Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2025 йил 1 сентябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг тегишли фармонларига асосан
Иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:
бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.
Ходимлари сони 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга ЯММТда биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштиришга рухсат берилади.
Давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади;
«Хавфни таҳлил этиш» тизимининг таҳлил натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга татбиқ этилмайди.
* * *
Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомига масъул таркибий бўлинмалар алоҳида тузилма сифатида бевосита биринчи раҳбарлар бўйсунувига ўтказилади.
* * *
Давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича «Давлат хизматчиси» мобил иловаси ишга туширилади.
* * *
2028 йил 1 январга қадар ҳар йил ажратиладиган 50 миллиард сўм маблағ доирасида Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан:
меҳмонхона, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган аудиовизуал маҳсулотлар (видеофильм, видеоролик, клип ва аниме роликлар) яратиш ва тарғиб қилиш харажатларининг 50 фоизи, лекин 50 миллион сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади;
Туризм қўмитаси томонидан белгиланган етакчи хорижий давлатларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ҳар йили 50 та ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанлар ташкил этилганда – фаолиятни йўлга қўйиш учун рўйхатдан ўтиш ёки рухсатнома олиш, ижара, дизайн, зарур ускуна ва анжомларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи, бироқ 25 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда бир марталик;
таомлар тайёрлаш учун бир йилда 300 килограмм маҳсулотни Ўзбекистондан етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта тадбиркорлик субъекти учун 100 миллион сўмгача миқдорда субсидияланади;
жойлаштириш воситалари, йирик савдо мажмуалари ва умумий овқатланиш шохобчалари томонидан ўзларининг ҳудудларида замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) ташкил этиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади (дастлабки 100 та бассейн учун).
* * *
Умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод этилади.
* * *
Ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти жорий қилинади. Бунда QR-кодли паспорт орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари (эскиз лойиҳалари) ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
* * *
Ўтказиш пунктларида ундириладиган барча турдаги йиғим ва тўловлар божхона органларининг ахборот тизими орқали ундирилади ва ҳисоби юритилади.
«Ғишткўприк», «Зангиота» ва «Довут ота» ўтказиш пунктларида автотранспорт воситалари учун икки йўлакли хавфларни бошқариш тамойилларига асосланган давлат назорат тартиботини қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
Қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берувчи кичик ва ўрта бизнес субъектларининг фаолиятини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви ўтказилмайди:
охирги уч йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган;
бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган;
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст даражада таснифланган.
* * *
Умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга;
умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга;
I ва II гуруҳга кирувчи мактабгача таълим ташкилоти директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари тегишлича III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштириш орқали оширилади.
* * *
«Аёллар дафтари» жамғармалари орқали тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ўрнига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган нафақалар тўланади. Бунда тегишли нафақаларни тайинлаш ва тўлаш учун 6 ой муддат давомида Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзоларининг бандлиги таъминланганлиги ҳолати инобатга олинмайди.
* * *
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун тасдиқланган квоталар ҳамда ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномаларни электрон аукцион орқали бериш тартиби жорий этилади.
Тадбиркорлик субъектларини «яшил тадбиркор» сифатида эътироф этиш юзасидан платформа ишга туширилади. «Яшил тадбиркор» мақомини олган тадбиркорлик субъектларига «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик бериш; муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этиш; халқаро бозорларга чиқишга кўмаклашиш; тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш кўринишида қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланади.
Туман (шаҳар) даражасида экологик паспортлар ва экологик мастер режалар ҳамда ҳудудларнинг экологик рейтингини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш амалиёти жорий этилади.
* * *
Давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида электрон шаклда тузилади.
* * *
Президентнинг тегишли қарорларига мувофиқ
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда аниқ техник параметрлар асосида шакллантириладиган рўйхат бўйича республика ҳудудига олиб кириладиган полиэтилен гранулалари учун акциз солиғи 2028 йил 1 январга қадар ноль ставкада қўлланади.
* * *
Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясига хорижда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларининг, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, асиллик даражасини текшириш ва тамғалаш ман этилади.
Якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади;
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида «Soliq» мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.
Божхона чегараси орқали олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмларини божхона тўловларини амалга ошириш ва божхона юк декларациясини тўлдириш орқали декларация қилишга рухсат берилади.
* * *
Даъво аризаси бўйича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан юз бараваригача, жисмоний шахсларга нисбатан эллик бараваригача оширилади.
* * *
Спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида спорт иншоотлари реестрини юритиш тартиби жорий этилади;
ушбу реестрга киритилмаган спорт иншоотларида расмий спорт мусобақалари ўтказилмайди;
ҳудудларда Спорт вазирлиги тизимидаги спорт иншоотларида жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид бўлмаган тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди.
* * *
Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ якунлаган, 11-синфни тугатган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага эга бўлган битирувчиларга «Баркамол авлод» болалар мактабларида тўгарак раҳбари сифатида ишлаш ҳуқуқи берилади;
маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасаларнинг ўқув дастури доирасида психология ва педагогика фанларини ўрганган мусиқа йўналиши битирувчиларига мактабларда мусиқа маданияти фанини ўқитишга рухсат берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига биноан
Камбағал оилалар реестрига киритилган ёлғиз она (ота)ларга фарзанди учун мактабгача таълим хизматидан фойдаланишда моддий ёрдам олиш бўйича «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан мурожаат қилиш имконияти яратилади.
* * *
Ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобиль радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда «Радар» йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади.
* * *
Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.
* * *
Сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш;
республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш;
йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш;
автобус, авиа ва темир йўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш;
халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини берувчи платформа синов тариқасида ишга туширилади.
* * *
Менежерлик сертификатига эга бўлган давлат мактабгача таълим ташкилоти директорига ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик 30 фоиз қўшимча устамалар тўланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.