Қашқадарё газетаси Жамият 1 МАРТДАН АМАЛДА
Жамият

1 МАРТДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 мартдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида:

давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль ишга туширилади.

* * *

2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида:

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслари) учун «меҳрли оила» хизмати ташкил этилади.

* * *

Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда – божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади;

божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобламаслик амалиёти жорий этилади.

* * *

Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

давлат органларида бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашда қуйидагиларни назарда тутувчи янгича тизим жорий этилади, унга кўра давлат фуқаролик хизматида мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар «vacancy.gov.uz» электрон платформасида эълон қилинади;

фуқароларга ўзларига маъқул келадиган мутахассислик, лавозим ва иш ҳақига оид талабларни белгилаган ҳолда «vacancy.gov.uz» электрон платформасида «иш қидирувчи» мақомида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади;

«vacancy.gov.uz» электрон платформасида рўйхатдан ўтган ва давлат фуқаролик хизматига кириш бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтган фуқаролар ушбу платформада мавжуд бўш иш ўринларига даъвогарлик қилиши мумкин бўлади;

танловнинг қўшимча босқичи сифатида ўтказиладиган соҳавий билимларни баҳолаш бўйича тест синовлари давлат органларининг буюртмаларига мувофиқ Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳузуридаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан шартнома асосида ўтказилади;

давлат органлари бўш давлат фуқаролик хизмати лавозимларига номзодларни «vacancy.gov.uz» электрон платформасида рўйхатдан ўтган ва қизиқиш билдирган фуқаролар орасидан танлов асосида саралаб олади.

* * *

Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлашда давлат назорати ва бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги томонидан ҳудудларда қурилиш ишлари амалга оширилаётган қурилиш майдонлари устидан доимий кузатув олиб борилади.

* * *

Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

қуйидаги архив хизматларини кўрсатиш муддатлари – архив ҳужжатлари ёки уларнинг кўчирма нусхаларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш учун рухсатнома бериш муддати 15 иш кунидан 5 иш кунигача; яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш муддати 20 иш кунидан 10 иш кунигача; олий ва ўрта-махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш муддати 5 иш кунидан 2 иш кунигача; архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) муддати 3 иш кунидан 1 иш кунигача қисқартирилади.

* * *

Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида:

лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга жарима қўлланилганда, уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади.

* * *

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

босқичма-босқич автомобиль ва темирйўл кўприклари ҳамда ерости ва ерусти туннелларининг зилзилабардошлигини онлайн мониторинг қилиш;

бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлик бўйича техник ҳолатини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш;

республикада йиллар давомида содир бўлган зилзила ёзувларини (очиқ катта ҳажмдаги маълумотларни) сунъий интеллект ёрдамида қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали келажакда зилзила бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаш ҳамда зилзиланинг бино ва иншоотларга таъсирини баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида:

«маҳалла еттилиги» хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилади;

 оғир тоифадаги туманларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратиб борилади;

хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси   туман ва шаҳар ҳокими томонидан лавозимга  тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлашда тасдиқланган норасмий бандлик, ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан паст ойлик иш ҳақларининг ҳисобланиши ҳолатлари балларни камайтирувчи қўшимча мезон сифатида белгиланади.

* * *

Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:

кўп квартирали уйларнинг техник кўрсаткичлари, ҳолати, туташ ер участкалари, электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви истеъмоли, инфратузилмасини яхшилаш учун ажратилган ва сарфланган маблағларнинг ҳисоб-китобини юритиш имконини берувчи «Менинг уйим» АБТда «Тураржой» ахборот бўлими ишга туширилади.

* * *

Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида:

республика тиббиёт марказлари мутахассислари ҳамда хорижий экспертлардан иборат таркибда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилади.

* * *

Тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва тегишли хусусий хизматларни тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиш бўйича «Бизнес ҳамроҳ» лойиҳаси амалга оширилади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида:

туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади;

меҳмонхоналарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади;

нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар ўтказган ҳолда Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фильмларнинг бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикаси туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ўз павильонларида ёки компьютер графикаси ёрдамида) учун ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан озод қилиш тарзида имтиёз бериш билан боғлиқ барча қонунчилик ҳужжатлари ва ҳуқуқий кучга эга кўрсатмалар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда ушбу масалада имтиёз бериш фақат қонун орқали амалга оширилади.

* * *

Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

рақамли маркировка тизими жорий қилинган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, уларнинг савдоси ушбу тизим орқали автоматик равишда чекланади.

* * *

Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

ўз фаолиятини нотижорат ташкилот шаклида йўлга қўймаган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан суд-экспертиза тадқиқотлари ўтказилиши тақиқланади.

* * *

Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:

футбол ўйинларига чипталарни харид қилиш шахсни идентификация қилиш ҳамда матрицали штрих-код (QR код) технологияларини қўллашни назарда тутувчи махсус онлайн ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш учун ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади.

* * *

«Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида:

хулқ-атвори бузилишлари бўлмаган руҳий касаллик бўйича диспансер назоратида турувчи деменция, Паркинсон ёки Альцгеймер касаллиги ташхиси қўйилган махсус парваришга муҳтож шахслар учун «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасидаги кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади.

* * *

Чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

CEFR мезонларига мувофиқ чет эл фуқаролари учун ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва B1 даражалари бўйича малака сертификатини бериш учун имтиҳонлар жорий этилади.

* * *

Дафн этиш ишларини ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада самарали назорат қилиш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:

вафот этган шахснинг ўлими қайд этилгандан сўнг реал вақт режимида унинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига ўлим қайд этилгани ҳақида QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома бепул юборилади (ҳужжатнинг қоғоз шаклига қўшимча равишда);

ўлим қайд этилгани ҳақида QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади;

ФҲДЁ органларидан ўлим қайд этилгани ҳақида гербли гувоҳномани олиш юзасидан тиббиёт муассасасида электрон буюртма, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн ариза бериш имкониятлари яратилади. Бунда гербли гувоҳнома манфаатдор шахс буюртма қилган манзилга почта алоқаси орқали етказиб берилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Exit mobile version