Қашқадарё газетаси Жамият 1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА
Жамият

1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 октябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) рўйхатига (23.08.2025 йилга қадар) киритилган тартибга солувчи органлар (WНO Listed Authorities);

ЖССТнинг Глобал таққослаш воситаси (Global Benchmarking Tool) бўйича етукликнинг 4-даражасидаги (Maturity Level 4) тартибга солувчи органлар томонидан рўйхатдан ўтказилган дори воситалари Ўзбекистон Республикасида тан олиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилади.

* * *

  • Ижро интизоми тўғрисидаги тегишли маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, Адлия вазирлигининг веб-саҳифаларига жойлаштириб, ҳар ойда маълумотларни янгилаб бориш амалиёти йўлга қўйилади;

ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат ҳужжатлари ижроси ҳолати бўйича кенг жамоатчиликка ҳисобот бериши тартиби жорий қилинади.

  • Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижроси бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш «ijro.gov.uz» тизими орқали амалга оширилади.

* * *

Давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш «hrm.argos.uz» электрон тизими таркибидаги «Xizmat safari» ягона модули орқали амалга оширилади. Бунда: хизмат сафари режаси ва натижалари, географияси, ходимлар сони ҳамда харажатларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади;

хизмат сафарларининг муайян давлат органининг фаолияти самарадорлигига бевосита, оралиқ ва якуний таъсири мониторинг қилиб борилади;

давлат хизматчилари ҳар бир хорижий хизмат сафарлари якунлари бўйича ҳисобот топширади ҳамда ҳисобот асосида хизмат сафарининг самарадорлиги баҳолаб борилади.

* * *

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини ошириш, «Яшил макон» электрон платформасида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга қаратилган аҳоли ташаббуси билан дарахт экилиши мумкин бўлган аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), кўча, ер участкасининг координаталари), сув таъминоти, кейинчалик парвариш қилиш имконияти ва дарахтларнинг турларини кўрсатиш;

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка «ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш» тамойили асосида онлайн етказиш;

дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома бериш юзасидан мурожаат қилган шахс тўғрисида маълумот, кўчирилиши ёки кесилиши таклиф этилаётган дарахт ва кўчириш (кесиш) сабаби, аниқ манзили, жойлашуви, фото- ва видеотасвирларини акс эттириш;

ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар томонидан компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизимини жорий қилиш;

дарахтларни қонунга хилоф равишда кесган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳуқуқбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича «Яшил макон» электрон платформасига доимий равишда маълумотлар киритиб бориш механизмлари жорий қилинади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида давлат хизматидаги раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар жорий этилади.

* * *

Эгасиз кўчмас мулк объектларини давлат мулки объекти сифатида давлат рўйхатига олиш бўйича мурожаатлар тегишли судга Давлат активлари агентлиги томонидан киритилади.

* * *

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади.

* * *

  • Энергетика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари ва кимё саноатида экологик нормативларни индивидуал белгилаш усули ўрнига тармоқ усулини қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.
  • Давлат хизматлари кўрсатилишида қоғоз шаклидаги ҳужжатлар айланмасининг тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши таъминланади.

Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ

Маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича «Ҳар бир маҳаллада футбол майдони» дастури жорий этилади.

* * *

2026 йил 1 октябрга қадар инвестиция платформаларидан «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимида қимматли қоғозларни жойлаштириш ва сотиб олишда; венчур ва пай фондларини молиялаштиришда; коммандит ширкатларга ҳисса киритишда фойдаланишга рухсат берилади.

* * *

Давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ Халқ банки томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ кўрсатиладиган хизматларни фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади.

* * *

Электрон кооперация портали ва давлат харидлари электрон тизимлари операторларининг «Миллий дўкон» саҳифаларида фақатгина маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган мебель маҳсулотларини жойлаштириш ва савдоларда ушбу сертификатга эга тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишига рухсат берилади. Бунда мазкур тартиб корпоратив буюртмачилар томонидан тижорат мақсадларида қайта сотиш ёки шу мақсадларда товарлардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмайди.

* * *

Товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан

Исталган ҳарф ва рақамлар комбинациясига эга бўлган давлат рақами белгилари бериш учун ягона оширилган тўлов миқдори «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади;

«Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» давлат рақами белгиларининг аукцион савдоларини тўхтатади.

* * *

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига, юридик шахсларга жамоат эҳтиёжлари, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ҳамда ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун ер  участкалари берилганда (сотилганда), ушбу маълумотлар ер участкаларига ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларда акс эттирилиши шарт.

* * *

Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ўзига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ бўлган, давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) мавсумий умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тизими амалиётга жорий этилади.

* * *

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб фаолият турларининг экологик оқибатлари тўғрисидаги баёнотдан кейинги босқичларда экологик норматив лойиҳаларини давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун ушбу фаолият турларининг технологик жараёнлари амалдаги «Яшил сертификат»га эга бўлиши;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотга мувофиқлик сертификати берилиши учун ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг амалдаги «Яшил сертификати» мавжуд бўлиши мажбурий ҳисобланади.

* * *

Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқароларга нақд пул шаклида бериладиган субсидия, грант ва ссудалар босқичма-босқич ижтимоий карта орқали тақдим этилади.

* * *

«Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали фойдаланувчиларни идентификация қилиш тизими доирасида «Ижтимоий карта» АТнинг идентификация қилиш тизими жорий этилади.

* * *

Двигателининг иш ҳажми 25 см3 ва ундан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, бироқ 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги  соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситалари (мопед ва скутерлар)ни бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Exit mobile version