар (солиқ, коммунал тўловлар, транзакцион операциялар ва бошқа ижобий кўрсаткичлар бўйича маълумотлар)ни, товар айланмаси, экспорт операциялари каби давлат органлари ва хусусий сектор вакилларининг маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар орқали муқобил скоринг қилиш тизими жорий қилинади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида:
аскарларни касбга ўқитишга жалб этилган педагогларга машғулотларни ўтказганлик учун соатбай асосида иш ҳақи тўланади;
аскарларни улар танлаган касблар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.
* * *
«Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида:
«10 минг қадам пиёда» тажрибаси қайта тикланади ҳамда «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолияти йўлга қўйилади.
Табиатни муҳофаза қилиш соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган ёшлар ҳамда экоаълочи мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида қуйидаги даражаларда «Ёш эколог» кўкрак нишони таъсис этилади:
мактаб ўқувчилари ўртасида III даражали «Ёш эколог»;
техникум ўқувчилари ва олий таълим ташкилотлари талаба-ёшлари ўртасида II даражали «Ёш эколог»;
халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар ўртасида I даражали «Ёш эколог».
* * *
Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
янги қуриладиган кўп квартирали уйларнинг лойиҳа ҳужжатларида ҳар бир подъездга, лифтларга ва туташ ҳудудга кузатув камералари, шунингдек, кириш эшикларига домофон комплекслари ўрнатиш назарда тутилади.
* * *
Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида:
халқаро дастурлар («Stent for Life» ва «Action Plan for Stroke») асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури тегишли иловага мувофиқ ҳудудларда босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.
* * *
Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида:
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визалари амал қилиш муддатини бир маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.
* * *
Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида:
таълим кредитини олиш учун аризалар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Таълим кредити» ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали тақдим этилади.
* * *
Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
ногиронликни белгилаш (болаликдан ногиронлиги бўлган, I ва II гуруҳ ногиронлари) бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида иш жараёнларини рақамлаштириш доирасида қоғоздан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида келгуси беш йил давомида харажатлар сметасини тузиш жараёнида қоғоз, сиёҳ, принтер ва нусха кўчириш ускуналарини харид қилиш харажатлари миқдори ҳар йили 15 фоизга камайтирилган ҳолда режалаштирилади.
* * *
«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
«Умра» тадбирига олиб бориш «Ҳаж» ва «Умра» ягона порталида мажбурий рўйхатга олиш орқали амалга оширилади. Зиёратчилар тўғрисидаги маълумотларни Порталга киритмасдан ушбу тадбирларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.