Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар ҳақида хабардор қилиб боришда давом этамиз. Бу гал 2026 йил 1 ноябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) ҳамда Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига (ТГНҲАТ) уланган, масофадан ўчириш (ёқиш) имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгиланади (охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно);
электр энергияси ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинади;
истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон тузиш орқали уларни қоғозда расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
* * *
Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида:
Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 1281 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов фақат прокуратура органлари томонидан амалга оширилади;
вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатлари қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида прокурор томонидан қарор қабул қилинганидан сўнг судга юборилади.
* * *
Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида:
ташкилотлар, шу жумладан, нодавлат архивлар ўзларида сақланаётган архив ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни давлат архивларига Архив ахборот тизими орқали онлайн тақдим этади;
давлат архивларининг жамлаш манбалари бўлган ташкилотларга нодавлат архивлар томонидан пулли хизматлар кўрсатишда давлат архивининг розилигини олиш амалиёти бекор қилинади;
давлат архивлари ўқув заллари фойдаланувчиларига архив ҳужжатларини вақтинча фойдаланишга бериш муддати икки ойгача узайтирилади.
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Илғор «яшил» технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
2030 йил 1 апрелга қадар иссиқлик энергиясини тежовчи махсус қоплама «кўрпа» билан қопланган ва (ёки) энергия самарадор ва экологик тоза «яшил» иситиш воситаларидан (иссиқлик насослари, геотермал иситиш тизимлари, қуёш иссиқлик тизимлари, электр энергияси асосидаги юқори самарали иситиш тизимлари) фойдаланаётган иссиқхона хўжаликларига октябрь-март ойларида иссиқхона фаолияти учун истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан субсидия ажратилади.
* * *
Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида:
республикада логистика жозибадорлиги ва курьерлик жўнатмалари ҳажмини ошириш мақсадида халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун амалдаги божхона йиғими ставкаси 20 фоизга пасайтирилади.
* * *
Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида:
ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинлаш хизмати фуқаролардан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда кўрсатилади, бунда фуқарога проактив шаклда тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади;
меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда банд бўлган ҳамда бошқа умумий белгиланган ёшни қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд шахсларга имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш хизмати фуқароларнинг хоҳишига кўра, Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уларнинг мурожаатларига асосан интерактив шаклда кўрсатилади.
Пенсионерларга банк картасини очиш билан боғлиқ хизматларни фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади.
* * *
Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
«LPG-Trade» МЧЖ томонидан суюлтирилган газни биржа орқали сотиб олиб, аҳолига етказиб бериш тизими жорий қилинади. Бунда хусусий тадбиркорлик субъектлари импорт ҳисобидан ҳам аҳолига суюлтирилган газ етказиб беради;
ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ бозор тамойилларига асосан шаклланадиган биржа нархларида «LPG-Trade» МЧЖ томонидан етказиб берилади.
* * *
Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига янгича ишлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
патруллик йўналишида бўлган ички ишлар органлари патруль-пост ва қўриқлаш хизматлари нарядлари томонидан «112» тизими орқали келиб тушган, нафақат жамоат жойларида, балки аҳоли яшаш хонадонларида содир этилган жиноят ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар бўйича ҳам тезкорлик билан етиб бориш амалиёти йўлга қўйилади;
жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган куч ва воситалардан комплекс фойдаланиш ва бошқариш режаси асосида патруллик йўналишлари маҳаллалардаги ички кўчаларни ҳам қамраб олади;
24/7 режимдаги гастрономик кўчаларда жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасида тузиладиган шартнома асосида патруль-пост хизмати бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
оммавий тадбирларда жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан келгуси оммавий тадбирларга киришига вақтинча чеклов қўйилади.
* * *
Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида:
мобиль алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар (иш, хизмат)ларни таклиф (реклама) қилувчи ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг ушбу ҳаракатларни (рекламани) амалга оширади;
мобиль алоқа воситаларига реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарномаларни жўнатиш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар ўзларининг ахборот тизимларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказгандан кейин тегишли хизматларни кўрсатишига йўл қўйилади;
реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини телекоммуникация тармоқлари (мобиль алоқа) орқали соат 18.00 дан 09.00 гача тарқатиш тақиқланади;
мобиль алоқа операторларига ўзлари томонидан тарқатиладиган реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини абонент сўровига кўра тўлиқ ёки қисман блоклаш мажбурияти юклатилади;
мазкур талабларга риоя этмаслик реклама ҳамда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва тегишли чоралар кўриш учун асос бўлади.
* * *
Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида:
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси томонидан мастер режаларнинг ягона электрон реестри юритилади ва уларнинг рақамлаштирилган нусхалари сақланади. Бунда рўйхатдан ўтказилмаган мастер режаларни амалга оширишга, шунингдек, улар асосида шаҳарсозлик, қурилиш, инвестиция ва бошқа фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда «ижтимоий карта» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида:
реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлик белгиланган шахсларни мазкур воситалар билан таъминлаш уларнинг ижтимоий карталарига харид қилиш учун маблағларни ўтказиб бериш орқали амалга оширилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.